+33C

+33C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Ўқув йили тугади: талабаларнинг қанчаси ишга жойлашмоқда?

Олийгоҳларни битираётган юз минглаб ёшлар учун диплом муҳим ҳужжат ҳисобланади. Аммо меҳнат бозорида унинг ўзи етарлими? 2026 йилда 320 минг нафар битирувчи меҳнат бозорига кириб келади. Давлат янги дастурлар орқали уларнинг бандлигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Бироқ иш ўринлари сони, таълим сифати ва бозор эҳтиёжлари ўртасидаги номутаносиблик ҳануз долзарблигича қолмоқда.
Жамият
59 15:37 | 12.06.2026 15:37

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим тизими жадал кенгайди. Давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сонининг ортиши, қабул квоталарининг кенгайиши натижасида ҳар йили меҳнат бозорига юз минглаб янги мутахассислар кириб келмоқда. Бу эса, бир томондан, олий маълумотли кадрлар сонининг кўпайишига хизмат қилаётган бўлса, иккинчи томондан, уларни иш билан таъминлаш масаласини янада долзарб муаммога айлантирмоқда.

Битирувчилар бандлигини таъминлаш бугун давлат сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бирига айланган. Шу мақсадда Президент қарори билан “Келажакка қадам” дастури йўлга қўйилди. Дастур ёшларни ишга жойлаштириш, амалиёт ўташларига кўмаклашиш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йилда республика олий таълим муассасаларини 320 минг нафар талаба битириши кутилмоқда. Улар орасида иш излаётган, ўз бизнесини бошлашни режалаштираётган ёки касбий фаолиятини энди бошлаётган ёшлар сони ҳам салмоқли.
“Келажакка қадам” дастури доирасида 2025 йилда 6 мингдан ортиқ тадбиркорлик лойиҳаси учун 378 миллиард сўм маблағ ажратилди ва натижада қарийб 8 минг нафар битирувчининг бандлиги таъминланди. Жорий йилда эса 8 мингдан зиёд лойиҳани молиялаштириш учун 500 миллиард сўм маблағ йўналтириш ҳамда 10 мингга яқин ёшнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Бироқ рақамлардан кўриниб турибдики, давлат томонидан кўрилаётган чоралар муҳим бўлса-да, меҳнат бозорига кириб келаётган битирувчилар сони анча катта. Шу боис битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласи ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда.

Журналистика йўналишида вазият қандай?

Олий таълим муассасасида фаолият юритувчи, исми ошкор этилишини истамаган ўқитувчининг айтишича, журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг тахминан 60–70 фоизи ўқишни тугатмасдан туриб иш топишга улгурмоқда. Қолган талабалар орасида амалиёт ўтаётганлар ҳам, ҳали меҳнат фаолиятини бошламаганлар ҳам мавжуд.

Унинг кузатишларига кўра, қизлар орасида оилавий сабаблар туфайли иш фаолиятини кейинга сураётганлар кўпроқ учрайди. Аксарияти турмуш қурган ёки фарзанд тарбияси билан банд. Йигитлар орасида эса деярли барчаси бирор меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда.

Бироқ муаммо фақат иш топишда эмас. Кўплаб битирувчилар мутахассислиги бўйича эмас, бошқа соҳаларда ишлашга мажбур бўлмоқда. Журналистика йўналишини тамомлаган айрим ёшлар савдо марказлари, супермаркетлар ёки логистика соҳасида фаолият юритмоқда. Бунга асосий сабаб эса иш ҳақи, меҳнат шароити ва касбий ўсиш имкониятлари билан боғлиқ.

Таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги узилиш

Мутахассисларнинг фикрича, муаммонинг илдизи меҳнат бозорини етарлича таҳлил қилмаслик билан боғлиқ. Қайси ҳудудда, қайси соҳада ва қанча мутахассисга эҳтиёж мавжудлиги бўйича аниқ прогнозлар етарли даражада ишлаб чиқилмаяпти.
Натижада айрим йўналишларда иқтисодиёт эҳтиёжидан ортиқ мутахассислар тайёрланаётган бўлса, айрим техник ва муҳандислик соҳаларида малакали кадрлар танқислиги сақланиб қолмоқда.

Таълим соҳаси вакилларининг фикрича, олий таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиши керак. Корхоналар ўз эҳтиёжларини олдиндан билдириши, университетлар эса қабул квоталарини реал талабдан келиб чиққан ҳолда шакллантириши лозим.

Талабаларнинг ишга муносабати ўзгаряптими?
Бугунги ёшларнинг меҳнат бозорига муносабати ҳам аввалги авлодларникидан сезиларли даражада фарқ қилади. Улар тажриба орттиришдан кўра, аввало меҳнатига муносиб ҳақ тўланишини истайди. Агар таклиф этилаётган иш ҳақи ёки меҳнат шароитлари уларни қониқтирмаса, бошқа соҳага ўтишни афзал кўрмоқда.


Таҳририятда фаолият юритувчи бир журналистнинг фикрича, талабалар сони ортиб бораётган бўлса-да, уларнинг барчаси ҳам танлаган соҳага қизиқмайди.
— Бир гуруҳда 17–18 нафар талаба бўлса, улардан бир ёки икки нафари журналистикага чиндан қизиқади. Қолганлари кўпинча ота-онасининг тавсияси билан ёки бошқа сабабларга кўра шу йўналишни танлаган бўлади, — дейди у.

Унинг таъкидлашича, қабул квоталарининг кенгайиши олий таълим олиш имкониятларини оширган бўлса-да, таълим сифати масаласини ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда.
Иш берувчилар нимани кутмоқда?
Бугунги меҳнат бозорида иш берувчилар нафақат диплом, балки амалий кўникмаларни ҳам талаб қилмоқда. Тажриба, масъулият, интизом ва ташаббускорлик асосий мезонларга айланмоқда.

Айниқса, журналистика каби амалий йўналишларда назарий билимнинг ўзи етарли эмас. Талаба ёзишни, таҳлил қилишни, ахборот билан ишлашни ва замонавий технологиялардан фойдаланишни амалда намоён эта олиши керак.

Мутахассислар фикрича, бугунги битирувчи инглиз тилини билиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект воситаларидан самарали фойдаланиш кўникмаларига эга бўлса, унинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги ортади.
Хориж тажрибаси нимани кўрсатмоқда?
Ривожланган давлатларда университетларнинг вазифаси фақат диплом бериш эмас, балки талабани меҳнат бозорига тайёрлаш ҳам ҳисобланади. Шу боис ишга жойлашиш жараёни кўпинча талабалик давриданоқ бошланади.

Карьера марказлари, стажировкалар, иш берувчилар ярмаркалари ва амалиёт дастурлари талабаларнинг келажакдаги фаолияти учун мустаҳкам пойдевор яратади. Иш берувчилар эса кўпроқ амалий тажриба ва портфолиога эътибор қаратади.
Бу тажриба шуни кўрсатадики, дипломнинг ўзи етарли эмас. Уни билим, кўникма ва амалий тажриба билан мустаҳкамлаш зарур.

Бугун Ўзбекистонда олий таълим қамрови кенгаймоқда, битирувчилар сони эса йил сайин ошиб бормоқда. 2026 йилда 320 минг нафар ёшнинг меҳнат бозорига кириб келиши кутилмоқда. Бу эса таълим тизими, иш берувчилар ва давлат олдига янада катта масъулият юклайди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, муаммони фақат иш ўринлари етишмаслиги билан изоҳлаб бўлмайди. Масаланинг иккинчи томони — таълим сифати, меҳнат бозори эҳтиёжларини прогноз қилиш ва талабаларнинг амалий тайёргарлигидир.
Шундай экан, мутасаддилар олдида муҳим савол турибди: олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичларини оширишдан кўзланган асосий мақсад нима — дипломлилар сонини кўпайтиришми ёки меҳнат бозори эҳтиёжларига мос, рақобатбардош мутахассислар тайёрлашми?


Феруза Раҳимова
Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 6664 16:57 | 05.08.2023