Шуҳрат Орипов: Медиа майдонда ёшлар ташлаб қўйилмайди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан “Пайшанба – ёшлар куни” доирасида 50 нафардан ортиқ ёш журналист иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбир ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Учрашув самимий ва очиқ руҳда кечди. Унда сўзга чиққанлар бугунги кунда ёш журналистлар учун яратилаётган имкониятлар, медиа соҳасида малака ошириш, шунингдек, замонавий ахборот маконида фаол ва масъулиятли ишлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш, ёш ижодкорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни профессионал журналистика мактаби асосида тарбиялаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, Журналистлар уюшмаси томонидан ёш журналистлар учун медиа мактаблари, турли тренинг ва семинарлар ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳам маълум қилинди.
Мулоқот давомида ёш журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан уюшма раҳбариятига мурожаат қилди. Хусусан, журналистларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва соҳада тажриба орттириш имкониятлари ҳақида фикр алмашилди. Илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар диққат билан тингланиб, уларга атрофлича жавоблар берилди.
Журналистлар хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимояси ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов:
— Уюшманинг асосий вазифаси – журналистларни ҳимоя қилиш, — дея таъкидлади.
Тадбир иштирокчилари бундай учрашувлар ёш журналистлар учун муҳим тажриба майдони бўлиб хизмат қилишини қайд этди. Чунки очиқ мулоқот орқали ёшлар нафақат ўз саволларига жавоб топади, балки соҳа ривожи учун муҳим бўлган ғоя ва таклифларини ҳам илгари суриш имкониятига эга бўлади.
Мазкур учрашув ёш журналистларнинг касбий фаолиятига янги руҳ бағишлаб, уларни янада фаол ва масъулият билан ишлашга ундади.
Диёра Равшанова
Ishonch.uz
Фото: Эъзоза Умр




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0