Йирик бизнес учун электр энергияси кундузи арзонлашади

10:21 | 26.09.2026
•
86
Йирик бизнес учун электр энергияси кундузи арзонлашади
Катталаштириш

Ўзбекистонда йирик истеъмолчилар учун электр энергиясининг вақтга қараб фарқланадиган тарифлари ўзгартирилди. Энди соат 9:00 дан 17:00 гача электр энергияси 1,5 баравар арзон тарифда ҳисобланади. Тунги вақтда эса аввал амал қилган чегирма бекор қилиниб, электр энергияси одатдаги тариф бўйича ҳисобланади.

Бу ўзгаришлар Президентнинг 22 сентябрдаги ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантиришга қаратилган фармонида белгиланган.

Янги тартиб I тариф гуруҳига кирувчи истеъмолчиларга тааллуқли. Унга асосий ва захира электр таъминотининг жами уланган қуввати 750 кВА ва ундан юқори бўлган ҳамда электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қиладиган истеъмолчилар киради.

Бюджет ташкилотлари, сув таъминоти корхоналари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари ушбу гуруҳга кирмайди.

Аввалги тартибга кўра, соат 6:00–9:00 ва 17:00–22:00 оралиғида, яъни электр юкламаси юқори пайтларда 1,5 баравар оширувчи коэффициент қўлланган. 9:00–17:00 да одатдаги тариф, тунги 22:00–6:00 оралиғида эса 1,5 баравар пасайтирувчи коэффициент амал қилган.

Янги тартибга кўра, тунги вақтда пасайтирувчи коэффициент бекор қилинади ва одатдаги тариф қўлланади. Соат 9:00–17:00 оралиғида эса тариф 1,5 баравар пасайтирилади.

Эрталабки ва кечки энг юқори юклама соатларидаги 1,5 баравар оширувчи коэффициент ўзгаришсиз қолдирилган.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

2 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади