Қалам аҳли қадрланмоқда: "Энг улуғ, энг азиз" танлови ғолиблари тақдирланди
Қалам аҳли ёзган ҳар бир сатр, яратган ҳар бир асар нафақат бугуннинг манзарасини чизади. Унда халқнинг дарди, жамиятдаги муаммолар, ватанпарварлик, фидокорлик каби туйғулар ўз ифодасини топади. Ўзбекистонда ижодкорлар меҳнатини қадрлаш, уларнинг юртимиз тараққиётига қўшган ҳиссасини эътироф этиш мақсадида турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Шундай тадбирлардан бири, "Энг улуғ, энг азиз" кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда журналистлар, шоир ва ёзувчилар, ижод аҳли ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Танловнинг республика босқичига 7 та номинация бўйича 366 нафар ижодкор томонидан 1900 дан ортиқ ижодий ишлар тақдим этилган.
Қатнашувчиларнинг ишлари мавзунинг долзарблиги, "Янги Ўзбекистон" ғоясининг ифодаси, таҳлили, асарнинг бадиий қиммати, мустақиллик ғоясининг акс этиши ва ўзига хослиги каби меъзонлар асосида саралаб олинди.
– Танловга тақдим этилган ижодий ишлар ранг-баранг ва турли жанрларда яратилган. Уларда мустақиллик йиллари, айниқса, сўнгги 8-9 йил ичида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида қўйилаётган қадамлар ўз аксини топган. Шунингдек, жамиятдаги ютуқ ва муаммолар, олдинда турган муҳим вазифалар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари ҳам ижодкорлар нигоҳидан четда қолмаган, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Холмурод Салимов.
"Энг улуғ, энг азиз" танловининг "Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари" номинацияси бўйича "Фермер иқтисодий-ижтимоий журнали" бўлим бош муҳаррири Улуғбек Жумаев 3-ўринни, "Халқ сўзи" газетаси Маънавият бўлими ходими Нурилла Остон 2-ўринни, Журналистлар уюшмаси аъзоси Ҳаким Сатторий эса фахрли 1-ўринни эгаллади.
Тадбир ғолиблари пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Бундай эътироф ўз ишининг устаси бўлган ижодкорлар учун катта қўллов ва ишонч демакдир.
Диёра Равшанова
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0