Қурилиш кўп, лекин кўчмас мулк қиммат: 10 та сабаб
Миллионлаб юртдошларимиз уй-жойни “кичик ватан” деб билади. Чунки бир умр ижарада яшаб ўтиб кетиш ўзбек менталитетига хос эмас. Ўзбек борки, тирашади, тирмашади, кичкина бўлса-да, уй-жой қилишга ҳаракат қилади. Шу сабабдан бизда уйлар, умуман, кўчмас мулк масаласи доимо долзарб. Лекин бир ёки иккита кўчмас мулкни қўлга киритиш учун йиллар, ҳатто умрлар сарф бўлади. Нега шундай?
Қуйида шахсий қарашларимиз асосида мавзуни таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.
1. Кўпчилик уй-жой нархлари ҳақида гап очилса, “инсофсиз сотувчи ва қурувчилар”дан ёзғиради. Аммо вазиятнинг эътибор қаратишимиз керак бўлган томонлари ҳам бор. Аввало, Ўзбекистон – аҳолиси шиддат билан кўпайиб бораётган, кўпайганда ҳам, уй-жойга муҳтож ёшлар қатлами улкан мамлакат. 1991 йилда мамлакатимиз аҳолиси 20 млн. киши атрофида эди (ҳозир эса 38,2 млн. атрофида). Яна 3-4 йилда нуфусимиз 40 миллиондан ошади. Бундай ўсиш суръатлари жаҳоннинг аксар давлатларида кузатилгани йўқ. Демографик ўсиш паст баъзи Европа давлатларида четроқ ҳудудларда ерлар ва уйлар деярли текинга берилаётгани ҳақида хабарлар чиқади. Ёки Россияга ўхшаш давлатларни олайлик. Узоқ Шарқ ва Сибирь ҳудудларига кўчувчилар ёки 2-3 та фарзандга эга оилалар учун арзон ипотека дастурлари мавжуд.
Бизда эса вазият бошқача. Ҳар йили 800 минг ёш меҳнат бозорига кириб келмоқда. Ерларимиз шунга яраша кенгайиб қолаётгани йўқ. Табиийки, ерлар ва қурилаётган уйлар нархи кўтарилади.
2. Иккинчи омил – ёшларнинг алоҳида яшашга интилиши. Дунё ўзгаряпти, Ўзбекистон ёшларининг фикраши, дунёқараши ҳам. Ўтган асрнинг 90-йилларигача, ҳатто аср бошида ҳам бир ҳовлида 3-4 талаб оила истиқомат қилишига табиий қараларди. Аммо ҳозир бундай эмас. Ёшлар кўпроқ алоҳида яшашни истамоқда. Ҳатто битта ўғил фарзанди бор оилаларнинг ҳам ота уйини тарк этиши ҳолатлари учрамоқда. Буни, айниқса, шаҳар ҳудудларида кузатиш мумкин.
3. Кейинги омил – ерларнинг қимматлашуви. Ушбу ҳолат Тошкент ва бошқа марказий шаҳарларда яққол сезилмоқда. Пойтахтнинг баъзи ҳудудларида бир сотих ернинг баҳоси 80-100 минг долларгача баҳоланган даврларга етиб келдик. Кузатувларга кўра, ҳатто олис вилоятлардаги қишлоқларда ҳам ер нархи ошган. Кўпқаватли уй қурмоқчи бўлган тадбиркор ерни қимматга сотиб олса, қуриладиган квартиралар ҳам шунга яраша баҳоланади. Қиммат ерлар устида ҳамёнбоп уйлар қурилишини кутиш эса на соғлом ақлга, на бозор қонуниятларига тўғри келади.
4. Тураржойлар нархига қурилиш материаллари ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Цемент, қум, ғишт, пардозлаш маҳсулотлари ҳаммага бирдек керак. Талаб юқори жойда нархнинг кўтарилиши – оддий ҳолат. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2025 йилда жами 313,8 трлн. сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 14,2 фоизга ўсган. Рақамлар 2021 йилда 130 трлн. сўмдан ошиқроқни ташкил этган. Тафовутни сезган бўлсангиз керак?
5. Қурилиш жараёнидаги коррупциявий омиллар ҳам уй-жойлар нархига таъсир қилади. Ёдингизда бўлса, 2025 йил сентябрида қурилиш қилмоқчи бўлган тадбиркор 200 минг долларгача харажат қилиши кераклиги ҳақида гапирган Усмонжон Абдусаматов иши муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ўшанда қурилиш вазирлиги унинг устидан ИИВга шикоят аризаси ҳам киритди. Аммо бу ишнинг охири нима билан тугагани ёритилмай қолди. Қурилиш соҳасидаги олди-бердилар кўп экани, қурувчилар ушбу яширин харажатларни қоплаш учун нархни кўтариши ҳам ҳеч кимга сир эмас.
6. Ипотека осонлашгани билан арзонлашмаяпти. Йиллик 25-30 фоизлик устамалар туфайли ипотека орқали сотиб олинган уйлар мижозларга 2-3 баробар қимматга тушяпти. Бугунги кунда кўпчилик, айниқса, ойлик маошга яшовчи ўрта қатлам уйлар ипотека кредити асосида харид қилмоқда. Марказий банк берган маълумотларга кўра, биргина 2025 йилнинг 9 ойи давомида аҳолига 15,1 трлн. сўм миқдорида ипотека кредити ажратилган. Кредитларнинг ошиб бориши потенциал харидорларни кўпайтириб, уй-жой нархига таъсир этмоқда.
7. Пул топганки, уй оляпти. Хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар ҳам ичкаридаги кўчмас мулк нархига бевосита таъсир қилмоқда. Чунки кўчмас мулк нисбатан хавфсиз, пассив бўлса-да, барқарор даромад келтирадиган бизнес тури саналади. Россия, Жанубий Корея, АҚШ ва Европа давлатларида ишлаётган юртдошларимиз ўз даромадини, энг аввало, уй сотиб олиш ёки қуришга, ер харид қилишга йўналтирмоқда. Биргина 2025 йилда Россиядан Ўзбекистонга қарийб 15 млрд. доллар миқдорида валюта жўнатилган. Мазкур маблағларнинг салмоқли қисми кўчмас мулк харидига ишлатилади. Муҳожирлар даромадининг ошиши ҳам уй-жой нархига таъсир қилишидан кўз юмиб бўлмайди.
8. Аср бошидан то 2016-2017 йилларга қадар Ўзбекистонда уй-жойлар қурилиши жуда суст эди. 2017 йилдан кейин катта қурилишлар бошланди. Мазкур қурилишлар тўлқини ҳозирда ҳам давом этмоқда. Тасаввур қилинг, аҳоли талаби омиллари инкор этилиб, қурилишлар тўхтатиб қўйилса ёки камайиб кетса, нима бўларди? Ким билади, Тошкентдан уй олишдан кўра, дунёнинг энг қиммат шаҳарларидан уй олиш арзонроқ бўлиб қолармиди?
9. Нотурғун иқтисодий шароитда кўчмас мулк, айниқса, квартираларни ижара бериш ортидан даромад кўриш анча тинч ва ишончли бўлиб қолди. Шу боис Ўзбекистон аҳолисининг пулдор ва ўзига тўқ қисми уй-жойларни кўпайтириш ва бунинг ортидан фойда кўришни кўзлаяпти. Бугун бир кишининг номида ўнта уй бўлса ҳам, мулк дахлсизлиги сақланади, бозор қонуниятлари ишлайди. Аввалгидек текширувлар, совет давридаги каби босимлар йўқ. Ва, асосийси, уй-жойлар нархи ҳеч қачон тушиб кетмайдиган, харидорсиз қолиб кетадиган буюм эмас. Уни истаган вақтда қиммат нархларда сотиш мумкин. Бой қатламнинг кўчмас мулкка эътибори ҳам нархларга таъсир қилиши шу омилда маълум бўлади.
10. Ва ниҳоят, сўнгги ва асосий омил – Ўзбекистон бозорининг уй-жойга ҳали тўйинмаганидир. Эътибор берган бўлсангиз, аввал талаб катта бўлган автомобиль бозорида маълум даражада тўйиниш кузатилди. Нархлар пастлади, қулай шартларда сотувлар оммалашди. Афсуски, уй-жойлар масаласида бу жараён кузатилаётгани йўқ.
Уй сотиб олиш 2010 йилда ҳам қийин эди, 2026 йилда ҳам мураккаблигича қолмоқда. Ҳатто қурилиш ишлари шиддат билан ўсиб бораётган бўлса ҳам. Биргина 2025 йилнинг январь-август ойларида 35,4 трлн. сўмлик якка тартибдаги уй-жой қуриш ишлари амалга оширилган. Лекин ресурслар муаммоси, ўсиб бораётган демография ва ўзгарувчан иқтисодий муҳит вазият ўзгаришига йўл қўймаяпти.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0