АҚШдан Майами – Ўзбекистон йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов очиш масаласи муҳокама қилиняпти

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Самарқандда журналистлар саволларига жавоб берар экан, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши, сайёҳлик салоҳияти ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр билдирди.

14:29 | 19.10.2026
•
65
АҚШдан Майами – Ўзбекистон йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов очиш масаласи муҳокама қилиняпти
Катталаштириш

Рубио Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим давлатлардан бири деб атади. У мамлакат аҳолиси минтақада энг кўп экани, иқтисодиёт эса юқори суръатларда ривожланаётганини таъкидлади.

«Ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши қарийб 8 фоизга етгани ҳайратланарли. Биз бу тенденция давом этишини истаймиз. Ўзбекистонда жуда катта имкониятлар бор», – деди АҚШ давлат котиби.

У Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони ҳам ўзи кутганидан анча юқори эканини қайд этди. Шу муносабат билан АҚШдан тўғридан-тўғри авиақатновлар масаласига қизиққанини айтди.
«Мен АҚШдан тўғридан-тўғри рейслар ҳақида сўрадим. Ҳозир Майамидан тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйиш имконияти юзасидан музокаралар олиб борилмоқда», – деди Рубио.

Давлат котибининг маълум қилишича, ташриф доирасида Америка компаниялари билан аниқ тижорий келишувларга эришиш кутилмоқда. Улар ҳақида «C5+1» форуми якунида эълон қилиниши режалаштирилган.

Рубио АҚШнинг Марказий Осиёга эътибори кучаяётганини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, сўнгги 20 йил давомида минтақа Вашингтон сиёсатчилари томонидан етарлича эътиборга олинмаган.

«Бу қарашлар ўзгармоқда. Биз шунинг учун бу ердамиз. Бу ҳамкорликнинг якуни эмас, балки бошланиши. Биз янада кўпроқ иш қилишни истаймиз», – деди у.

Шунингдек, Рубио АҚШ Конгресси делегацияларининг минтақага ташрифларини кўпайтириш тарафдори эканини ва ўзи ҳам келгусида Ўзбекистонга яна келишдан умидворлигини билдирди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади