+39C

+39C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Ўзбекистондаги энг йирик коррупциявий ишлар: тизим тозаланяптими ёки муаммонинг ҳақиқий кўлами энди очиляптими?

Ўзбекистондаги энг йирик коррупциявий ҳолатлар шу кунларда яна ОАВ бош мавзусига айланган
Жамият
134 22:58 | 11.08.2026 22:58

Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ директори Акмалхон Ортиқов, “Ўзбекнефтгаз” АЖ собиқ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов, Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев, Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азизбек Тоштемиров...


Бу номлар ортидан давлат бошқарувининг турли бўғинлари, жумладан, вазирликлардан тортиб стратегик давлат компаниялари, солиқ тизими, миграция соҳаси, маҳаллий ҳокимият ва ҳатто назорат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларгача коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари очилмоқда.


Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаевга нисбатан давлат мулкини жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш айблови билан жиноят ишининг судга оширилгани жамоатчилик эътиборини тортди.


Давлат раҳбари январь ойидаги йиғилишда Ички ишлар вазирлиги давлат харидлари тизимида 186 миллиард сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилгани аниқланганини маълум қилганди. Кейинчалик иш материалларида етказилган зарар 200 миллиард сўмдан ортиқ экани қайд этилди.


Давлат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот тизимида ишлаган юқори лавозимли мансабдорнинг айнан давлат харидлари билан боғлиқ жиноятда айбланиши назорат тизимларининг самарадорлиги ҳақида жиддий саволларни пайдо қилмоқда. Айниқса, сумманинг 200 миллиарддан ошиқлигини қайд этадиган бўлсак, бу пулларни шахсий манфаатга йўналтириш учун тизим ривожланишида қанчалик катта “қурбонлик” бўлганини тасаввур қилиш ҳам қийин.


Судгача етиб келган яна бир йирик иш – Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ директори Акмалхон Ортиқов ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ собиқ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов билан боғлиқ. Давлат активлари, миллиардлаб сўмлик ер участкалари ва стратегик нефт-газ лойиҳалари билан боғлиқ айбловларни кўриб айтишимиз мумкинки, коррупция хавфи мамлакат иқтисодий хавфсизлиги учун муҳим бўлган тармоқларни ҳам четлаб ўтмаган.


Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилгани ҳам коррупцияга қарши курашдаги энг шов-шувли ишлардан бири бўлди. Суд уни жуда кўп миқдордаги мулкни талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ҳокимият ҳаракатсизлиги билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топди.


Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азизбек Тоштемиров иши бошқа жиҳати билан эътиборни тортади. Тергов материалларида фуқароларни хорижга ишга юбориш эвазига ноқонуний маблағлар ундирилгани, хусусан, ўнлаб миллион долларлик маблағлар ҳақида сўз боради. Энг ачинарлиси, бу каби порахўрлик ўйинларидан энг катта зарар кўрган оддий фуқаролар бўлди.


Энди мазкур йўналиш бўйича яна бир йирик суд жараёни бошланмоқда. Жамоатчилик орасида “Корея иши” сифатида тилга олинаётган, давлат ва фуқароларга тахминан 90 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилгани айтилган жиноят иши суд босқичига ўтди. Тергов Бош прокуратура томонидан олиб борилган бўлиб, иш жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида кўриб чиқилмоқда.


Суд олдида тўрт нафар судланувчи жавоб беради. Булар: Ганчар Уммат ўғли Узақов, Тимур Бадридинович Шариксиев, Алижон Ғаниевич Ашуров, Сухроб Санжарович Сайфутдинов. Уларга Жиноят кодексининг пора олиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга оид моддалари бўйича айбловлар қўйилган.


Қўшработ тумани ҳокимининг давлат ҳисобидан амалга оширилган хизмат сафарига турмуш ўртоғи ва ўғлини делегация таркибига киритгани учун ҳайфсан олгани, Каттақўрғон тумани ҳокимининг эса хизмат сафари мақсадига алоқаси бўлмаган шахсни делегацияга қўшгани мансаб ваколатидан шахсий манфаат йўлида фойдаланганини эшитиб ҳайратдан ёқа ушламасликнинг иложи йўқ.


Ургут тумани прокурори ўринбосарига нисбатан қўзғатилган жиноят иши эса коррупциянинг энг хавфли кўринишларидан бирини намоён этади. Терговга кўра, у давлатга етказилган зарарни камайтириш ва судда енгил жазо тайинлатиб беришни ваъда қилиб пора олган. Қонун устуворлигини таъминлаши керак бўлган тизим вакили коррупсияда гумон қилинаётган бўлса, бу фақат битта мансабдорнинг қилмиши эмас.


Бугун суд залларида янграётган фамилиялар тасодифий эмас. Улар давлат бошқарувининг турли йирик бўғинларида йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларнинг акс-садосидир. Ички ишлар тизими, давлат активлари, солиқ, миграция, маҳаллий ҳокимият, прокуратура…


Албатта, юқори лавозимли мансабдорларнинг суд олдига келаётгани жазонинг муқаррарлиги таъминланаётганидан далолат. Аммо жамиятни ўйлантирадиган асосий савол бошқача: бу қадар йирик коррупция схемалари урчиб, юзлаб миллиард сўм ва ўнлаб миллион долларлар айланаётган бир пайтда улар нега айнан ҳозир фош этилмоқда? Нега назорат тизимлари бунга аввалроқ чек қўя олмади?


Коррупциянинг энг оғир оқибати давлатнинг пул йўқотиши эмас. Унинг энг катта қурбони, аввало, оддий инсоннинг адолатга ва давлатга бўлган ишончидир. Агар ана шу ишонч тикланмаса, ҳар бир очилган жиноят иши эртага яна бошқаси билан алмашиши мумкин.


Дилдора Дўсматова,
ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 7434 16:57 | 05.08.2023