Ўзбекистон ва ЖСТ музокаралари якуний паллага кирди
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШга самарали ташрифи давомида ЖСТ раҳбари Нгози Оконжо-Ивеала билан мулоқот ўтказди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига оид масалаларни атрофлича муҳокама қилди.
Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиш жараёни тарихий ва ҳал қилувчи босқичга чиқди. Сўнгги йилларда амалга оширилган жадал дипломатик саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон бозорларига чиқиш бўйича музокаралар олиб бориш истагини билдирган 35 та давлатдан 33 таси билан икки томонлама музокаралар муваффақиятли якунланди.
Дунёнинг етакчи савдо марказлари — АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея ва Россия каби ривожланган давлатлар билан келишувларга эришилди. Бугунги кунда фақатгина 2 та томон (Қозоғистон ва Хитой Тайбэйи) билан музокаралар жараёни олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, 69 та давлатни ўз ичига олган махсус Ишчи гуруҳ доирасидаги мулоқотлар ҳам фаоллашиб, 2026 йил ноябрь ойида навбатдаги 14-йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши миллий маҳсулотлар учун жаҳоннинг 160 дан ортиқ мамлакатлари бозорига камситишларсиз, тенг ва пасайтирилган тарифлар асосида тўғридан-тўғри йўл очади. Бу миллий экспортчиларимиз рақобатбардошлигини ошириб, мамлакатимизнинг глобал таъминот занжирларига тўлақонли интеграциялашувини таъминлайди.







