Болаларни бойлардан бездирмайлик
«Бир бор экан, бир йўқ экан... Қадим замонларда бир меҳнатсевар, кўнгли очиқ камбағал одам яшаган экан. Унинг рўпарасида эса золим, очкўз ва ниҳоятда хасис бир бой қўшниси бор экан»…
Бу жумлалар сизга таниш, шундай эмасми? Барчамиз эшитиб улғайган ўзбек халқ эртакларининг етмиш-саксон фоизи мана шундай андоза билан бошланади. «Уч ака-ука ва бой», «Мақтанчоқ бой» каби ўнлаб эртакларимизда ёки болалигимизнинг ажралмас қисми бўлган классик мультфильмларимизда воқеалар ривожи бир хил чизиқ бўйлаб кетади: камбағал қаҳрамон доим донишманд, ҳалол ва мазлум, бой эса албатта семиз, калтафаҳм, золим ва нафси ҳакалак отган кимса. Халқ севган Афанди ёки Алдар кўса бойларни лақиллатиб, бор-будини шилиб кетса, қарсак чалиб, қувонганмиз. Чунки ақлу шууримизда бойни жазолаш адолатдан, деган тушунча маҳкам ўрнашган эди.
Тўғри, ўз даврида бу сюжетлар ижтимоий тенгсизликка қарши курашиш, камбағаллар ва заҳматкаш халқнинг руҳини кўтариш, уларга умид бериш учун хизмат қилгандир. Аммо биз бугун XXI асрда, бозор иқтисодиёти, тадбиркорлик ва эркин рақобат замонида яшаяпмиз. Хўш, бой ёмон одам, у алдамчи ва хасис бўлади, деган мафкурадан сув ичган бола улғайгач, жамиятга қандай кўз билан қарайди? Бундай тарбия кўрган бола катта бўлганида идрокидаги қўрқув билан яшай бошлайди: «Агар мен ҳам бой бўлсам, хасис ва ёмон одамга айланаман, мени ҳеч ким яхши кўрмайди, эртаклардагидек ҳамма устимдан кулади». Оқибатда у онгсиз равишда муваффақиятдан, молиявий эркинликдан қоча бошлайди.
Бугун биз фарзандларимизни бадавлат ва муваффақиятли инсонлардан бездириб қўймаслик, уларда ҳавас туйғусини уйғотиш ҳақида жиддий бош қотиришимиз шарт.
Замон ўзгарган экан, фарзандларимиз онгида пул ва муваффақиятга нисбатан соғлом иммунитетни қандай шакллантиришимиз зарур? Фарзандингиз билан эртак ўқиётганда ёки фильм томоша қилаётганда, диққатни қаҳрамоннинг ҳамёнига эмас, унинг инсоний фазилатларига қаратишингиз лозим. Масалан, бу одам бой бўлгани учун эмас, балки атрофидагиларга қўпол муносабатда бўлгани ва ўз ишчиларини алдагани учун салбий қаҳрамонга айланган. Пул инсонни ёмон тарафга ўзгартирмайди, унинг ичидаги иллатлар пул орқали яққолроқ кўринади, холос, деган тушунчани сингдириш керак. Бола бойлик ва ёмонлик синоним эмаслигини англаши лозим.
Қолаверса, бугунги ўзбек болалар адабиёти, мультипликацияси ва театрлари олдида катта масъулият турибди. Бизга ҳалол тадбиркорлик билан шуғулланадиган, заковатли, минглаб одамларни иш билан таъминлаётган, мактаб ва кутубхоналар қураётган янги замон қаҳрамонлари керак. Болалар Афандининг бойни лақиллатганига эмас, балки замонавий иқтисодий лойиҳалар орқали ўз оиласи ва юртига наф келтираётган интеллектуал тадбиркорларнинг ақл-идрокига ҳавас қилиб улғайиши зарур.
Кўпинча болаларни бадавлат шахслардан бездирадиган омил эртаклардан ҳам кўра оиладаги кундалик суҳбатлардир. Кечки овқат устида, фарзандлар даврасида кимнингдир қимматбаҳо машинаси ёки янги уйи ҳақида гап кетганда билдириладиган муносабат боланинг келажагини белгилайди. Агар катталар томонидан «Ҳа, буни ҳалол пул билан олиб бўпти, ортидан қанча одамни қақшатган бўлса керак» каби асоссиз шубҳага борилса, боланинг онгида бойларга нисбатан нафрат илдиз отади. Бунинг ўрнига «Кўрдингми, болам, бу инсон жуда кўп меҳнат қилибди, изланибди. Сен ҳам яхши ўқисанг, ўз соҳангнинг кучли мутахассиси бўлсанг, албатта, мана шундай ютуқларга эришасан», дейиш энг тўғри тарбиядир.
Одамлардаги «Бойлик бу – иллат», деган эски совет мафкурасидан қолган қарашларни бутунлай тугатиш вақти келди. Биз бойликдан безган эмас, балки ҳалол бойликка интиладиган, тадбиркор ва яратувчан авлодни тарбиялашимиз шарт.
Жамият ривожининг пойдеворига назар ташласак, бадавлат инсонлар ва йирик тадбиркорлар нафақат ўз оиласини, балки бутун инсониятни олдинга ҳаракатлантирувчи асосий куч эканини англаймиз. Бу ҳақиқатни тушуниш учун иқтисодий ва психологик қонуниятларга, хусусан, инсон эҳтиёжларининг босқичларига эътибор қаратиш кифоя.
Кундалик ҳаётда оддий камбағал одамнинг бор-йўқ ташвиши, мақсади рўзғорини тўлдириш, оиласини боқиш, уй-жой қилиш ва кундалик бирламчи эҳтиёжларини қондиришдан ортмайди. Бу табиий ҳол, чунки инсон қорни оч турганда ёки эртанги кунидан хавотирда бўлган пайтда коинот кенгликлари, глобал муаммолар ёки юксак технологиялар ҳақида қайғура олмайди. Қашшоқлик ва моддий етишмовчилик инсоннинг тафаккур доирасини фақат бугунги кун тирикчилиги деган тор рамкага солиб қўяди.
Бунга қарама-қарши ўлароқ, Илон Маск каби миллиардерлар бор-будини тикиб, космосда тадқиқот ўтказиши ва Марсни забт этиш ҳақида бош қотириши замирида катта иқтисодий эркинлик ётади. Улар моддий эҳтиёжлар занжиридан аллақачон узилган бўлиб, гўшт-ёғ ёки фарзандларининг контракт пулини тўлаш каби майда ташвишлардан йироқда. Чунки моддий мустақиллик инсонга вақт ва фикрлаш эркинлигини беради. Бу, ўз навбатида, юксакроқ мақсадлар, инсоният келажагини ўзгартириш ва янги кашфиётлар қилиш истагини туғдиради.
Агар жамиятда фақат еб-ичишни ўйлайдиган одамлар яшаганида эди, инсоният ҳали ҳам ўрта асрлар босқичида, чироқсиз ва интернетсиз, от-аравада юрган бўларди. Бадавлат инсонлар очган йирик корхона ва заводлар миллионлаб оддий оилаларнинг рўзғори тўлишига сабаб бўлувчи янги иш ўринларини яратади.
Шу сабабли фарзандларимизга бой бўлиш жамиятга ва миллатга кенг кўламда хизмат қилиш имкони эканини ўргатишимиз керак. Болаларимиз рўзғорнинг кам-кўстини тўлдиришдан ҳам юксакроқ мақсадларни кўзлашни ўргансин десак, уларни муваффақиятли инсонлардан бездирмаслигимиз, алалхусус, эртакларимиздаги «хасис бой» образига янгича, замонавий ва холис ёндашувларни олиб киришимиз шарт.
Дилдора ИБРОҲИМОВА
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0