Ўзбекистонда сунъий интеллект иқтисодиёт драйверига айланмоқда
Тошкент шаҳрида Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) томонидан “Сунъий интеллект ва рақамли трансформация: Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва уларни иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳаларга кенг жорий этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган. Бугунги кунда мазкур йўналишда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар рақамли иқтисодиётни шакллантириш ва инновацион ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир сунъий интеллект технологияларини иқтисодиётнинг реал секторига кенг жорий этиш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ҳамда давлат, бизнес ва илм-фан ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилди.
Унда сунъий интеллект соҳасида мамлакатнинг асосий драйверлари бўлган илм-фан, давлат ва IT-индустрия вакиллари бир минбарда жамланди.
Иштирокчилар фундаментал ва амалий илм-фанни ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт ва IT-инфратузилмани кенгайтириш, шунингдек, стартаплар ва экспортга йўналтирилган рақамли бизнесларни қўллаб-қувватлаш каби стратегик йўналишларда ўз қараш ва ечимларини илгари сурди.
Жумладан:
– Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, академик Ш. Аюпов томонидан мамлакатда фундаментал ва амалий илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ёритилди;
– Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари О. Пекос томонидан рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект инфратузилмасини шакллантириш масалаларига тўхталинди;
– Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази директори А. Абдуллаев томонидан AI бўйича кадрлар тайёрлаш ва таълим тизимини трансформация қилиш масалалари муҳокама қилинди;
– “ITParkUzbekistan” бош директори ўринбосари М. Муксинова томонидан IT-экотизим, стартаплар ва экспортга йўналтирилган рақамли бизнесларни ривожлантириш имкониятлари тақдим этилди.
Шунингдек, конференция доирасида сунъий интеллект технологияларини молия, саноат, қурилиш, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги каби тармоқларга жорий этиш, инфратузилмани рақамлаштириш ва давлат бошқарувида илғор технологияларни қўллаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Амалий ечим сифатида SQB томонидан ишга туширилган “AI Маслаҳатчиси” платформаси тақдим этилди. У фуқароларнинг бизнес ғояларини таҳлил қилиш, уларнинг рентабеллигини баҳолаш ва молиялаштириш имкониятларини шакллантириш орқали тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Бир сўз билан айтганда, бугун сунъий интеллект Ўзбекистонда шунчаки технология эмас, у иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилаётган, янги иш ўринлари яратаётган ва аҳоли даромадларини оширишда муҳим омилга айланмоқда.



Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0