Жамият совуқ кутиб олган “мужда”: ҳар 5 йилда алмашувчи техпаспорт
1 апрелдан жамият ҳаётида қатор ўзгаришлар содир бўлди. Жумладан, нақд пулни чеклаш доирасида заправкалар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотувчи дўконлар ва 25 млн сўмдан ошиқ келишувлар нақдсиз тўлов шаклига ўтди. Буларни “ҳазм қилиб улгурмасдан”, автомобиллар техпаспорти бўйича янгилик чиқди. Эндиликда улар ҳар беш йилга берилиши белгиланди. Ушбу янгилик ижтимоий тармоқлар ва блогерлар томонидан бир қадар совуқ кутиб олинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 мартдаги қарорига кўра, Ўзбекистонда энди автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳномани (“техпаспорт”) ҳар 5 йилда алмаштириш мажбурий бўлади. Таъкидлаш керакки, гувоҳнома муддати чегараланмаган, фақат транспорт эгаси ёки эгасининг уй манзили ўзгарса қайта расмийлаштирилар эди.
Кўпчилик жамоатчилик вакиллари ва блогерлар бу қарорга “янги товон” ёки “янги ўлпон” дея тариф беришди. 2024 йил 1 апрелдан электромобиллар, мототранспорт воситалари ва тиркамаларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар ставкаси 15 бараварга — 1,5 БҲМгача (ҳозирда 618 минг сўм), қолган барча автомобиллар бўйича ставка 68,4 бараварга, 6,84 БҲМга (ҳозирда 2 818 080 сўм) оширилганди. Ҳозирда техпаспорт алмаштиришда қанча тўлов тўланиши ҳақида изоҳ берилмади, аммо катта эҳтимол билан қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар ставкаси билан боғланиши мумкин.
Иқтисодчи блогер Отабек Бакировга техпаспортни алмаштириш учун тўлов миқдорининг эълон қилинмаётгани жуда шубҳали. “2 йил аввал автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун тўлов миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,1 баробаридан 6,84 бараваригача, яъни 68,4 карра оширилган эди. Янги товон учун янги миқдорда тўлов белгиланадими ёки 6,84 БҲМ ёки 2 818 080 сўм тўлашга тўғри келадими? Қизиқ тарафи, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳнома 5 йил муддатга расмийлаштирилиши талаби, худди 2 йил аввал автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун тўлов 68,4 карра оширилгандаги каби ҳеч қаерда муҳокамага қўйилмаган. Бунга қайси сабаблар асос ва зарурият бўлгани ҳам изоҳланмаган. Агар техпаспортни ҳар 5 йилда алмаштириш тўлови автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун тўлов миқдори даражасида қолса, бу қўшимча яна 2,8 трлн.сўм дегани”, дея ёзади блогер.
Бошқа бир блогер эса, санъаткорлардан солиқ олиниши мавзусининг трендга чиқиши техпаспорт каби масалаларга эътиборни камайтириш учун қилинаётган бўлиши мумкинлиги эҳтимолини ўртага ташлади. Албатта, балки гап кўпроқ истеҳзо маъносида айтилгандир, аммо бундай масалаларда жамоатчилик фикрини инобатга олмасдан туриб қарор қабул қилиш очиқлик ва шаффофлик каби принципларга тўғри келмайди. Ҳар йили камида бир миллион автотранспорт воситаси рўйхатга олинаётгани ҳисобга олинса (мопед ва скутерлар билан янада кўпроқ), ҳар йили камида бир миллион техпаспорт устига қўшимча равишда 5 йилдан ошган автотранспортлар бўйича яна бир миллион техпаспорт алмашади. Бу ҳам бор гап.
Танқид ва норозиликлардан сўнг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати мавзу юзасидан тушунтириш берди. Маълум бўлишича, 5 йил амал қиладиган техпаспортлар 2026 йил 1 апрелдан кейин бериладиган ҳужжатларга нисбатан амал қилади. Бундан ташқари масъуллар автомобил агрегатлари инвентаризацияси ва унинг техник ҳолатини текшириш масаласини ҳам сабаб қилиб кўрсатган. Ҳужжатларнинг ҳар 5 ёки 10 йилда ўзгариб туришига паспорт ва ID-карталар мисол қилиб келтирилган.
Бироқ шу ўринда савол туғилади: автомобил техпаспортини шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар билан тенглаштириш тўғримикан? Автомобилни носозлигини текшириш учун эса техник кўрик воситалари мавжуд.
“Ҳатто ҳар 10 йилда бир алмаштириладиган ID карта ва паспортнинг алмаштирилиши ҳужжатда сурати жойлаштирилган шахснинг ташқи биологик кўриниши ўзгариши билан боғлиқ. Техпаспортда эса автомобил эгасининг сурати йўқ (агар техпаспортга сурат ҳам жойлаштирилса, яна бир абсурд бўларди). Айрим давлатлар эса аллақачон жисмоний техпаспортдан воз кечиб муддатсиз электрон техпаспортларга ўтмоқда”, дея фикрини билдиради Отабек Бакиров.
Дунёда, масалан Европа Иттифоқи мамлакатларида автомобилнинг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (техпаспорт) одатда муддатсиз берилади. Яъни, ҳужжатнинг ўзида амал қилиш муддати кўрсатилмайди ва машина эгаси алмашмагунча ёки техник маълумотлар ўзгармагунча янгиланмайди. Бироқ, бу борада бир нечта муҳим жиҳатларни ҳисобга олиш лозим: мисол учун техник кўрик (Periodical Technical Inspection).
Гарчи техпаспорт муддатсиз бўлса-да, автомобилдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун мунтазам техник кўрикдан ўтиш шарт. Техник кўрик муддатлари давлатга қараб фарқ қилиши мумкин. Янги автомобиллар учун одатда биринчи техник кўрик 3 ёки 4 йилдан кейин амалга оширилади. Эски автомобиллар учун: Кейинчалик ҳар 2 йилда ёки ҳар йили (масалан, Буюк Британияда 3 ёшдан ошган машиналар учун ҳар йили) техник кўрикдан ўтиш талаб этилади.
Аввалги мақолаларимиздан бирида байрамлар арафасида такси нархлари кескин ошиб кетиши ҳақида фикр юритгандик. Ўшанда жарималар, ёқилғи муаммоси, тирбандлик ва бошқа муаммолар келтириб ўтилганди. Техпаспорт масаласи кўтарилгандан кейин ҳужжатлар масаласини ҳам ушбу муаммога қўшиб қўйсак ҳам бўлаверади. Чунки, Ўзбекистонда йилдан йилга шахсий автомобилга эга бўлиш, уни ҳужжатлаштириш тўловлари ошиб бормоқда. Балки, бу бир томондан (масалан машиналар камайиши ва экологияга ижобий таъсир) яхшидир, аммо ҳозирча ижобий ўзгариш сезилмаяпти.
Аслида техпаспорт алмаштириш тартиби, янги тўловлар масаласида батафсил тушунтириш лозим эди. Аммо тегишли ташкилотлар дарров аввалгидек, “жамоатчилик томонидан вазиятни ўзгача талқин қилиш” важини келтиришди. Масалан, Адлия вазирлиги масаланинг ҳуқуқий томонлари бўйича тушунтириш билан чиқса ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0