«Фориш – Нурота» йўли 2027–2032 йилларда реконструкция қилинади
Сенатор сўровига Транспорт вазири расмий жавоб берди.
Сенатор Ҳусан Эрматов томонидан «Фориш – Нурота» йўналишидаги автомобиль йўлини реконструкция қилиш, транспорт оқимларини камайтириш ҳамда лойиҳани амалга ошириш муддатларига оид юборилган сўровига Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов расмий жавоб йўллади. Унда лойиҳанинг бугунги ҳолати, молиялаштириш масалалари ва амалга ошириш муддатлари ҳақида атрофлича маълумот берилган.
Транспорт вазирининг жавоби
Транспорт вазирлиги томонидан сенатор сўровида келтирилган ҳар бир савол атрофлича ўрганиб чиқилиб, қуйидагилар маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 31 декабрдаги «Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ - 468-сон қарорига асосан «Фориш – Нурота» йўналишида Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган 4Р39 «Учтепа қ. – Оқтом қ.» автомобиль йўлининг 0-26 км қисми ҳамда Фориш тумани ҳудудидан ўтган 4Р36 «Жиззах ш. – Янгиқишлоқ қ. – Қизилча қ. – Қизилқум ҳалқа йўли» автомобиль йўлининг 7-114 км қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун халқаро молия институтларини жалб этиш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилган.
Лойиҳа концепцияси халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг 2025 йил 30 декабрдаги ВИИ-23-356-3-0-К/25-сон қарори билан тасдиқланган ҳамда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашнинг 2025 йил 17 декабрдаги 13-сон баённомаси билан маъқулланган.
Айни пайтда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан билдирилган таклиф ва эътирозлар инобатга олинган ҳолда такомиллаштирилган лойиҳа концепцияси қайта киритилган.
Бугунги кунда лойиҳани амалга ошириш учун халқаро молия институтлари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш 2027-2032 йилларга режалаштирилган.
Мазкур автомобиль йўли II техник тоифа талаблари асосида лойиҳалаштирилган бўлиб, суткасига 6 мингдан 14 мингтагача транспорт воситаси ҳаракатланиши учун мўлжалланган.
Шунингдек, Транспорт вазирлиги ва тегишли идоралар томонидан республика автомобиль йўллари тармоғининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, транспорт оқимларини яхшилаш ҳамда муқобил йўналишларни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, давлат аҳамиятига эга автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, айрим участкаларни кенгайтириш, замонавий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда янги юқори тезликдаги ва пулли автомобиль йўллари лойиҳаларини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
«Фориш – Нурота» йўналишидаги мазкур реконструкция лойиҳаси ҳам транспорт оқимларини муқобил йўналишларга тақсимлаш ва асосий магистраллардаги юкламани қисман камайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, байрам ва дам олиш кунларида аҳоли ҳаракатчанлигининг ортиши билан боғлиқ транспорт оқимлари доимий равишда таҳлил қилиб борилмоқда. Таҳлиллар асосида автомобиль йўлларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, йўл инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда йирик транспорт лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Байрам кунлари аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида шаҳарлараро автобус, темир йўл ва ҳаво транспорти йўналишларида қўшимча қатновлар ташкил этиб борилмоқда.
Келгусида транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш орқали аҳоли учун қулай, хавфсиз ҳамда самарали транспорт хизматларини ташкил этиш назарда тутилган.
Илҳом Маҳкамов
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0