Ўзбекистоннинг технология соҳасига 250 минг доллар сармоя киритдик – америкалик инвестор
Самарқандда ўтказилган C5+1 форуми доирасида АҚШнинг Plug and Play компаниясининг Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақаси бўйича бошқарувчи ҳамкори Сина Амиди Ўзбекистоннинг технологик салоҳияти, стартапларга киритилаётган инвестициялар ва янги иш ўринлари яратиш имкониятлари ҳақида фикр билдирди.

Сина Амидининг Ishonch.uz мухбирига маълум қилишича, ўзи фаолият юритаётган бизнес орқали жорий йилда Ўзбекистоннинг технология соҳасига 250 минг доллар инвестиция киритилган. Келгуси йилда сармоялар ҳажмини янада ошириш режалаштирилмоқда.
«Стартапга киритилган ҳар 60 минг доллар инвестиция ўртача битта янги технологик иш ўрни яратишга хизмат қилади. Бундай иш ўрни эса бошқа соҳаларда ҳам бандликни рағбатлантиради», – деди Сина Амиди.
Инвесторнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда технология соҳасини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Айниқса, ёшларнинг янги технологияларга қизиқиши, математика соҳасидаги илмий салоҳият ва инфратузилмага киритилаётган инвестициялар муҳим аҳамиятга эга.
«Мен дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Ўзбекистонда эса ёшларнинг ишлашга интилиши, келажакка ишончи ва технологияларга қизиқиши мени ҳайратлантирди», – деди у.
Сина Амидининг фикрича, Ўзбекистонда қайси технологик йўналишларга кўпроқ сармоя киритишни белгилашда ёшлар ва талабаларнинг ташаббусларига эътибор қаратиш зарур.
У маҳаллий стартапларнинг ривожланишига нафақат ўз компанияси, балки халқаро венчур жамғармалари ва бошқа хорижий инвесторларнинг сармоялари ҳам хизмат қилишини таъкидлади.
«Ўзбекистоннинг энг катта устунликларидан бири — ёшларининг кўплиги ва уларнинг келажакка ишончидир. Улар технологиялардан фойдаланишни яхши билади ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишга тайёр», – деди инвестор.







