Жиноят кодексининг яна икки моддаси бўйича учун умрбод қамоқ жазоси жорий этилади
Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (ЖК 97-моддаси иккинчи қисми) ва одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган терроризм (ЖК 155-моддаси учинчи қисми) содир этган шахсларга нисбатан қўлланилишига йўл қўйилади.
Кеча, 3 март куни имзоланган ПФ–33-сонли Президент фармонига мувофиқ, умрбод қамоқ жазоси ЖКнинг яна икки моддаси санкциясига киритилади.
Фармон билан ИИВга Бош прокуратура, Олий суд, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда айрим турдаги жинсий жиноятлар учун жазони қатъийлаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш вазифаси топширилган.
Жумладан, Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар қуйидаги жиноятларни содир этганда уларга тегишинча умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш:
- ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш;
- ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш.
Шунингдек, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121 (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 1281 (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари томонидан амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Қолаверса, кенг жамоатчилик, эксперт ва фаолларнинг жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган таклифлари маъқулланган.
Жумладан:
- Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш;
- мазкур турдаги жиноятлар учун жазони ўтаётган маҳкумларни психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан, сақлаш шароитларини енгиллаштириш амалиётига чек қўйиш.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0