Замонамизга Муҳаббат Шарафутдиновалар етишмаяпти
Ишдан уйга қайтиб, эшикни очар эканман, қизим қўлида Пауло Коэльонинг инглиз тилидаги «Алкимёгар» асари билан кутиб олди.
– Ойи, тугатдим! – деди у хурсандлик билан. Аввалига шу китобни «Олиб беринг!» деганида шунчаки «Инглиз тилини ўрганаётгани учун ўқимоқчидир-да», дея ўйлагандим. Аммо унинг сўзлашидан билдимки, қизим уни фақатгина ўқимабди, балки ичида яшабди. Қаҳрамоннинг йўли, белгилар, тақдир, орзу, юрак овози… У жўшиб гапирар экан, мен 20 йил ортга, китобни танлаб ва тушуниб ўқишни ўргатган Муҳаббат Шарафутдинованинг дарсларига қайтдим...
8-аудитория. Эркин ўрнатилган стол-стуллар. Парта устида «Алкимёгар» асари. Доска олдида эса устозим. У китобни ўқиш эмас, балки уқиш тилсимини ўргатарди. Кулганда аудитория ёришиб кетарди. Жаҳл қилганини эса ҳеч кўрмаганмиз, фақат бир оғиз, ўйлантирувчи жумла айтарди, биз ерга қараб қолардик. У нодир асарларни биз билан биргаликда муҳокама қилиш орқали, аввало, ўзбек, қолаверса, жаҳон адабиётига бўлган қизиқиш ва ҳурматимизни оширган. Айниқса, «Ўткан кунлар» ва «Кеча ва кундуз» асарларига бағишланган дарслар ҳалигача эсимда. Бир сафар Муҳаббат опа «Алкимёгар» китобини ўқиб келишимизни буюрди. Келаси дарсда биз асар мазмунини гапириб берса керак, деб кутдик. Устоз эса китобни ёпиб қўйди. «Асарни ҳикоя қилиб беришингиз шарт эмас. Менга муаллифнинг қалбини топиб беринглар», деди. Синфга сукунат чўкиб, ҳаммамиз жим бўлиб қолдик. Мулзам бўлиб турганимизни кўрди-да, саволни бошқачароқ берди:
– Ёзувчи нима демоқчи? Қайси жойида у сиз билан сирлашяпти?
Бирин-кетин қўллар кўтарилди. Кимдир ёзувчининг ғоясини таҳлил қила бошлади. Яна бошқа биров асар қаҳрамони билан ўзини таққослай бошлади. Хуллас, дарс қизғин мунозараларга бой бўлди. Ва ана шу баҳслар ортидан биз ёзувчининг қаҳрамон тилидан «айттирган» жумлалари, хулосаларини ўйлаганимиздан-да чуқурроқ англадик.
Шунда тушундимки, адабиёт сирли олам экан. Чунки асарни ҳар ўқиганингда ўзинг учун янги маъно кашф этасан. Битта асарни 10 киши ўқиб, 10 хил хулоса чиқаради. Устознинг ўзига хос услублари бор эди. Бизга китобни ўқитмас, унга киришни ўргатарди. Ҳеч қачон тайёр фикр айтмасди. «Бу ерда муаллиф нимани яширган?», «Қаҳрамон рост гапиряптими?», «Агар сиз ёзувчи бўлганингизда, асарнинг тугашини ўзгартирган бўлар- дингизми?» каби саволлар берарди. Аввало, бу саволлар бизни ўйлашга мажбур қиларди. Китобни тушунишни, ёзувчининг ғоясини таҳлил қилишни ўргатарди.
Муҳаббат опа яна бир гапни таъкидларди: «Асарни эмас, ўзингизни ўқинг. Китобда сиз ҳақингизда гапирган жойини топинг». Ана шу гаплардан кейин асардаги айрим жумлаларни ҳаётий хулосаларимиз билан боғлашга ёки таққослашга ҳаракат қилардик. Хуллас, 80 дақиқалик дарс бирпасда ўтиб кетганини билмай қолардик. Дарс якунида янги асар номи эълон қилинар ва бир ҳафта ичида ўша китобни топиб ўқиб боришимиз керак эди. Шу боис машғулотдан чиқибоқ, икки гуруҳга бўлинардик. Ярмимиз Чорсу бозоридаги Турон кутубхонасига, ярмимиз Навоий кутубхонасига кетардик. Мақсадимиз – ҳаммадан олдинроқ бориб китобни олиш. Китоб навбат билан, қўлма-қўл ўқиларди. Энг муҳими, бу мажбурият эмас, қизиқиш ва ички истак-хоҳиш билан бўларди.
Дарс бошланишида барчамиз ҳаяжон билан ўтирардик. Ҳамма тайёрланиб келган, асар муҳокамаси қизғин кечадиган имтиҳон эди гўё. Баъзи кунлари айрим дарслар бошлангунича ёки танаффусда ҳам ҳафтанинг ҳар сешанба куни бўладиган «Адабиёт назарияси» дарсига тайёргарлигимизни муҳокама қилиб қолардик.
«Дарсга тайёрмисан?», «Асарнинг нечанчи бетига келдинг?», «Китобни қандай топдинг?»... Биз қизлар эса баъзида Муҳаббат опанинг нафақат дарс билан боғлиқ мулоҳазаларини, балки ўзини тутиши-ю, ички маданияти, аёллик нафосати-ю, гўзаллигини ҳам ҳурмат ва ҳавас билан гапирардик. Балки устознинг фанига бўлган муҳаббатимиз унинг шахсиятига бўлган ҳурмат орқали ҳам уйғонган бўлса, ажаб эмас. Зеро, у ана шундай юксак даражадаги, ҳақиқий устозлик мақомига етган инсон эди.
Аммо, минг афсуски, олижаноб, зукко, ўз фанининг билимдони бўлган устоз ҳаётни эрта – 62 ёшида тарк этди. 2013 йили бу ҳақдаги хабарни эшитиб, биз – Муҳаббат опа ўқитган бир гуруҳ талабалар қулоғимизга ишонмаганмиз.
Оғир хўрсиниб, ҳаётнинг кутилмаган ишларидан ҳангу манг бўлиб қолганмиз.
Хотиралар фақат дарслар билан тугамайди. Бир манзара борки, у юрагимда муҳрланиб қолган. Талабалар ётоқхонасида яшардик. Ўқитувчилар навбат билан келиб туришарди. Бир куни ошхонада навбатчи эдим. Овқатга вақтлироқ уннаб, унга кўз-қулоқ бўлиб турсам, бирин-кетин қозон кўтарган қизлар кириб кела бошлади.
Уларнинг ортидан эса Муҳаббат Озодовна!
Шошиб қолдим. Хонамизга таклиф қилдим. У эса аввал ҳол-аҳвол сўради, нима юмуш билан бандлигимга қизиқди.
– Аввал бошқаларни ҳам кўрай, кейин сизларнинг олдингизга, – дедилар. Ва мен устозга эргашдим. Улар хонама-хона юрар экан, қизларнинг ёнига кириб, шунчаки «Ўқишларингиз қалай?» дейиш билан кифояланмасдан, «Қийналмаяпсизларми?», «Уйингизни соғинмаяпсизларми?» деб сўради, мулоқот қилди. Кўчадаги фаст-фудларни кўп еманглар, иссиқ овқатнинг ўрнини ҳеч нима босолмайди, деган мазмунда гапирдилар. Устознинг қизлар билан мулоқотини кўриб, онамнинг ғамхўрлиги эсимга тушди, меҳрни ҳис қилдим.
Кейин бизнинг хонамизга кирди. Ўша куни пиширган оддийгина таомимизни биз билан бирга еди. Меҳмон эмас, худди оила аъзосидек ўтирди. Ўша суҳбатда устозни бошқа томондан кўрдик. У ўз оиласи, фарзандлари, турмуш ўртоғи, неваралари ҳақида гапирди.
Дарвоқе, Муҳаббат опа, машҳур адабиётшунос олим, публицист – Озод Шарафутдиновнинг қизлари эканини айтиш ёдимдан чиқибди. Ўзим шу ёшгача таниган-билган машҳур инсонлар ичида, улардек отасига муносиб, доно ва зиёли аёлларни кам кўрганман.
Йиллар ўтди. Бугун болалар китоб ўқимаяпти, деймиз. Лекин Муҳаббат Озодовна қандай ўқитганини эслайман. У мажбурламасди, қизиқтирарди. Буюрмасди, мустақил фикрлашга чорларди. Ўйлаб қоламан, замонамизга бизга китобни севдирган Муҳаббат Озодовнадек етук педагоглар етишмаяпти. Қанийди, улар каби, аввало, боланинг қалбини уйғота оладиган устозлар кўп бўлса!
Муҳаббат Шарафиддинова баъзида «Бир дақиқа асар ҳақида» деган челленж ҳам ўтказарди. Унда ўқишга берилган китоб ҳақида навбат билан бир дақиқа қисқа ва лўнда фикр юритардик. Охирида устоз савол берарди:
«Ёзувчи бу асар орқали нима демоқчи?», «Қаҳрамон ҳаракатлари орқали қандай хулоса чиқариш мумкин?», «Агар шу воқеа реал ҳаётда бўлса, сиз нима қилган бўлардингиз?», «Бош қаҳрамон қайси жойда тўғри иш қилди, қайси жойда хато қилди?», «Асардаги қайси образ сизга яқин туюлди ва нимаси билан?», «Асардаги муаммо бугун ҳам борми?», «Бу асар сизга нимани ўргатди?».
Назаримда, бугун мактабдаги адабиёт дарсларида ҳам шу каби усуллардан кўпроқ фойдаланиш керак. «Қаҳрамон билан суҳбат», «Қаҳрамон билан интервью» каби мавзуларда иншо ёздириш ҳам ўқувчиларга адабиётни севдиришда муҳим ёрдамчи бўлади. Аммо, энг муҳими, оилада бўлиши керак. Фарзандларимизга китоб совға қилиш, аввало, ўзимиз уларга кўрсатиб китоб ўқишимиз, таассуротларимизни улар билан бўлашиш ҳам жуда яхши самара беради. Қолаверса, муаллим китобни ўқитиши эмас, уни тушунишнинг калитини бериши керак. Калит эса қизиқиш, суҳбат, савол-жавоб, ўқувчига ҳурмат ва меҳр орқали амалга ошади. Муҳаббат Озодовна шуни биларди.
Қизим томонидан бўлган «Алкимёгар»нинг инглизчасини олиб беринг!» деган яхши талабга ҳам мен ўша устоз ўргатган, юқоридаги тавсияларга озми-кўпми амал қилганлигим туфайли эришдим. Шу боис қизим «Алкимёгар» ҳақида жўшиб гапираётганида унинг кўзларида Муҳаббат Озодовнани кўрдим. Бу тасодиф эмас, устоздан менга, мендан қизимга ўтиб келаётган адабиётга муҳаббат.
Оддий дарслари орқали ана шу туйғуларни юқтира олгани, қалбимизни уйғота олганликлари учун Муҳаббат Шарафутдиновадан умрбод миннатдормиз.
Зебо НАМОЗОВА
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0