Солиқ олий мактаби фаолият бошлайди
Президентнинг “Солиқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда солиқ соҳаси учун замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлашнинг янги механизми йўлга қўйилади.
Маълум қилинишича, Президентнинг 2026 йил 19 майдаги фармони асосида Солиқ қўмитаси ҳузурида Солиқ олий мактаби ташкил этилган. Унинг таркибида Малака ошириш ва компетенцияларни ривожлантириш маркази ҳамда Солиққа оид тадқиқотлар маркази фаолият юритади.
Қарорга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Олий мактабнинг бакалавриат таълим йўналишларига қабул йўлга қўйилади. Таълим муддати камида уч йилни ташкил этади. Шунингдек, 2027/2028 ўқув йилидан магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичлари ҳам жорий этилади.
Янги таълим муассасасида солиқлар ва солиққа тортиш, рақамли солиқ маъмурчилиги, солиқ ҳуқуқи, молиявий назорат каби йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрланади.
Олий мактабни тамомлаган битирувчилар давлат намунасидаги диплом билан бир қаторда солиқ маслаҳатчиси ва аудиторлик фаолияти учун зарур бўлган малака сертификатларини олишга тайёргарликдан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатга ҳам эга бўлади.
Шунингдек, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида халқаро эътироф этилган ACCA, DipIFR, CAP/CIPA, CIA ва ACA сертификатларини қўлга киритган талабаларнинг мазкур сертификатларни олиш билан боғлиқ ўқиш харажатлари Солиқ олий мактаби томонидан қоплаб берилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0