Тажриба ва билим туташган мактаб

21:24 | 02.11.2026
•
41
Тажриба ва билим туташган мактаб
Катталаштириш

Халқимизда «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар» деган мақол бор. Бу ҳикмат замирида инсоннинг камолотга эришиши, ўз йўлини топиши ва ҳаётда муносиб ўрин эгаллашида устознинг беқиёс ўрни мужассам. Айниқса, журналистика каби билим, тажриба, кузатувчанлик ва масъулиятни талаб этадиган соҳада устоз сабоғи ёш мутахассис учун нафақат йўл-йўриқ, балки касбий шаклланишнинг муҳим пойдеворидир.

Журналист бўлиш шунчаки матн ёзиш ёки воқеаларни баён этиш эмас. Бу, аввало, ҳаётни теран англаш, воқелик ортидаги сабаб ва оқибатларни кўра билиш, сўзнинг қудрати ва масъулиятини ҳис этиш демакдир. Бундай маҳорат эса фақат назарий билимлар билан чекланмайди. У тажриба, изланиш, кузатиш ва, энг муҳими, ўз касбининг фидойиларидан ўрганиш орқали шаклланади. Шу маънода, олий таълим муассасаларида ташкил этилаётган маҳорат мактаблари ёш журналистлар учун ўзига хос тажриба майдонига айланмоқда. Уларда талабалар соҳа вакилларининг кўп йиллик тажрибаси билан танишиб, касбнинг нозик жиҳатлари, ижодий изланиш ва профессионал ёндашув сирларини ўрганиш имконига эга бўлмоқда.

photo_2026-11-02_21-16-02.jpg

photo_2026-11-02_21-16-17.jpg

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент, «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров иштирокида ташкил этилган «Маҳорат мактаби» ҳам ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида тажрибали журналист талабалар билан ўзининг касбий фаолияти, ижодий изланишлари ва журналистика соҳасида орттирган билимлари билан ўртоқлашди. Мулоқот жараёнида бугунги ахборот маконида босма нашрларнинг ўрни, журналистиканинг турли йўналишлари ўртасидаги узвий боғлиқлик ҳамда замонавий журналист олдида турган вазифалар хусусида фикр юритилди.

Салим Дониёров таъкидлаганидек, интернет, босма нашрлар, телевидение ва радио журналистиканинг бир-биридан ажралган йўналишлари эмас, балки ягона ахборот тизимининг ўзаро боғлиқ бўғинларидир. Ҳар бирининг ўз аудиторияси, имконияти ва таъсир кучи бор. Замонавий журналист эса буларнинг хусусиятларини англаб, ахборотни турли шаклларда самарали етказиш кўникмасига эга бўлиши лозим.

Маҳорат мактабида талабалар учун яна бир муҳим йўналиш, манбалар билан ишлаш ва сиёсий материаллар тайёрлаш масалалари бўлди. Журналистикада ҳар қандай фикр, хабар ёки таҳлилнинг ишончлилиги, аввало, унинг манбасига боғлиқ. Ахборотнинг қаердан олингани, қанчалик ишончли экани, турли нуқтайи назарлар билан солиштирилгани ва фактлар қай даражада текширилгани материалнинг сифатини белгилайди. Тажрибали журналистнинг бу борадаги сабоқлари талабалар учун назарий билимларни амалий кўникмалар билан бойитиш имконини берди.

Дилдора ДЎСМАТОВА
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади