Феррари билан келишмовчилик сабаб туғилган бренд: Ламборжини тарихи
Бу компаниянинг асос солиниши тарихи ўзига хос. Бир пайтлар Феррари хўжайини билан тортишиб қолган трактор компанияси эгаси ўзининг автомобил бренди – Ламборжинини ишга туширди. Натижа эса дизайни ва сифати жиҳатидан тенгсиз гўзал суперкарларнинг яратилишига олиб келди. Автомобиллар қулай, ихчам, шу билан бирга ҳашаматли ва қиммат нархларда ишлаб чиқарилди. Улар юз минглаб нусхада сотилмаса ҳам, бойлик ва обрў рамзи бўлиб қолмоқда.
Ферруччо Ламборжини Италиядаги олис қишлоқда туғилган, шунинг учун у фермерларнинг юмушларидан кўпроқ хабардор эди, ота-онаси ҳам деҳқончилик билан шуғулланарди. Лекин бола технологияга кўпроқ қизиқарди, шунинг учун унга ижод қилиш учун кичик хона берилди. У қишлоқ хўжалиги техникаси учун зарур бўлган қисмларни ясаб, ҳатто ўз техникасини лойиҳалаштирди. Ишига шу даражада берилиб кетдики, бир куни у деталь қуйиб олаётганда устахонада портлаш содир бўлди, натижада ёнғин Ламборжини фермасини деярли вайрон қилди.
Вояга етган Ферруччо университетни технология мутахассислиги бўйича тугатди ва Иккинчи жаҳон уруши пайтида механик бўлиб хизмат қилди. Шундай қилиб, унинг бутун ҳаёти технология билан боғлиқ эди, бўлажак бизнесмен буни яхши тушунарди. Фашистлар Италияси армиясида хизмат қилган вақтида асирга тушди. Урушдан кейин, 1947 йилда Британия асирлигидан уйга қайтгач, у технология соҳасида яна иш бошлади.

Урушдан кейин мамлакатда жуда кўп ҳарбий техника қолган, лекин қишлоқ хўжалиги техникаси деярли йўқ эди, чунки ҳамма нарса ҳарбий эҳтиёжларга бағишланган жуда узоқ давр ҳукм сурганди. Урушдан кўплаб танклар ва бошқа транспорт воситалари қолди, уларнинг баъзилари ҳайдашга яроқли эди, аммо улардан тинч ҳаётда фойдаланиб бўлмасди. Вазиятдан хулоса чиқарган Ламборжини қишлоқ хўжалиги техникасига зўр берди ва кейин ўзининг биринчи тракторини ишлаб чиқди. Шундай қилиб, унинг трактор компанияси пайдо бўлди ва бозорга минглаб қишлоқ хўжалиги машиналарини етказиб берди. Ферруччо нафақат технологияни тушунарди, балки спорт машиналарини ҳам яхши кўрарди. У бир нечта Феррари каби турли хил автомобилларни сотиб олди. Аммо техник ньюансларни тушунишига қарамай, уларнинг барчасидан унча кўнгли тўлмасди. Унга сўнгги Феррари 250GT автомобилининг муфтаси ёқмади ва уни яхшилаш йўлларини ҳам излаб кўрди.

Ламборжини шахсан Энцо Феррари билан машинанинг камчиликларини муҳокама қилиш ва уларни қандай тузатиш бўйича маслаҳат бериш учун учрашди. Аммо Энцо унинг маслаҳатларини совуқ кутиб олди ва машиналар ҳақида ҳеч нарса билмаслигини ва трактор ишлаб чиқарувчиси ўз иши билан шуғулланиши кераклигини айтди. Бу Ферруччони қаттиқ хафа қилди ва у ўзининг “Феррари”дан яхшироқ бўлган машинасини яратишга қарор қилди. У орзусидаги “Феррари”сини уйида қайта қурди. Камчилик кузатилган қисмларни алмаштирди, бу унинг машиналар тракторлардан унчалик фарқ қилмаслигига бўлган ишончини тасдиқлади.
Ламборжини 1963 йилда Сант-Агата Болонъезе шаҳрида, Феррари йиғиладиган завод яқинида автомобиль заводига асос солган. У илгари Энцо қўлида ишлаган ва ўн икки цилиндрли двигателни ишлаб чиққан икки муҳандисни ёллади. Шундай қилиб, ғайриоддий дизайни ва тезлиги билан машҳур бўлган спорт автомобилларини яратиш бошланди, аммо улар пойгаларда қатнашмади. Ламборжини ўз машиналари пойгаларда қатнашмаслигини эълон қилди ва ваъдасида турди.
Ламборжини тракторларидаги эмблема учбурчак шаклида бўлиб, унинг бош ҳарфларини ўз ичига олган, аммо машина учун бошқа эмблема ишлаб чиқилган. У ишончлилик, куч ва ғайратни ифодалаш учун мўлжалланган эди. Дизайн ҳимоя рамзи бўлган қалқон ва машинанинг енгилмас кучини ифодаловчи ғазабланган, мускулли буқа тасвирига асосланган эди. Компания бир неча бор қайта сотилгандан кейин ҳам эмблема ўзгаришсиз қолди. Фақат ранги ва тузилиши ўзгарди, аммо моҳияти ўзгаришсиз қолди. Спорт моделлари тезда шуҳрат қозонди. 1963 йил октябр ойида Ламборжини 350 GTV прототипи тақдим этилди, кейинги март ойида сотувга чиқарилди ва муваффақиятли бўлди. Кейин бошқа моделлар ҳам пайдо бўлди, бу компанияга катта фойда келтирди ва янгиларини ишлаб чиқишга имкон берди.
Маълумот учун: Тарихдаги энг қиммат Ламборжини модели Lamborghini Veneno Roadster (2014) ҳисобланади ва унинг нархи ким ошди савдоларда 8,3 миллион евродан ошган.

Miura Ферруччо Ламборжинининг энг муваффақиятли ва севимли моделига айланди. Аммо ҳар доимгидек, муваффақиятдан кейин нохушлик ҳам юз берди. Ламборжинининг асосий бизнеси трактор ишлаб чиқариш эди. 1972 йилда йирик шартнома имзоланди ва бу жуда катта пулга тушди. Ускуналар Жанубий Америкага жўнатилиши керак эди, аммо шартнома бекор қилинди.

Бу жиддий инқирозга олиб келди ва Ферруччо трактор бизнесидаги улушларининг деярли ярмини сотишга мажбур бўлди. Автомобил ишлаб чиқариш яхши кетаётган эди, савдо ўсиб борарди, лекин 1973 йилда Ламборжини ўзи асос солган автомобиль компаниясини сотди. У деярли ҳаётини ўзгартириб, 740 акр ер ва Ла Фиорита номли мулк сотиб олди. Дастлаб у бу мулкдан дам олиш маскани сифатида фойдаланган, аммо кейинчалик узум экиб, виночиликни бошлади. Ферруччо автомобил компаниясини сотгандан кейин ҳам бекор турмади. У гольф аравачалари ишлаб чиқаришни бошлади ва ҳатто Папа Иоанн Пол II учун ҳам биттасини ясади.
Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ва автомобил ишлаб чиқаришга турли таъсирлар Ламборжини компаниясини бир неча бор сотишга мажбур қилди. Ниҳоят AudiAG 1999 йилдан бери автосаноатда қолган охирги Ламборжини ишлаб чиқарувчиси бўлиб қолмоқда.
Янги моделлар доимий равишда такомиллаштирилиб борилди, жумладан, вертикал очиладиган эшиклар, янги кузов материаллари ва такомиллаштирилган двигателлар, ташқи кўринишини айтмаса ҳам бўлади. Дизайн ҳар доим энг яхши ва энг таниқли мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган, шунинг учун уларнинг ташқи кўриниши дурдоналарга ўхшайди.

Масалан, Countach бурчак шаклларига эга экзотик дизайнга эга янги модель эди. Кейинчалик унинг ўрнини такомиллаштирилган Diablo, кейин эса Mursielago эгаллади. Ламборжинининг биринчи йўлтанламас автомобили LM002 1986 йилда яратилди. Нисбатан митти автомобиль, “кичик” лақабли Gallardo полиция ходимлари орасида машҳур бўлди. Янги ва қиммат Sesto Elemento Gallardo асосида ишлаб чиқилган, аммо дизайн ёндашуви ўзгача эди. У 2010 йилда яратилган. Компаниянинг 50 йиллигини нишонлаш учун эса такомиллаштирилган техник хусусиятларга эга Veneno суперкари ишлаб чиқилди.
Бу жуда тезкор, юқори сифатли, чиройли ва афсонавий автомобиллар бутун дунё бўйлаб сотилади, аммо нархи қиммат бўлгани учун ҳамма ҳам уларни сотиб олишга қодир эмас. Масалан, ушбу автомобилларни Россияда 20 миллион рубль ва ундан юқори нархга сотиб олиш мумкин эди. Дастлаб, автомобиль Россияда атиги бир нечта дона сотилган, бу эса расмий дилерни савдодан воз кечишга мажбур қилган.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0