Ўзбекча номлардан уяламизми?
Агар М-39 Тошкент – Термиз автомобиль йўлидан юрган бўлсангиз, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳудудида жойлашган қатор овқатланиш шохобчалари номларига беихтиёр кўзингиз тушади. “Дийдор”, “Сурхон”, “Соҳил”, “Шаршара”, “Осиё”... Айримлари шевада ёзилган бўлса-да, масалан, “Наварачи” каби номлар ўзининг самимийлиги билан қалбни илитиради, миллий муҳитни ҳис эттиради.
Жиззах шаҳрига кирганингизда эса манзара тамоман бошқача. Бу ерда аксарият савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари хорижий атамалар билан номланган. “Wonderful”, “Mega showroom”, “Samina shop”, “Just shop”...Айримларини ўқишнинг ўзи қийин. Ўзингизни эса гўё чет эл шаҳрида юргандек ҳис қиласиз.
Шу ўринда табиий савол туғилади: “Dildora cooking” дегани нима? Бу қандай тил, қандай маъно? Нега ўз она тилимизда, халққа яқин, мазмунли ном қўйишдан уяламиз?
Тил — ғурур масаласи. Бирор хорижий давлатда ўзбекча номлар билан безатилган дўкон ёки ошхоналарни кўрганмисиз? Албатта, йўқ. Улар ўз тилини ҳурмат қилади, қадрлайди, ҳимоя қилади.
Демак, биз ҳам она тилимизга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқишимиз, жамоатчилик онгида бу масалага нисбатан масъулиятни кучайтиришимиз керак. Умид қиламизки, бу борада тизимли ўзгаришлар бўлади, миллий тилга бўлган ҳурмат амалда ҳам ўз ифодасини топади.
Алижон Абдусатторов,
Ishonch.uz



Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0