Ҳаётбахш янгиланишларнинг мантиқий давоми
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан пойтахтимизда «Касаба уюшмалари нашрлари трансформация шароитида: конвергенция сари йўл» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда
Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги «Чинобод Плаза» санаторийсида «Касаба уюшмалари нашрлари трансформация шароитида: конвергенция сари йўл» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бошланди.
Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ҳамда Тожикистондан касаба уюшмалари соҳасининг медиа ва тармоқ ходимлари, олимлар, амалиётчилар, шунингдек, турли давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.
Конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси раиси, сенатор
Қудратилла Рафиқов нутқ сўзлаб, анжуман ишига
муваффақият тилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқовнинг «Касаба уюшмалари нашрлари трансформация шароитида: конвергенция сари йўл» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциядаги нутқи
Ассалому алайкум!
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Қадрли меҳмонлар!
Муҳтарам фахрийлар, журналистлар, медиа соҳаси вакиллари, олимлар ва ҳамкорлар!
Аввало, барчангизни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигида чоп этилаётган «Ishonch» газетаси ташкил топганининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциямиз билан чин қалбимдан қутлайман.
Барчангизни шу нуфузли анжуманда кўриб турганимдан бағоят мамнунман.
Бугун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида сўз ва ахборот эркинлиги, очиқлик, жамоатчилик билан мулоқот, инсон қадрини улуғлаш каби тамойиллар ҳаётимизнинг муҳим мезонига айланиб бормоқда. Оммавий ахборот воситаларига муносабат ҳам тубдан ўзгарди. Бу ўзгаришлар, табиийки, матбуот зиммасига нафақат кенг имконият, балки янада катта масъулият ҳам юклайди.
Бугунги анжуманни юртимизда кечаётган ана шундай ҳаётбахш янгиланишларнинг мантиқий давоми, десак, асло муболаға бўлмайди.
Айни пайтда муҳтарам Президентимизнинг 2025 йил 17 октябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан учрашувда билдирган қуйидаги фикрлари биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади:
«Ахборот коммуникациялари шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда одамларга ишончли маълумотларни ўз вақтида, тўғри етказиш жуда муҳим.
Касаба уюшмаларида бунинг учун имконият ҳам, шароит ҳам, салоҳият ҳам етарли.
Энг катта аудиторияга эга бўлган касаба уюшмалари ҳалол ва фидойи меҳнатни тарғиб қилиш ҳамда меҳнат муносабатларида қонунийликни таъминлашга оид ахборотларни жамоатчиликка биринчилардан бўлиб етказиб бориши керак».
Бу фикрлар касаба уюшмалари тизими олдига жуда аниқ ва долзарб вазифаларни қўяди. Яъни биз фақат меҳнаткашлар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган тузилма эмасмиз. Биз ишончли сўз, ҳаққоний муносабат ва жамоатчилик олдидаги масъулиятни ҳам зиммамизга олган тизиммиз.
Айниқса, бугунги тадбирда мамлакатимиз ахборот, медиа, жамоатчилик ва давлат бошқаруви соҳасида юксак обрў-эътиборга эга нуфузли меҳмонлар иштирок этаётгани барчамиз учун қувонарлидир. Чунки бугунги мулоқот матбуот, рақамли технологиялар, инсон ҳуқуқлари, адабиёт, парламент ва фуқаролик жамиятини ўзаро боғлайдиган муҳим масалаларни қамраб олмоқда.
Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Озарбайжон ва Туркиядан ташриф буюрган меҳмонларимизни ҳам самимий қутлайман. Уларнинг иштироки туфайли бу анжуман оддий юбилей тадбири доирасидан чиқиб, тажриба алмашиш, фикрларни уйғунлаштириш ва касаба уюшмалари нашрларининг келажаги ҳақида биргаликда ўйлаш майдонига айланмоқда. Бу, албатта, жуда муҳим.
Ҳурматли иштирокчилар!
Бугунги анжуман нафақат «Ishonch» газетаси таҳририяти, балки бутун касаба уюшмалари ҳаракати, миллий матбуотимиз ва жамоатчилик фикри тараққиёти учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга воқеликдир. Чунки биз бугун оддий бир санани нишонлаётганимиз йўқ. Биз ишончни, сўз масъулиятини, фидокорона меҳнатни ва жамоатчилик олдидаги бурчни улуғлаяпмиз.
Маълумки, «Ishonch» газетасининг илк сони 1991 йил 21 март куни нашр этилган. Шу вақтдан буён унинг 5 минг 500 дан ортиқ сони муштарийлар қўлига етиб борди. Бу рақамлар ортида узоқ йиллик меҳнат, таҳририят тажрибаси, турли авлод журналистларининг изланишлари ва энг муҳими, ўқувчилар ишончи мужассам.
Бугун «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» нашрлари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётини ёритиб келаётган, меҳнат аҳли ҳаёти, унинг ҳуқуқ ва манфаатларига доир мавзуларни мунтазам кўтариб чиқаётган нашрлар сифатида эътироф этилмоқда.
Газеталарнинг умумий адади 37 минг 500 нусхага етгани, ижтимоий тармоқлардаги жами аудиторияси эса 250 мингга яқинлашгани уларнинг ўз ўқувчиси, ўз кузатувчиси, ўз таъсир доираси борлигини кўрсатади. Шу билан бирга, бу ҳолат таҳририят зиммасига янада катта масъулият юклайди.
Сўнгги йилларда таҳририят фаолиятида қатор янгиланишлар кўзга ташланяпти. Таҳририят негизида медиамарказ ташкил этилди, ижтимоий тармоқларда саҳифалар ишга туширилди, газетанинг босма шаклини ҳудудларда чоп этиш ва тезкор тарқатиш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳар йили газета саҳифаларида эълон қилинган энг сара мақолалар асосида китоблар нашр этиш анъанаси ҳам шаклланди.
Лекин очиқ айтиш керак – таҳририятдаги конвергенция жараёни ҳали тўлиқ шаклланиб бўлганича йўқ. У эндигина тизимли тус оляпти. Бугунги анжуманнинг аҳамияти ҳам айнан шунда – у бизга мавжуд ҳолатни холис баҳолаш, камчилик ва эҳтиёжларни аниқ кўриш, келгуси қадамларни белгилаб олиш имконини беради.
Муҳтарам иштирокчилар!
Касаба уюшмалари – бу, энг аввало, инсон манфаати дегани. Шу маънода, касаба уюшмалари нашрлари ҳам доимо инсон қадри, меҳнат ҳуқуқи, ижтимоий ҳимоя, адолат ва ҳамжиҳатлик каби эзгу тамойилларга хизмат қилиши лозим.
Шундай экан, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарини фақат ахборот тарқатувчи нашр десак, камлик қилади. Улар – меҳнаткаш инсоннинг дарди, ҳуқуқи, орзу-интилиши ва жамиятдаги ўрнини ифода этишга интилиб келаётган минбардир.
Бугунги халқаро илмий-амалий конференциямиз ҳам бежиз «Касаба уюшмалари нашрлари трансформация шароитида: конвергенция сари йўл» деб номланмаган. Зеро, замон ўзгармоқда, аудитория ўзгармоқда, ахборот истеъмоли шакллари тез суръатларда янгиланмоқда.
Энди газета фақат қоғозда чиқадиган нашр эмас. У сайт, видео, Telegram, YouTube, Instagram, фото ва видеоконтент, тезкор рақамли мулоқот имкониятлари билан уйғунлашган яхлит медиа муҳитнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги анжуман тажриба алмашиш, фикрлашиш, ҳамкорликни кучайтириш ва келгуси вазифаларни белгилаб олиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Биз Марказий Осиё давлатлари, Туркия ва Озарбайжондан ташриф буюрган ҳамкорларимиз иштирокини ана шу жиҳатдан юксак қадрлаймиз. Ишонамизки, бу мулоқот касаба уюшмалари нашрлари ўртасида тажриба ва ёндашувларни ўзаро бойитишга, медиа соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қадрли дўстлар!
Ҳар қандай натижа ортида инсон меҳнати туради. Шу маънода, бугунги байрам – аввало, ушбу газеталарнинг шаклланиши ва бугунги фаолиятига ҳисса қўшган фахрийлар, муҳаррирлар, мухбирлар, таржимонлар, дизайнерлар, техник ходимлар ва барча ижодкорлар байрамидир.
Биз жамиятимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни шунчаки ёритмай, уларнинг мазмун-моҳиятини очишга интилган, одамлар қалбига йўл топган, меҳнат аҳлининг овозини жамоатчиликка етказишга ҳаракат қилган барча фидойи қалам аҳлига чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Ана шу хизматларни муносиб қадрлаш мақсадида бугун таҳририят ходимлари, фахрийлар ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган бир қатор инсонлар тақдирланади. Бу – эътироф рамзи. Бу – меҳнатга ҳурмат ифодаси. Бу – фидойилик ҳеч қачон эътиборсиз қолмаслигининг амалий тасдиғидир.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Бугун биз 35 йиллик тарихга таяниб, эртанги кун ҳақида ҳам жиддий ўйлашимиз керак. Олдимизда турган асосий вазифа – касаба уюшмалари нашрларини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг таъсирчанлигини ошириш, рақамли муҳитдаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, ёш аудитория билан ишлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш, таҳлилий ва мультимедиа контент салмоғини кенгайтиришдан иборат.
Бизга анъана ва янгиланишни уйғунлаштирадиган, ишонч ва тезкорликни бирлаштирадиган, сўз эркинлиги билан сўз масъулияти ўртасидаги мувозанатни сақлай оладиган медиа керак.
«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари ана шу йўлда изланмоқда. Энди бу ҳаракатларни янги давр талаблари асосида янада кучайтириш – барчамизнинг умумий вазифамиз.
Ишонаманки, бугунги конференция, учрашувлар ва фикр алмашувлар касаба уюшмалари нашрларининг келгуси тараққиёти учун янги ғоялар, янги ҳамкорликлар ва янги ташаббусларга йўл очади.
Фурсатдан фойдаланиб, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари жамоасини, уларнинг барча фахрийлари ва бугун меҳнат қилиб келаётган ходимларини, ушбу нашрлар атрофида бирлашган минглаб ўқувчиларни, ҳамкор ташкилотлар ва барча медиа вакилларини яна бир бор самимий қутлайман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат, илҳом ва муваффақият тилайман.
«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари халқ билан мулоқот, ҳақиқат ва адолат майдони бўлиб хизмат қилишда давом этсин. Касаба уюшмалари нашрларининг овози янада теран, сўзи янада таъсирчан бўлсин.
Эътиборингиз учун раҳмат!




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0