Геосиёсий кескинлик долларга бўлган талабни оширадими?
Яқин Шарқда авж олаётган ҳарбий кескинлик фонида инвесторлар оммавий равишда АҚШ долларига мурожаат қилмоқда.
Шанба куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши қўшма ҳужуми ортидан минтақадаги можаро янада кенгайди. Натижада инвесторлар дунёдаги энг ликвид ва хавфсиз активлардан бири ҳисобланган долларга юзланмоқда. Бу эса унинг қийматини янада оширмоқда.
Йил бошидан бери энг яхши натижа кўрсатган айрим фонд бозорлари эса кескин пасайишни бошдан кечирмоқда. Масалан, жорий йилнинг дастлабки икки ойида қарийб 50 фоизга ўсган Жанубий Кореянинг KOSPI индекси икки кун ичида қарийб 20 фоизга тушиб кетди. Шу билан бирга, хусусий кредит фондларидан маблағларни қайтариб олиш ҳолатлари ҳам кескин кўпайди.
Сўнгги икки кун ичида доллар курси тахминан 2 фоизга кўтарилди, АҚШ давлат облигациялари даромадлилиги ҳам ўсди.
Доллар ўсишига нима сабаб бўлмоқда?
Satori Insights компанияси асосчиси Мэтт Кингнинг таъкидлашича, долларнинг кескин қимматлашуви иқтисодий ўсиш ёки инфляция бўйича янги прогнозлар билан боғлиқ эмас.
Бу, аввало, молиявий оқимлар билан боғлиқ ҳолат.
Унинг фикрича, сўнгги ойларда молия бозорларида ҳаддан ташқари кўп спекулятив инвестициялар тўпланиб қолган эди. Геосиёсий хавфлар кучайиши билан инвесторлар бу активлардан чиқиб, тезкор ликвидликка эга бўлган долларга ўтмоқда.
Кинг бу ҳолатни шундай изоҳлайди:
“Долларнинг қадри тушиши ҳақида қанча гапирилмасин, хавфли вазиятда инвесторлар барибир долларга эҳтиёж сезади.”
Халқаро Валюта Жамғармаси маълумотларига кўра, жаҳон валюталари захираларида доллар улуши 2000-йиллар бошидаги 70 фоиздан ортиқ кўрсаткичдан бугунги кунда 57 фоизгача тушган.
2008 йилги глобал молиявий инқироз ва 2020 йилги пандемия давридаги иқтисодий қийинчиликдан кейин халқаро молия тизими ликвидлик танқислигига қарши муайян “ҳимоя механизмлари”ни шакллантирди.
Бироқ сўнгги йилларда геосиёсий вазият кескин ўзгармоқда. Бу эса глобал инвестиция муҳитини анча хавфли ҳудудга айлантирмоқда.
Экспертларнинг фикрича, долларга тўлиқ рақобат қила оладиган валюта йўқ.
Доллар ўрнини босадиган аниқ альтернатива мавжуд эмас. Шу боис глобал молия тизими ҳозир жуда нозик даврни бошдан кечирмоқда.
Сўнгги кунлардаги бозор яна бир ҳақиқатни намоён қилди.Жаҳон иқтисодиёти ҳали ҳам долларга муҳтож.
Халқаро ҳисоб-китоблар банки маълумотларига кўра:
• барча валюта операцияларининг 89 фоизи доллар иштирокида амалга оширилади;
• иккинчи ўринда турган евро эса 29 фоиз улушга эга.
Халқаро тўловларда доллар улуши тахминан 50 фоизни ташкил қилади. Агар евроҳудуд ичидаги тўловлар ҳам ҳисобга олинса, бу кўрсаткич 60 фоизгача етади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0