Россияда миграция сиёсати янада қатъийлашиши мумкин
Россияда ҳукмрон «Ягона Россия» партияси мигрантлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан «нол даражали тоқат» тамойилини жорий этишни таклиф қилмоқда. Бу таклиф партиянинг халқ дастури лойиҳасидан ўрин олган.
Ҳужжатга кўра, хорижликлар Россия қонунчилигини бузган тақдирда, уларга нисбатан жавобгарлик муқаррар равишда қўлланиши керак. Шу билан бирга, миграция сиёсатида Россия фуқароларининг манфаатлари, хавфсизлиги ҳамда ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари устувор бўлиши лозим.
Яна бир таклиф — транспорт инфратузилмаси объектларида миграция назоратининг ягона тизимини яратиш. У орқали қонунбузарларни аниқлаш ва ноқонуний миграцияга чек қўйиш кўзда тутилмоқда.
Партия хорижий ишчи кучини жалб қилиш тартибини ҳам тизимлаштириш тарафдори. Бунда мигрантларни муайян ҳудудлар ва иш берувчиларнинг ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиқиб жалб қилиш, шунингдек, хорижликларни рақамли идентификация қилиш ва уларнинг Россияга кириш ҳамда мамлакатда бўлиш қоидаларига риоя этишини назорат қилишни кучайтириш таклиф этилган.
Россия қонунларини бузган ёки мамлакатнинг анъанавий қадриятларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатган хорижликларни чиқариб юбориш жараёнини ҳам алоҳида назорат қилиш таклиф қилинмоқда. Бундай шахсларга Россияга қайта кириш имкониятини ҳам чеклаш таклиф этилган.
Аввалроқ Россияда хорижлик ишчилар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 30 фоизга ошириш, барча пул ўтказмаларидан 3 фоизлик йиғим ундириш, мигрантларни нафақат ўзлари, балки вояга етмаган фарзандлари учун ҳам меҳнат патенти тўловини амалга оширишга мажбурлаш таклифлари илгари сурилган эди.
Шунингдек, айрим ҳудудларда хорижликлар патент асосида ишлай олмайдиган соҳалар рўйхати кенгайтирилди. Россияда хусусий шахслар қўлида ишлайдиган меҳнат мигрантлари ўзлари ва Россияда яшовчи оила аъзолари учун даромад солиғи бўйича аванс тўловларини амалга ошириши назарда тутилган қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, миграция соҳасидаги давлат божлари сезиларли даражада оширилди. Давлат думаси хорижликларнинг Россияда бўлиш талабларини кучайтирувчи қонунни қабул қилди. Айни пайтда мигрантлар учун мобил телефонда рақамли профиль жорий этиш тизими ҳам татбиқ этилмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0