Ҳар баҳор шу бўлар такрор...
Ёхуд пойтахтимиз қачон ёмғир мавсумига тайёр бўлади?
Гидрометеорологлар жорий йил ёғингарчилик кўп бўлишини хабар қилишмоқда ва бу ҳозирча ўз тасдиғини топмоқда. Сурункасига ёғаётган ёмғир туфайли кўчалар ҳар доимгидек сув билан тўлиб-тошяпти.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 21 октябрда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йиғилиш ўтказган эди. Ўшанда Тошкент шаҳридаги дренаж тизими қаттиқ танқид қилиниб, мутасаддилар зиммасига муаммони бартараф этиш юзасидан қатъий вазифалар юклатилганди. Хусусан, дренаж тизимини тўғрилашнинг ўзи етарли эмаслиги, сувни ҳавзаларда тўплаш ва ундан дарахтларни суғоришда фойдаланиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланганди. Пойтахтдаги туман ҳокимлари жойларга чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларни ўзлари ҳал қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилганди.
Шундан сўнг пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг тегишли қарори билан дренаж тизимини яхшилаш учун 6 миллиард сўм ажратилди.
Хўш, ўша пуллар ҳақиқатан ҳам шу ишларга сарфландими? Агар шундай бўлса, нега буни амалда сезмаяпмиз? Ҳар ҳолда, ёғингарчиликлар ноқулайликлар келтириб чиқараётгани рост-ку! Ёки буни шаҳар масъуллари кўришмаяптими?
Ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Шундай экан, дренаж тизимини таъмирлаш ҳақида бот-бот гапириб, қуруқ ваъдалар беравермасдан, амалий ишларга ўтиш вақти аллақачон келган. Наҳотки, буни мутасаддилар англашмаса?..
Умуман, Тошкент қачон ёғингарчилик мавсумига тайёр бўлади? Шаҳар ҳокимлигида бу саволларга аниқ-тиниқ жавоб борми? Агар бор бўлса, жўяли жавоб кутамиз.
Гулрухбегим Одашбоева
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0