Табиатнинг инсониятга мурожаати
Агар табиат инсониятга мурожаат қилганида, эҳтимол, шундай дер эди: «Эй инсон! Мен сени минг йиллар давомида бағримда асрадим. Сенга яшаш учун ҳаво, сув, тупроқ, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини бердим. Сен бойликларимдан фойдаланиб, ҳаётингни яхшиладинг. Аммо бугунги фаолиятинг мувозанатимга кучли таъсир кўрсатмоқда. Мени асра, чунки менинг соғлиғим сенинг ҳаётингдир».
Бугунги кунда бу мурожаатни турли экологик муаммолар орқали эшитиш мумкин. Ҳаво ифлосланиши, сув ресурслари камайиши, тупроқ унумдорлиги пасайиши, чиқинди миқдори ортиши, иқлим ўзгариши, чўлланиш ва биологик хилма-хилликнинг қисқариши шулар жумласидандир. Бу муаммолар бирор ҳудуд ёки битта давлатга тегишли эмас, бутун инсоният олдида турган умумий хавфдир. Чунки табиат чегараларни тан олмайди: бир ҳудуддаги ҳаво ифлосланиши, сув танқислиги ёки иқлим ўзгариши бошқа ҳудудларга ҳам таъсир кўрсатиши аниқ.
Табиат инсониятга, энг аввало, ҳаво орқали мурожаат қилади. Тоза ҳаво барча тирик мавжудотлар учун зарур. Аммо саноат корхоналари, транспорт воситалари, ёнилғи-ёқилғи ёниши, қурилиш ишлари ва чанг-тўзонлар атмосфера ҳавоси ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Ҳаво таркибидаги зарарли моддалар инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Нафас олиш йўллари касалликлари, аллергия, юрак-қон томир муаммолари ва умумий иммунитет пасайиши ифлос ҳаво билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Табиатнинг яна бир муҳим мурожаати сув билан боғлиқ. Сув ҳаётнинг асоси ҳисобланади. Инсон танасининг катта қисми сувдан иборат, ўсимликлар сув орқали озиқланади, ҳайвонлар ва барча экотизимлар сувга муҳтож. Табиат гўё сув орқали инсониятга: «Ҳар бир томчимни қадрланг, чунки сувсиз ҳаёт йўқ!» деб мурожаат қилмоқда.
Тупроқ ҳам бебаҳо бойликдир. Инсоният озиқ-овқатининг катта қисми унинг унумдорлиги ҳисобга етиштирилади. Тупроқ оддий ер қатлами эмас, балки тирик организмлар, микроорганизмлар, минерал моддалар, намлик ва органик қолдиқлар иштирокида шаклланган мураккаб табиий тизимдир. Тупроқнинг заифлашиши эса ҳосилдорлик камайиши, озиқ-овқат хавфсизлиги издан чиқиши ва иқтисодий муаммоларга олиб келади.
Табиат инсониятга ўсимликлар дунёси орқали ҳам мурожаат қилади. Дарахтлар ҳавони тозалайди, кислород ажратади, чангни ушлаб қолади, ёзда салқинлик беради, қушлар ва бошқа жониворлар учун яшаш жойи яратади. Яшил ҳудудлар инсон руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Ҳайвонлар эса экотизимда муайян вазифани бажаради. Баъзилари ўсимлик уруғларини тарқатади, бошқалари зараркунандалар сонини камайтиради, айримлари эса озиқ занжирининг муҳим бўғини ҳисобланади. Агар бир тур йўқолса, бу бошқасига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Табиатнинг бу борадаги мурожаати жуда оддий: «Ҳар бир тирик мавжудотнинг ўз ўрни бор, уларни асранг!».
Бугунги экологик муаммоларнинг асосий сабабларидан бири инсоннинг табиатга истеъмолчи сифатида шафқатсизларча муносабатда бўлишидир. Дарахт кесади, аммо янгисини экмайди. Сувдан фойдаланади, аммо тежашни ўйламайди. Тупроқдан ҳосил олади, аммо унинг унумдорлигини тиклашга етарлича эътибор бермайди. Чиқинди чиқаради, аммо уни саралаш ва қайта ишлашга бефарқ қарайди.
Табиатнинг инсониятга мурожаати аслида масъулиятга чақириқдир. Бу ҳар бир инсондан катта қурбонлик эмас, оддий эътибор ва маданият талаб қилади. Сувни беҳуда оқизмаслик, электр энергиясини тежаш, чиқиндини белгиланган жойга ташлаш, пластик идиш-буюмлардан камроқ фойдаланиш, дарахт экиш, кўчатларни парваришлаш, табиат қўйнида дам олганда атрофни ифлослантирмаслик – булар ҳар ким ҳам бажара оладиган оддий амаллар. Улар кўпчилик томонидан бажарилса, катта натижа беради.
Экологик маданият оиладан, таълимдан ва жамиятдан бошланади. Болани табиатни асрашга фақат гап билан эмас, амалий намуна орқали ўргатиш керак. Агар бола катталарнинг дарахтга меҳр билан қарашини, сувни тежашини, чиқиндини ерга ташламаслигини кўрса, бу одат унинг ҳаёт тарзига айланади. Барча таълим муассасаларида экологик билимлар нафақат назарий, балки амалий машғулотлар орқали ҳам мустаҳкамланиши зарур. Чунки табиатни севиш фақат билим эмас, балки тарбия ва одат масаласидир.
Табиатга муносабатда давлат сиёсати, қонунлар ва жамоатчилик назорати ҳам муҳим ўрин тутади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни бошқариш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар экологик барқарорликка хизмат қилади. Аммо ҳеч бир қонун инсоннинг ички масъулиятисиз тўлиқ самара бермайди. Табиатни асраш учун давлат, жамият ва ҳар бир фуқаро биргаликда ҳаракат қилиши лозим.
Табиат инсониятга жим туриб ҳам кўп нарсани англатади. Қурғоқчилик – сувни қадрлаш кераклигини, чангли ҳаво – яшил ҳудудларни кўпайтириш зарурлигини, шўрланган тупроқ – ердан оқилона фойдаланиш лозимлигини, камайиб бораётган ҳайвонлар – биологик хилма-хилликни ҳимоя қилиш кераклигини эслатади. Демак, табиатнинг тили бор. Фақат бу тил сўзлардан эмас, белгилар, ўзгаришлар ва огоҳлантиришлардан иборат.
Табиат инсондан меҳр, эътибор ва масъулият кутмоқда. Инсон эса бу мурожаатни вақтида англаб, ўз ҳаёт тарзини у билан уйғунлаштириши керак. Чунки табиатни асраш соғлом ҳаётни, барқарор келажакни ва инсоният давомийлигини асрашдир.
Табиат инсониятга ҳар куни мурожаат қилмоқда.
Биз унинг чақириғини эшитсак, бас!
Адамбой МАШАРИПОВ,
Урганч давлат университетининг Экология ва ҳаёт
фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0