“Сиқилма” клипи: сюжет саёз, ечим жуда оддий. Муаллифлар нима демоқчи?
Хонанда Машҳур Муҳаммаднинг қўшиғи оммалашиб кетгач, кўпчилик бир гапни қайтариб қолди: шундай қўшиқнинг қулинг ўргилсин бир клипи йўқда. Ҳатто қўшиққа ҳаваскор клиплар ишлаганларам бўлди. Кунлар ўтди, ҳафталар ўтди, қўшиқ баттар оммалашиб, дазмолни ёқсангизам, чиқиб келаверди. Ваниҳоят, клип ҳам ишланди. Тармоққа ҳам жойланди, кўришлар сониям ёмонмас, аллақачон етти миллионга яқинлашди. Аммо ҳамма гап бу ҳақда эмас. Аслида, қўшиқнинг ўзигаку эътироз йўқ эди, бироқ кутилган клип томошабинда ҳам, зиёлида ҳам бир қанча саволларни уйғотди.
Клипнинг сюжети ҳақида қисқача гапириб ўтамиз. Сюжет ҳаётда учрайдиган воқеаларга асосланган, осмондан олинмаган. Унда учта асосий муаммоли тақдирлар кўтариб чиқилган. Омади юришмаган, ижарага машина ҳайдаб қарзга ботган ҳайдовчи, онаси оғир касалга чалинган ака-сингил, эри болалари билан кўчага ҳайдаб юборган аёл. Холис айтганда, бундай тақдирлар ёнимизда жуда кўп. Кўзимиз ўрганиб ҳам қолди, афсуски. Аммо клип давоми, муаммо ечимига келганда, Болливуд фильмлари ҳам ип эша олмай қолди. Ғарб фильмларида мураккаб вазиятларда кучли ва қудратли қаҳрамонлар майдонга келиб, инсониятни даҳшатли ҳалокатдан қутқариб қолишарди, “Сиқилма” қўшиғи клипида эса маҳалла ва бошқа мутасадди ташкилотлар шу вазифани бажарибди. Бир томондан олганда, клипда шундай ҳаётий муаммолар кўтариб чиқилгани таҳсинга сазовор. Чунки, турли оҳ-воҳдан иборат, бош қаҳрамонини машина уриб кетадиган рангсиз клиплардан кўра ижтимоий ҳаётга дахлдор ишланган асар яхшида. Лекин муаммо кўрсатишга кўрсатиб, унинг ечимини енгил ва ялтироқ кўрсатишгани, қўшиқнинг шуҳратига соя солгани аниқ.
Ижара машинасини хўжайинга топшириб, кўнгли хуфтон бўлиб уйга қайтган қаҳрамон ҳовлисида қимматбаҳо машина турганини кўради. Қарангки, бир бой тадбиркор осмондан тушгандай, унинг оғир аҳволидан хабар топибди ва ишга олибди (албатта мутасадди ташкилотларнинг хизмати ҳам тиркаб кетилган). Онасининг оғир аҳволини ўйлаб шифохонага келган ўғилда ҳам ҳаммаси жойида, бутун харажатни давлат кўтарадиган бўлибди. Шу жойига жуда ишонгиси келади, инсонни (қани ҳамма касаллар шундай даво топиб кетса ва уларнинг яқинлари бировга сарғаймаса...). Иккала саҳнада ечим жуда бўш танланган. Ҳамма иши юришмаётган кишига ҳам бой ва халоскор тадбиркор ёрдамга кела олмаса керак. Кап-катта оила бошлиғининг ҳаракати, тиришқоқлиги ва иродаси нега бу ўринда бўрттирилмади, кўзга кўринмади? Албатта, беморларда давлат томонидан ҳам ёрдам бериб турилибди. Бироқ бугун ижтимоий тармоқлар хайрия истагидаги касаллар билан тўлиб-тошган. Касалликка чалинган онахонга дабдурустдан кўмак келиши ҳам сюжетни саёзлашишига сабаб бўлган. Ижодкорлар бошқа омилларниям қўшишса, балки тузук бўларди. Масалан, ўзбек халқи қариндоши касал бўлса қараб турмайди. Давлатнинг ёрдами билан бирга, яқинларнинг меҳр-оқибати, қолаверса сахий халқимиз омилини клипга қўшишга нима ҳалақит берган, масалан? Ёки бизнинг жамиятда бу нарса йўқми?
Учинчи вазият энг баҳслиси. Эри фарзандлари билан кўчага ҳайдаган, ота уйида аранг яшаётган аёлга кредит ажратиб, ишли қилишибди. Келинг, шу жойни чуқурроқ таҳлил қиламиз. Кредит жонивор, аввало уни мунтазам тўлашга қобилияти бор, узоқни ўйлаб режа тузадиган, салоҳиятли кишига берилади. Кредит оддий қарз эмаски, қарздор топган вақтимда қайтараман деса. Банк ажратган қарз ҳар қандай имтиёзли шартда бўлмасин, вақт ўтган сари фоиз туға бошлайди. Аслида банк ҳам маълум шартлар эвазига ушбу пулларни бошқа ташкилотлардан олган бўлади. Энди ўйланг, ҳеч нарсаси йўқ, қийналиб турган аёл, ишини йўлга қўядими, рўзғорини тиклайдими, болаларига пул сарфлайдими ёки кредит тўловларини тўлайдими? Кўчага ҳайдалган аёлга кредит бўйинтуруғидан кўра, касб-ҳунар, ойлик маош келтирадиган иш ўрни керак эмасми, аслида?!
Маҳалла ходимларни худди икки хоналик уйнинг калитини аёлга топшираётгандай, ўзини тантанали тутишику, клипнинг энг нозик нуқтасига айланган десак, адашмаймиз. Кредит мажбурликдан олинади, буни хурсандчилик билан қабул қилиш эса соғлом тасаввурга сиғмайди.
Клипга ёзилган изоҳларда бир ҳамюртимиз қисқа лўнда гапирибди-қўйибди: “Клипнинг биринчи қисми ҳақиқат, иккинчи қисми эса фантастика бўлибди!..”. Мана сизга оддий инсонларнинг холис муносабати. Улар клипнинг воқелигига шубҳа билдиришяпти, ечимлар жуда жўн эканлигини таъкидлашмоқда.
Яна бир эътиборни тортадиган жиҳат: маҳалла ходимлари, Янги Ўзбекистонга мос ечим сифатида тиқиштирилган сюжет клипга шунчаки кириб қолмаган экан. Клипни молиялаштириш ва бадиий ғоя маънавият марказига тегишли. Ҳатто марказ директори Отабек Ҳасанов уни пиар қилишга қатнашди. Демак, калаванинг учи топилди, десак ҳам бўлаверади. Маънавиятчилар клип ишланишида бош ролда эканлар. Хўш, бизга маънавият ва маърифат улашиши лозим ва лобуд бўлган ташкилот қарийб олти минутлик томошага қанча пул сарфлади? Клип сюжети жўн ва саёзроқ бўлмасин, унда кўзга кўринган, таниқли актёрлар қатнашган. Мушук текинга офтобга чиқмайди. Авваллари оддийгина клип учун 10-20 минг АҚШ доллари кетиши ҳақида эшитардик. Лекин “Сиқилма”нинг бюджети бундан анчагина катта экани аниқ... Оддий мотивацион гаплардан ташкил топган ашулани сиёсийлаштирган, аммо тарғиботда баъзи хатоларга йўл қўйганлар харажатлар борасида лом-лим дейишгани йўқ.
Ўзи Маънавият марказининг молиявий сиёсати ҳақида яқиндагина тош босадиган танқидий материал чиқарилганди. Таниқли ахборот сайтларидан бири марказнинг лойиҳаларга ажратган пуллари ва бошқа масалаларни “уриб чиқди”.
“Марказга ҳар йили миллирдлаб пуллар ажратилади. Ҳар йили маблағ миқдори ошиб боряпти. Масалан, 2023 йилда 65,7 млрд, 2024 йилда 67,8 млрд сўм берилган бўлса, бу йилга 75,4 млрд сўм ажратилган.Ўз сайтини қўя туринг, qadriyatim.uz, tanlov.manaviyat.uz сайтлари ва мобил иловаларини яратиш учун аввалига 127 млн, кейинчалик 1,2 млрд сўм сарфлаган. Афсуски, бу сайтлар ҳозир ҳам фаол ҳолатда эмас, ишламайди. Пуллар қаерга кетгани номаълум. Марказ мултфильмлар ишлаб чиқаряпти, китоблар чоп этяпти ва ҳудудларда турли лойиҳалар қиляпти. Масалан, 2024 йилда анимацион медиа-маҳсулот ва видеоролик яратиш учун Astir animation studio МЧЖга 639 млн сўм тўлаган. “Маърифат марафони”ни ўтказишга 449 млн, “Китоблараро 80 кун” лойиҳасига 257 млн сўм ишлатилган”, дейилади мақолада. Аммо ҳозирда ушбу мақола билан тўлиқ танишишнинг иложи йўқ, у аллақачон ўчириб ташланган. Шунинг ўзиёқ, жуда катта факт. Демак, марказда ишлар бир текис эмас. Бўлмаса, танқидни очиқ қабул қилиб, унга муносиб жавоб қайтаришга шунда катта ташкилот учун нима тўсқинлик қиляпти?
Яна клип масаласига қайтамиз. Яхшиликни, инсонларга ёрдам беришни тарғибот қилиш айб эмас. Бироқ клип ижодкорлари ҳам унга ижобий руҳ бераман деб, воқеаларни ўта мафкуралаштириб, оғишиб кетганини айтмасак бўлмайди.
Балки солиштириш хато бўлгандир, аммо бир нарса ёдимда, Ойбек “Қутлуғ қон” романини ёзаркан, унга рус коммунисти Петров образини киритган, мажбурликдан киритилган бу қисм, роман якунини бироз чучмаллаштирган. Худди шундай ҳолат “Болалик хотиралари” қиссаси якунида ҳам кузатилган. Ойбек домлаку, замона зайлидан, Сталиннинг аёвсиз ўлим машинаси сабаб шу ишга мажбур бўлгандир, аммо ҳозир мустақиллик, очиқлик замонику. Нега клип ижодкорлари бироз жонларини қийнаб, тош босадиган лойиҳа яратишмади, деган савол туғилади. Ахир бугун муаммони ечиш фақат кредит олиш билан тугамайдику. Мақсад иложсизларда кредит олишни тарғиб этишми? Кредит олаётган одамнинг молиявий саводхонлиги, иқтисодий аҳволи ва бошқа рискларни ким ўйлайди? Ҳарҳолда маънавият мутасаддилар бу фикрларни ўқиб, ўзларига хулоса чиқарар, соғлом қарор қабул қилишар, деган умиддаман. Шунча меҳнат қилиб клип олишибди, уларнинг ишидан шунча савол туғилди. Аслида, кишида савол ва мулоҳаза туғдирган лойиҳаларнинг бўлгани ҳам яхши.
Бошқа томондан ўйлаб қоламан, қани энди бу клип ҳақиқатга айланса. Мамлакатимда ишсизлик барҳам топиб, одамлар шодон яшаса, касалхоналар ҳовлисида шумшайиб ўтирган беморлар ва уларнинг яқинларига давлатдан ғойибона нажот келса, минглаб қийналаётган оилалар ярашиб, гуллаб кетса...
Аммо буларнинг барчаси ҳозирча клипларда содир бўлмоқда, холос. Ташқарида эса шафқатсиз реаллик бизни таъқиб қилмоқда.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0