+33C

+33C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Фон мусиқаси ортидаги ҳуқуқ: нега бир қўшиқ видеонгизни блоклатиши мумкин?

Кўпчилик интернетдаги материалларни “ҳамма учун очиқ” деб ўйлайди. Натижада қўшиқ, фото, видео каби медиа маҳсулотларидан рухсатсиз фойдаланиш ҳолатлари кузатилади. Аслидачи? Ўғриланган материалларга қонунчиликда жавобгарликлар борми? Ishonch.uz мухбири ушбу мавзуни атрофлича ўрганди.
Таҳлил
95 10:03 | 08.06.2026 10:03

Бугунги даврда контент яратиш мисли кўрилмаган даражада оммалашди. Бир неча йил аввал профессионал студиялар ва оммавий ахборот воситаларининг ваколати ҳисобланган видеомаҳсулот тайёрлаш бугун оддий смартфон орқали ҳам амалга оширилади. Ижтимоий тармоқлардаги блогерлар, контент яратувчилар, тадбиркорлар ва ҳатто давлат ташкилотлари ҳам аудитория эътиборини жалб қилиш учун турли форматдаги видеоларни мунтазам эълон қилмоқда.


Бироқ контент яратиш маданияти ривожланаётган бир пайтда интеллектуал мулк, хусусан муаллифлик ҳуқуқларига риоя этиш масаласи ҳануз долзарб масала. Айниқса, видеоларда фон мусиқаларидан рухсатсиз фойдаланиш кўплаб мамлакатларда ҳуқуқий баҳслар, молиявий даъволар ва платформалар томонидан қўлланилаётган чекловларга сабаб ҳисобланади.


Дунёнинг ривожланган давлатларидан бири ҳисобланган Буюк Британия тажрибаси бу борада алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакатда муаллифлик ҳуқуқи ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам қонунчилик базаси шакллантирилган. Жумладан, 1988 йилда қабул қилинган Copyright, Designs and Patents Act муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги асосий норматив ҳужжат бўлиб, адабий, мусиқий, бадиий асарлар, компютер дастурлари, маълумотлар базалари ва бошқа ижодий маҳсулотларни ҳимоя қилади. Ушбу қонун муаллифларга ўз асарларини нусхалаш, тарқатиш, намойиш этиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш бўйича ҳуқуқлар берган.


Буюк Британияда муаллифлик ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан асар нусхаларини мусодара қилиш, йўқ қилиш, етказилган зарарни ундириш ҳамда ноқонуний фойдаланиш натижасида олинган даромадларни қайтариш каби чоралар қўлланилиши мумкин. Бу эса ижодий меҳнат маҳсулининг иқтисодий қийматини ҳимоя қилишга хизмат қилади.


Медиа макон кенгайгани сари қонунчилик ҳам замон билан ҳамнафас ривожланиб бормоқда. Хусусан, Copyright and Related Rights Regulations 2003 ҳужжати интернет ва рақамли платформаларда муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтирган. Натижада интернетда мусиқа, филм ёки бошқа муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган материалларни рухсатсиз тарқатиш янада қатъий назорат остига.


Аслида фон мусиқаси сифатида ишлатилаётган композициялар ҳам тўлақонли муаллифлик ҳуқуқи обекти ҳисобланади. Кўпчилик видеонинг асосий мазмуни бошқа бўлгани учун фон сифатида қўйилган мусиқа қонуний муаммолар туғдирмайди, деб ўйлайди. Лекин, аксарият давлатлар қонунчилигида мусиқий асардан фойдаланиш учун муаллиф ёки ҳуқуқ эгасининг розилиги талаб этилади. Бу қоида мусиқанинг тўлиқ ёки қисқа парчаси ишлатилишидан қатъи назар амал қилади.


Бугунги кунда YouTube, Facebook, Instagram, TikTok каби йирик платформалар ҳам муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қатъий сиёсат юритмоқда. Айниқса, YouTube’нинг Cоntent ID тизими муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган аудио ва видеоматериалларни автоматик аниқлаш имконини беради. Натижада рухсатсиз ишлатилган мусиқа сабаб видео блокланиши, монетизация ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.


Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш масаласига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилди, халқаро конвенсиялар билан уйғунлаштириш ишлари олиб борилди, Интеллектуал мулк агентлиги фаолияти ривожлантирилди ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизимлари кучайтирилди.


Шу билан бирга, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий саводхонлиги ҳали ҳам етарли даражада шаклланган деб бўлмайди. Кўпчилик интернетдаги материаллар “ҳамма учун очиқ” деган нотўғри қарашга эга. Натижада қўшиқ, фото, видео ёки график материаллардан рухсатсиз фойдаланиш ҳолатлари учраб туради.


Айниқса, ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган айрим блогерлар ва контент яратувчилар муаллифлик ҳуқуқи талаблари билан етарлича таниш эмас. Ваҳоланки, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш фақат ҳуқуқий мажбурият эмас, балки ижодкор меҳнатига ҳурмат масаласи ҳамдир.


Мусиқачи, ёзувчи, дастурчи ёки рассом томонидан яратилган маҳсулот ортида вақт, билим ва анчагина меҳнат мужассам. Ушбу меҳнатнинг қонуний ҳимояси эса ижодкорлик ривожланишининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.


Рақамли иқтисодиёт ва контент тизими жадал ривожланаётган бугунги даврда муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда муҳим қадамлар ташланмоқда. Бироқ қонунчиликни такомиллаштириш билан бир қаторда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш, айниқса ёшлар ҳамда контент яратувчилар ўртасида муаллифлик ҳуқуқи масалаларини кенг тарғиб қилиш зарур. Зеро, фон мусиқаси бўладими ёки тўлиқ асарми ҳар қандай ижод маҳсули қонун ҳимоясида. Уни ҳурмат қилиш эса нафақат ҳуқуқий, балки маданий ва ахлоқий масъулият ҳамдир.



Дилдора ДЎСМАТОВА
Ishonch.uz



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Таҳлил