Аччиқ кузатув: автобусда ҳар учинчи йўловчи йўл ҳақини тўламаяпти
2025 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳридаги автобус ва метрополитенда нақд пул орқали йўл ҳақи тўлаш амалиёти тўхтатилди. Шаҳар ҳокимининг қарорига мувофиқ, жамоат транспортида бир марталик қатнов учун чекланган тариф 3 000 сўм этиб белгиланди. Бироқ тўлов транспорт ёки банк картаси орқали амалга оширилса, йўл ҳақи 1 700 сўм миқдорида сақланиб қолинмоқда.
Мазкур қарор электрон тўлов тизимини кенг жорий этиш, шаффофликни таъминлаш ва ортиқча нақд пул айланмасини камайтириш мақсадида қабул қилинган эди. Эндиликда автобус салонларида нақд пул қабул қилинмайди. Нақд тўлашни истаган йўловчилар эса бекатлар яқинидаги Paynet, MultiPay ёки Oson инфокиоскалари орқали бир марталик чипта харид қилиши лозим.
Транспорт назорати инспекцияси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 11 ойи давомида 19 632 та, 2026 йилнинг январ-февраль ойларида 18655 та қоидабузарлик ҳолати аниқланган. Йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига асосан БҲМнинг 10 фоизи — 41 200 сўм миқдорида жарима қўлланган. Шунга қарамай, амалиётда тўловсиз тушиб кетиш ҳолатлари ҳануз учрамоқда.
Яқинда мавзуга оид кичик кузатув ўтказдим. Университетдан чиқиб Хадра майдонигача 91-автобусда ҳаракатландим ва чиқиб-тушаётган одамларнинг тўлов қилишига эътиборимни қаратдим. Автобусда тахминан 30-40 нафар йўловчи бор эди. 10-12 та бекат давомида ҳар бир бекатда 5-6 нафардан йўловчи тушди. Шулардан автобусга чиққанда ҳам, тушганда ҳам камида 3 нафари тўловни амалга оширмади. Оддий ҳисоб-китоб қилинса, мен гувоҳи бўлган ҳолатда йўловчиларнинг қарийб 30 фоизи йўл ҳақини тўламади. Албатта бу ҳар бир инсоннинг виждонига боғлиқ, аммо вазиятни шундай қолдириб ҳам бўлмайди, назаримда. Чунки йўл транспортининг ривожланиши йўловчиларнинг йўл ҳақини ўз вақтида тўлашига ҳам боғлиқ.
Чиптачилар тизими бекор қилингач, назорат асосан камералар ва рейд тадбирларига юклатилди. Аммо камера жараённи муҳрлаши мумкин, аммо йўл ҳақини талаб қила олмайди, у бир ускуна холос.
Балки, аввалги чиптачиларни ишга қайтариш масаласини кўриб чиқиш керакдир. Фақат уларнинг вазифасини замонга мос равишда ўзгартириш лозим. Авваллари улар нақд пул йиғиш ва чипта бериш билан шуғулланган бўлса, эндиликда карта орқали тўлов амалга оширилганлигини назорат қилувчи инспектор сифатида фаолият юритса мақсадга мувофиқ бўларди.
Яъни, улар нақд пул билан ишламасдан, фақат электрон тўлов интизомини таъминлашга масъул бўлса, тизим янада самарали ишлаши мумкин. Қолаверса, тушумлар кўпайса, тизим янада ривожланади.
Зебонисо Расулова,
ЎзЖОКУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/51
0
0
0
0