Ўқув таътили даври давомида ходим ўзининг асосий иш жойида ўз хоҳиши билан ишласа бўладими?
Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
Агар ходимга ўқув таътили берилган бўлса ва бу ҳақда буйруқ чиқарилган бўлса, ўқув таътили даврида у ишдан озод қилинган ҳисобланади. Шу сабабли ходимнинг мазкур даврда ўзининг асосий иш жойида иш бажариши қонунчиликка зид ҳисобланади.
Сабаби МК 385-моддаси 1-қисмига кўра, олий, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этган давр учун ўқув таътиллари берилади!
Бундан ташқари, МК 202-моддасига кўра, ходимга дам олиш учун эмас, балки бошқа мақсадларда бериладиган, ходимни меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этиш даврлари дам олиш вақтига кирмайди. Бундай даврлар жумласига қуйидагилар киради:
… ижтимоий таътиллар: ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, болани парваришлаш таътиллари, ўқув таътиллари ва ижодий таътиллар…
Яъни ўқув таътили даврида ходим меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади.
Шунингдек, МК 215-моддасига кўра, таътилларда бўлган даврда ходимнинг иш ўрни (лавозими) сақланиб қолади.
МК 239-моддасига кўра, барча ижтимоий таътиллар вақтида, улар қонунчиликда белгиланганлигидан ёки жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганлигидан қатъи назар, ходимнинг аввалги иш жойи (лавозими) сақланиб қолади.
Хуллас, ўқув таътили даврида ходим ўзининг асосий иш жойида ишлай олмайди!




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0