Замонавий университет: билим, тажриба ва халқаро имкониятлар
Бугунги кунда олий таълим тизими нафақат билим бериш, балки ёшларни халқаро меҳнат бозори талабларига тайёрлаш, замонавий касбларга йўналтириш ва дунё университетлари билан ҳамкорликни ривожлантиришни ҳам ўз олдига муҳим вазифа қилиб қўймоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат университетлари билан бир қаторда нодавлат олий таълим муассасалари ҳам фаол ривожланмоқда. Уларнинг айримлари халқаро таълим стандартларини мамлакатимизга олиб кириш, хорижий университетлар билан қўшма дастурларни йўлга қўйиш ҳамда талабалар учун янги имкониятлар яратишга интилмоқда.
Шундай олий таълим муассасаларидан бири — Халқаро Нордик университетидир. Университет 2022-йилда Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган бўлиб, нодавлат олий таълим муассасаси сифатида фаолият юритмоқда. Шунингдек, университет ҳақида "Men talaba" платформасида ҳам унинг халқаро ҳамкорликлари, таълим йўналишлари ва қабул жараёнлари ҳақида маълумот берилган.
Эътиборли жиҳатлардан бири шундаки, университет фаолияти Ўзбекистон ва Финляндия Президентлари учрашувлари чоғида ҳам тилга олинган. Бу эса мамлакатлар ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик ривожланаётганининг бир кўрсаткичи сифатида баҳоланмоқда. Бугунги кунда замонавий олий таълимнинг асосий мезонларидан бири — халқаро ҳамкорликдир. Талабалар фақат аудиторияда назарий билим олиш билан чекланиб қолмай, бошқа мамлакатларнинг таълим тажрибаси билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлиши муҳим.
Халқаро Нордик университети ҳам Финландия, АҚШ, Италия, Жанубий Корея ва Малайзиядаги бир қатор университетлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Бундай ҳамкорликлар орқали талабалар алмашинув дастурлари, қўшма таълим дастурлари ҳамда икки диплом олиш имкониятлари яратилгани қайд этилган.
Албатта, бугунги ёшларни энг кўп қизиқтирадиган саволлардан бири — битиргандан кейинги иш масаласидир. Расмий маълумотларга кўра, университетни тамомлаган битирувчиларнинг катта қисми иш билан таъминланган. Бу эса олий таълимда назарий билим билан бир қаторда амалий кўникмаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Бугунги глобаллашув даврида талабалар учун бошқа мамлакатларда қисқа муддатли ўқиш, илмий алмашинув ёки ёзги амалиёт дастурларида қатнашиш катта тажриба мактаби ҳисобланади. Университет маълумотларида Финландия ва бошқа давлатларда work & travel ҳамда алмашинув дастурлари мавжудлиги ҳақида ҳам маълумот берилган.
Университетни танлашда фақат реклама ёки чиройли ташқи кўринишга эмас, балки лицензия, таълим сифати, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, халқаро ҳамкорлик, битирувчиларнинг натижалари ва ўз мутахассислигингиз бўйича қандай имкониятлар яратилишига эътибор қаратиш лозим.
Ҳар бир ёшнинг мақсади ва қизиқиши турлича. Кимдир илмий фаолиятни танлайди, бошқаси тадбиркорликни, яна кимдир халқаро компанияларда ишлашни мақсад қилади. Муҳими, танланган олий таълим маскани ана шу мақсадларга эришишда мустаҳкам пойдевор бўла олиши керак.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги Ўзбекистон олий таълим тизимида рақобат кучаймоқда. Бу эса университетларнинг таълим сифати, халқаро алоқалари ва талабалар учун яратилаётган имкониятларни янада оширишга хизмат қилмоқда. Ана шундай жараёнларда халқаро ҳамкорликни ривожлантираётган олий таълим муассасалари ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Сиз қайси университетни танламанг, энг муҳими — билим олишга бўлган интилиш, изланиш ва ўз устингизда мунтазам ишлашдир. Чунки бугунги билим — эртанги муваффақиятнинг энг ишончли пойдеворидир.
Акмал Ганиев




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0