Сиэтлда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида сунъий интеллект бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди
30 октябрь куни АҚШнинг Сиэтл шаҳрида «Seattle AI Week» доирасида Ўзбекистон–АҚШ сунъий интеллект ҳамкорлигига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди.

Тадбирда Microsoft ва Meta мутахассислари, етакчи университетлар, технология компаниялари ва давлат ташкилотларидан қарийб 60 нафар вакил қатнашди.

Унда, жумладан, сунъий интеллект соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва стартапларни ривожлантириш, Ўзбекистон IT соҳасига инвестициялар жалб қилиш, ўзбек стартапларини халқаро бозорларга олиб чиқиш ҳамда Тошкент ва Сиэтл ўртасида рақамли шаҳар бошқаруви бўйича тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Форумда Ўзбекистоннинг рақамли ривожланиш соҳасидаги устувор йўналишлари ҳам тақдим этилди.
Якунда эса Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги Бош консулхонаси ва Жаҳон рақамли технологиялар академияси (WDTA) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳужжат сунъий интеллект, таълим, киберхавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш соҳаларида қўшма ташаббусларни ривожлантиришни назарда тутади.







