Президент Урганч аэропортини модернизация қилаётган кореялик мутахассислар билан учрашди
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 1 май куни Хоразмга ташрифи доирасида ушбу компания ва лойиҳа раҳбарлари билан суҳбатлашди.
Компания президенти Инчон халқаро аэропорти сиғими бўйича дунёда учинчи ўринда туриши, сервис бўйича етакчилардан бири эканини айтди. Урганч компаниянинг иккинчи аэропорти бўлишини таъкидлаб, уни янгилаш ва бошқариш режаларини маълум қилди.
Давлат раҳбари бундай илғор компания билан шерикликдан хурсандлигини таъкидлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикрларини билдирди.
- Хоразмда кўплаб замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва савдо марказлари барпо этаяпмиз. Келажакда сайёҳлар оқимини 5 миллионга етказишни мақсад қилганмиз. Буни аэропорт билан ҳамоҳанг қилсак, ўзаро манфаатли бўлади, даромад кўпаяди, - деди Шавкат Мирзиёев.
Хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда самолётлар олиб келиб, ташувларни кўпайтириш бўйича фикр алмашилди. Ушбу шерикликдан фойдаланиб, сервис бўйича Корея тажрибасини ўрганиш, мутахассисларимизни ўқитиш ва малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 223 миллион АҚШ доллари бўлиб, унинг доирасида янги учиш-қўниш йўлаги, йўловчи ва юк терминаллари қуриш, “ICAO” талабларига жавоб берувчи ёритиш-сигнал қурилмалари ўрнатиш, махсус техникалар харид қилиш кўзда тутилган.
Қурилиш-реконструкция ишлари 2025-2027 йиллар давомида амалга оширилади. Буларнинг натижасида аэропорт Boeing 747 ва Airbus 350 каби йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга бўлади. Аэровокзалнинг умумий майдони 39 минг квадрат метрга етиб, соатига 1 минг 300 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қуввати яратилади.
Умуман, бундай замонавий инфратузилма орқали Хоразм аэропорти энг қулай йўналишлардан бирига айланади. Хоразмнинг хорижлик сайёҳлар учун жозибадорлигини оширишга ҳамда мамлакатимиз авиация соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Бўлажак янги терминал лойиҳаси ҳам тақдимот қилинди. Президент унинг ички ва ташқи қиёфасида миллий руҳни акс эттириш бўйича тавсиялар берди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0