Валюта UZS
  • USD

    12 171.61-24.39

  • EUR

    14 117.85-23.41

  • RUB

    149.80-1.94

+26C

+26C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+26c

  • Hozir

    +26 C

  • 16:00

    +26 C

  • 17:00

    +25 C

  • 18:00

    +24 C

  • 19:00

    +22 C

  • 20:00

    +21 C

  • 21:00

    +20 C

  • 22:00

    +19 C

  • 23:00

    +17 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Payshanba, 26-March

+26C

  • Hozir

    +26 C

  • 16:00

    +26 C

  • 17:00

    +25 C

  • 18:00

    +24 C

  • 19:00

    +22 C

  • 20:00

    +21 C

  • 21:00

    +20 C

  • 22:00

    +19 C

  • 23:00

    +17 C

  • Payshanba, 26

    +26 +20

  • Juma, 27

    +27 +20

  • Shanba, 28

    +28 +20

  • Yakshanba, 29

    +19 +20

  • Dushanba, 30

    +25 +20

  • Seshanba, 31

    +26 +20

  • Chorshanba, 01

    +27 +20

  • Payshanba, 02

    +20 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Ғоялар майдонидаги бўшлиқ! Уни нималар билан тўлдиряпмиз?

Жамият
35 17:17 | 26.03.2026 17:17

Турли давраларда «идеология», «мафкура» деган сўзларни эшитсак, биз – шўролар даврида озми-кўпми яшаб қўйганлар, бир сесканиб оламиз. Ҳақиқатан, бу сўзлар, энг аввало, собиқ Иттифоқ даврида халқимиз бошига тушган кўргуликлар, шўришларни солади ёдимизга. Тоталитар давлатнинг асосий қуроли эди коммунистик идеология. Ҳадафи эса – омма тафаккурини тизгинга солиш. Ён-атрофимизда рўй бераётган адолатсизликлар, хатоликларни кўриб-кўрмасликка, эшитиб-эшитмасликка мажбур ва маҳкум эдик. Ёқса ҳам, ёқмаса ҳам, тепада қўйилган ашулага рақс тушасан, тушмай кўр-чи!..


Шунданми, постсовет давлатларининг деярли барча конституцияларига ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси бўла олмайди, деган модда киритилган. Хусусан, «Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас», дейилади Конституциямизнинг 12-моддасида. Шубҳасиз, бу мантиқан тўғри ва инсонпарварликнинг энг олий намунасидир. Парадокс шундаки, Конституциянинг ўзи ҳам асли мафкуранинг бир кўринишидир. Унда акс этган ҳар бир модда давлат сиёсати таянадиган асос вазифасини ўтайди.


Шундай бўлса-да, дунёдаги геосиёсий вазият, турли бўҳронлар, хавф-хатарлар, янги трансформациялар, беқарорлик ва юртимиздаги вазият, назаримда, бу масалага бошқача ёндашувларни ҳам тақозо этиши керакдек. Бунга жиддий сабаблар бор, албатта. Тасаввур қилинг, мақсадингиз бор – бойиб кетмоқчисиз. Аммо унга қандай эришмоқчисиз, қайси йўлдан бормоқчисиз, бу йўлда қайси ҳаракатларни мақбул, қайсиларини номақбул деб ҳисоблайсиз? Мана шу масалаларнинг ечими сизни мақсад сари етаклайди. Демоқчиманки, мақсадингиз бўлса-ю, унга қандай эришишни билмасангиз, мақсадингиз рўёлигича қолаверади, амалга ошмайди.


Бу мисолни давлатга нисбатан ҳам қўлласа бўлади – сиёсий субъект сифатида дунёда рақобатбардош бўлиш, белгиланган вазифаларни муваффақиятли ҳал этиш учун ҳам идеология, яъни мафкура зарур. Идеология тушунчаси, одатда, икки маънода қўлланади. Кўпинча у муайян ижтимоий гуруҳнинг дунёқараши сифатида, яъни унинг манфаатларини ифода этувчи назария сифатида тушунилади. Конституцияда мафкурага нисбатан тақиқ айнан шундай тор таърифга нисбатан ишлатилаётгани ҳақиқатга яқинроқ. Дарҳақиқат, озчилик инонган ғоянинг бутун жамият учун универсал мафкурага айланиши хавфли ва номақбулдир.


Аммо идеологиянинг кенгроқ, яъни жамият онгининг инъикоси сифатидаги аҳамиятини ҳам инкор эта олмаймиз. Бу ҳолда мафкура дунёнинг умумий ва алоҳида хусусиятларини англаш даражасини акс эттирувчи назарий қарашлар тизими ўлароқ намоён бўлади. Унга кўра, мафкура жамият психологиясининг энг юксак даражасидир. Жамият психологияси эса ҳис-туйғулар, эмоциялар, кайфиятларга ўхшаш омиллар йиғиндиси бўлиб, жамиятнинг тарихий мавжудлик шарт-шароитларидан келиб чиқади ҳамда унинг ўзгаришларга нисбатан муносабати ва реакциясини белгилайди.


Мафкура мавжудликни назарий жиҳатдан анг­лашга асосланади. У юзакиликдан йироқ ва вазият тақозосидан келиб чиқмайди, аксинча, тизимли­дунёқараш хусусиятига эга. Шу сабаб мафкура жамият ҳаётининг мақсади ва маъноси каби экзистенциал саволларга жавоб излайди. Жамият онгини акс эттирувчи мафкурасиз тактик ҳаракатларни амалга ошириш мумкин, аммо стратегик йўналиш­ларни белгилашнинг асло иложи йўқ.


Шунга кўра, давлат мафкурасининг тақиқланиши икки хил оқибатга етаклайди. Биринчидан, муайян ижтимоий гуруҳ дунёқараши бутун жамият мафкурасига айланмайди. Бу, эҳтимол, энг ижобий оқибатдир. Чунки жамиятнинг маълум бир қисмига тегишли мафкура бошқа қисмлар ва ижтимоий бутунлик учун деструктив бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ягона мафкуранинг йўқлиги уларни дунёқараш сифатида қўлловчи гуруҳлар ўртасида рақобат муҳитини яратади. Бу – сиёсий тизимда демократик тамойилларни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан муҳим масала. Чунки ҳукмрон мафкура бошқа мафкуралар эркини чеклайди. Бу эса тоталитар давлат аломати бўлиб, яккафикрлиликка йўл очади.


Давлат мафкурасининг йўқлиги билан боғлиқ камчиликлар унинг афзалликларидан келиб чиқади. Турли ижтимоий гуруҳларнинг турли ­дунёқарашларга эга бўлиши халқнинг ягона миллат ўлароқ шаклланишини қийинлаштиради, низоларни кучайтиради ва жамият онгида бўлинишни чуқурлаштиради.


Агар мафкурани жамият онгининг энг олий назарий шакли сифатида қабул қилсак, ягона мафкуравий манзаранинг йўқлиги жамият онгини стратегик мақсад ва маъно шакллантирувчи даражасидан маҳрум қилади. Жамият эмоционал ва вазиятга мос реакциялар даражасида қолиб кетади. У доимий равишда ажиотаж ёки жамоавий депрессияга тушади, ҳар қандай сабабга қизғин муносабат билдиради. Бироқ ўз ҳис-туйғуларини узоқ муддатли стратегик манфаатлар билан боғлашни уддалай олмайди. Буни ижтимоий тармоқларда фаол ҳар бир ватандошимиз тўғри англаб етади, деган умиддаман. Яъни, биз жамиятда юз бераётган ҳар бир воқеа-ҳодисага яшин тезлигида муносабат билдирамиз, аммо уни чуқур таҳлил қилишда, туб илдизига етиб боришда оқсоқланамиз. Бундай ҳолат мамлакатимизда ҳам кузатилаётганидек, жамият ривожланишининг узоқ муддатли мақсадларини чуқур англамай, асосан эмоционал жамоат ҳаёти билан яшаши натижасида юзага келади.


Хўш, мафкура нима? чапанича айтганда, у – давлат ва унда яшаётган халқнинг дунёқараши. Мафкура тараққиёт йўналишини белгилайди. назаримда, уни тақиқлаган давлат ўзини ва халқини чеклайди: на давлат бирор нарсани аниқ-равшан режалаштира олади, на жамият қайси томонга қараш, нима қилиш, қандай фикрлаш кераклигини тушуниб етади.


Гапнинг индаллоси шуки, мафкурасиз давлат шитоб билан ўзгараётган дунёда рақобатбардош бўла олмайди. Сиёсий элита эмас, балки халқ бирлашиб, ҳал эта оладиган муаммолар миллий ғоясиз ўз ечимини топмайди.


Пишиқ-пухта ўйланган давлат мафкурасини халқ ижобий ва фойда келтирувчи воқелик сифатида қабул қилади, бу эса ҳимояланганлик, барқарорлик ҳиссини уйғотади ҳамда миллатнинг ўз ўрни ва эркини англашига хизмат қилади.


Тан олиш керак, давлат мафкурасининг заифлиги сабаб аҳолининг аксарияти, айниқса, ёшлар ғоясиз ҳаётга ўрганиб қолди. Ёшлар тарбияси, таълими, мақсад ва муддаоси, уларнинг жамиятга керак ёки керак эмаслиги каби масалалар билан боғлиқ муаммоларнинг туб илдизи ана шунда. Жамиятда «Биз киммиз?» ва «Биз қандай бўлишимиз керак?», «Қаёққа кетяпмиз?» деган саволлар тобора кўпроқ янграяпти...


Буларнинг барчаси бекорга эмас. Дунё шиддат билан ўзгаряпти. Энди глобал жараёнларни олдиндан башорат қилишнинг деярли имкони йўқ. Технологиялар шу қадар тез ривожланмоқдаки, вақт ва макон ҳақидаги одатий тасаввурларимиз чилпарчин бўляпти. Оддий ҳаёт ҳақиқатлари хаос ва ноаниқлик гирдобида қолиб кетяпти.


Авваллари мафкуралар ижтимоий ва сиёсий тизимлар таянчи бўлган. Улар атрофида жамият институтлари ва маданий меъёрлар шаклланган. Бу мафкуравий моделлар инсон мавжудлигига маъно бахш этиб, ахлоқий йўналишларни белгилаган. Бироқ замон ўзгарди. Бугунги кунда мафкуралар мураккаб трансформация жараёнини бошдан кечиряпти. Эндиликда ҳеч ким уларни барча саволларга жавоб бера оладиган барқарор тузилма сифатида қабул қилмаяпти. Ғоялар янги шаклларни излаяпти, тез ўзгараётган дунёга мослашяпти. Уларнинг бугунги вазифаси анъаналарни сақлаб қолишгина эмас, балки янги маъно ва қоидалар яратишдан иборат.


Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Учинчи Ренессанс» ғоя­­си мана шу эҳтиёжларнинг инъикоси сифатида муҳим аҳамиятга эга. Аммо ушбу ғоянинг амалга ошиши чуқур таҳлил, таълим-тарбия, маънавий ва ижтимоий соҳалардаги жиддий ислоҳотларга боғлиқ экани ҳам айни ҳақиқат.


«Идеология» атамаси пайдо бўлганидан бери икки юз йилдан ортиқ вақт ўтди. XVIII аср охирида бу атамани Антуан Дестют де Траси истеъмолга киритган. У идеологияни фақат ақл ҳақидаги илм, метафизикани алмаштиришга қодир фан сифатида кўрган. Идеология вақтлар ўтиб, инсон ақли ва қалбини забт этиш учун кураш рамзига айланди. Сиёсий кучлар уни таъсир ўтказишнинг кучли қуроли сифатида қўллашни ўрганишди. Шу боис унинг ҳақиқий табиати ҳақидаги баҳслар ҳамон давом этмоқда: идеология баъзан фан, баъзан эса манипуляция санъати дея таснифланяпти.


Икки аср мобайнида унинг аҳамиятини акс эттирадиган икки асосий қараш шаклланди. Гегель ва Маркс таълимотларини қўллаб-қувватловчи баъзи тадқиқотчилар идеологияни реалликнинг бузиб кўрсатилиши сифатида қабул қилишади. У гўёки ижтимоий ҳодисаларнинг асл сабабларини яширадиган иллюзияларни яратади. Бошқа олимлар эса идеологиянинг амалий аҳамиятига урғу беришади. Улар мафкурани ғоялар тизими сифатида кўриб, ижтимоий онгни тил, маданият ва коммуникациялар орқали шакллантиришини таъкидлашади. Охирги ёндашув, айниқса, рақамли аср – Интернет ва ижтимоий тармоқлар тафаккур учун муҳим майдонга айланган бугунги кунда тобора кўпроқ аҳамият касб этмоқда.


Ҳозирги даврда сиёсий ғоялар халқаро муносабатлар ва миллий хавфсизлик масалалари билан тобора чамбарчас боғланиб кетяпти. Сиёсатда коммунитаризм ва экологизм, шунингдек, глобализм ва антиглобализм мафкуралари мустаҳкам ўрин эгаллади. Баъзи анъанавий идеологемалар янгидан кашф этилди: «Олтин аср» ёки буюк миллатлар миссияси ҳақидаги афсоналар яна омма эътиборида. Ваҳима ва таҳдид ҳақидаги зиддиятли тасаввурлар ижтимоий онгнинг бир қисмига айланмоқда. Фуқаролар «тарихий аҳамиятга эга» қарорларни талаб қилишмоқда.


Дунёдаги талатўпларга қарамай, мафкура ҳануз ўз аҳамиятини йўқотмаган. У ҳали ҳам одамларга ҳаёт маъноси ва дунёдаги ўрни ҳақидаги саволларга жавоб топишда ёрдам беряпти. Зеро, ақлдан озаётган дунёда у руҳий таянч вазифасини ўтаб, хаосни тартибга солиш, жамият саъй-ҳаракатларига йўналиш бериш имконини сақлаб ­қоляпти.


Мафкура фақат ғоялар тўпламигина эмас. У шахсий ва ижтимоий манфаатларни бирлаштирувчи тизим бўлиб, мураккаб ва беқарор воқеликда ўзаро ҳамкорлик учун асос яратади. Унинг роли йўқолмайди, балки янги шакл ва маънолар билан бойиб боради. Шиддат билан ўзгараётган дунёда мафкура муҳим ижтимоий мулоқот унсури сифатидаги мавқеини сақлаб қолади.


Миллий ғояга асосланган аниқ ва кучли мафкуранинг йўқлиги постсовет жамиятларида тарқоқлик, коррупция ва ташқи таъсирлар олдида ожизликка сабаб бўлди. «Деидеологизация» шиори ортида махфий манипуляция ва истеъмол маданиятига асосланган бегона қадриятлар урчиди. табиийки, буларнинг барчаси мустақилликка бўлган таҳдидлар сирасига киради.



Мафкура давлат ва жамиятнинг бирлаштирувчи кучи бўлиб, миллий ривожланиш учун муҳим ресурсга айланиши мумкин. Унинг асосий вазифаси жамиятнинг умумий қадриятлар ва мақсадлар атрофида бирлашишини таъминлашдир.


Хўш, замонавий давлат мафкураси қандай бўлиши керак? Авваламбор, у жамият хилма-хиллигини ҳисобга олиши, келажакка бўлган ишонч­­ни мустаҳкамлаши, миллий ўзлик ва эркинликни ҳимоя қилиши зарур. Яъни мафкура жамиятни илҳомлантириши, уни зўрлаши эмас, балки ривож­ланишга ундаши керак. Фақат шу тарзда жамият ўз мақсадларига эришиши ва глобал рақобат шароитида муваффақиятга эришиши мумкин. Зеро, у йўналиш беради, илҳом бахш этади ва бирлаштиради. Усиз жамият ички мувозанатни йўқотади ва у тартибсиз ривожланади. Бироқ мафкура универсал қоида эмас: унинг зарурати ва шакли контекстга боғлиқ. Нима учун инқироз ёки улкан мақсадлар бўй кўрсатган пайтда мафкура жамиятни жипслаштирувчи қудратга эга бўлади-ю, барқарорлик даврида догмага айланади? Совет Иттифоқи тарқалиб кетгач, постсовет давлатлари мафкуравий асосни йўқотиб, қандай хавф-хатарларга дуч келганини таҳлил қилсак, бу саволларга жавоб топиш мумкин.


1991 йили СССР тарқалиб кетгач, миллионлаб одамлар ўзларини худди маънавий пойдеворларини йўқотгандек ҳис қилдилар. Умуммафкуравий тизимда яшашга ўрганган авлод учун бу ҳалокатнинг ўзгинаси эди. Эски мафкура ўрнини демократия, миллатчилик ва диний қадриятлар эгаллади.


Бир фикрни бот-бот такрорлашни истардим: қотиб қолган мафкуравий тизимлар бугунги тезкор ҳаётга мос келмайди. Аммо мафкура ҳамон зарур – у жамиятни келажакка йўналтирувчи йўлчи юлдуз вазифасини ўташи керак, жамиятнинг хилма-хиллигини ҳисобга олиб, турли гуруҳларни умумий қадриятлар атрофида бирлаштириши лозим.


Дейлик, Скандинавия давлатлари мафкураси тенглик, барқарор ривожланиш ва инновациялар асосига қурилган. Бу жамиятга уйғунликни сақлаб, инсонийлик қиёфасини йўқотмай, олға интилиш имконини беради.


Постсовет жамиятларда СССР тарқаб кетгач, ягона мафкуранинг йўқлиги қатор ижтимоий, сиё­сий ва маданий эврилишларга сабаб бўлди. Хусусан, совет мафкураси жамиятни коллективизм, тенг­лик ва биродарлик ғоялари атрофида бирлаштирган эди. Булар кетгач, қатор қадриятлар ҳам ўз аҳамиятини йўқотди ва жамият маънавий нуқтаи назардан «бўшлиқ»қа шўнғиди. Мафкурасизлик даврида жамиятларда ғоя­лар хилма-хиллиги юзага келди: демократия ва либерализмдан тортиб, миллийлик ва диний қадриятларгача. Лекин бу хилма-хиллик кўп ҳолларда тартибсиз шаклда намоён бўлиб, турли қарама-қаршиликларни келтириб чиқарди.


Мафкура бўшлиғини популизм (раҳбарлар жамиятни манипуляция қилиб, қийин масалалар учун содда ечимларни таклиф қилдилар), миллийлик (бу кўп ҳолларда асосий мафкурага айланди, аммо бошқа миллатларнинг камситилишига йўл очди), истеъмолчилик (қадриятлар бўшлиғини бойлик ва мол-мулк орқали «ўзини кўрсатиш» маданияти тўлдирди) каби тушунчалар эгаллади. Мафкурасизлик ҳокимиятнинг тез-тез ўзгариши, коррупциянинг ўсиши ва давлат институтларига ишончнинг пасайишига олиб келди.


Хуллас, жамиятни аниқ йўналишда бирлаштириш, барқарорлик, келажакка умид мафкуранинг ижобий томонлари бўлса, догматизм хавфи (мафкура бошқача фикрларни бостириш воситасига айланиши мумкин (тоталитаризм), эркинликнинг чекланиши, ҳақиқатдан узоқлашиш каби салбий жиҳатларга ҳам эга.


Мафкура ёшларга ҳаётий йўналишларни, нима учун меҳнат қилиш ва жамият қандай бўлиши кераклигини тушунтириш учун ҳам керак. Мафкурасизлик шароитида ёш авлод «идеологик хаос» қаршисида ёлғиз қолади. Яъни давлат илҳом бахш этувчи ва ишончли келажак моделини таклиф қилмаса, ёшларда умидсизлик пайдо бўлади. Улар ўзларига мос идеалларни субмаданиятларда, радикал ҳаракатларда, диний гуруҳларда, виртуал воқеликларда ва ҳатто наркотик моддалар истеъмолида қидиришни бошлайдилар. Мафкурасизлик ёшларни шахсий ютуқ ва мақсадларга йўналтиради. Бу баъзи ҳолатларда ижобий бўлиши мумкин, чунки шахсий жавобгарлик ҳиссини оширади. Аммо ­постсовет мамлакатларида бу жараён моддий бойликни асосий мақсад сифатида баҳолаш, жамият олдидаги масъулиятнинг сусайиши, ахлоқий ёки маънавий қадриятлардан кўра прагматизмнинг устунлик қилишига олиб келди. Ёшлар жамиятни ўзаро ҳамкорлик эмас, балки «омон қолиш майдони» сифатида қабул қила бошлайдилар.


Мафкурасизлик шароитида ёшлар ташқи таъсирларга ўта сезгир бўлиб қолади. Индивидуализм, эркинлик, муваффақият каби ғарб либерал қадриятлари аксарият ёшлар учун янги мафкурага айланади. Қадриятлар бўшлиғи радикал ғоялар билан ҳам тўлдирилиши мумкин. Зеро, бундай ғоялар ёшларнинг мураккаб саволларига содда жавобларни таклиф қилади.


Мафкура умумий идентлик ва маданий бирликни шакллантиради. Аксинча бўлса, ёш авлоднинг турли гуруҳларга бўлинишига олиб келади.



Мафкура нафақат қадриятларни, балки келажакни ҳам шакллантиради. Бундай ёндашув бўлмаса, ёш авлод кўпроқ қисқа муддатли мақсадларга эътибор қаратади. Дейлик, чет элга кетгиси келади. чунки у ерда ҳаёт тушунарли ва адолатлидек кўринади. Ёшлар ижтимоий муаммоларни (коррупция, экология ва ҳоказо) инкор этадилар, чунки улар муаммоларни ўзгартириш имкониятига ишонмайдилар. Муҳим ҳаётий муаммолар ўрнига трендлар (мода, ижтимоий тармоқлар...) билан шуғулланадилар.



Мафкура таълим тизимига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Зеро, мафкура соҳадаги устувор вазифаларни белгилайди, қонун ва мақсадларни шакллантиради. Аниқ мафкуравий платформанинг йўқлиги бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Хусусан, изчил таълим сиёсати бўй кўрсатмайди. Ёшлар таълим муассасаларида ўзаро боғланмаган ва жамият эҳтиёжларига мос келмайдиган маълумотларни оладилар.


Таълимга утилитар ёндашув кучаяди. Таълимнинг мақсади шахсни ривожлантириш эмас, балки «иш топиш учун касб» олишга айланади. Натижада ёшлар танқидий фикрлаш ва ўз илдизларини тушуниш қобилиятини йўқотадилар, бу уларни замон таҳдидлари олдида ночор қилиб қўяди. Буни ҳозирги кун таълим тизимидаги муаммолар мисолида яққол кўриб турибмиз.


Давлат ёшларга аниқ келажак манзарасини таклиф қилмаса, уларнинг ҳиссиётлари ва ҳаракатлари аҳамиятсиздек таассурот уйғотади. Натижада, уларда сиёсат ва ижтимоий фаолликка қизиқиш пасаяди, жамият муаммоларига бефарқлик ортади, фақат шахсий манфаатлари асосида ҳаракат қилувчи авлод шаклланади.


Бу муаммоларни енгиб ўтиш учун давлат мўътадил, ёшларга илҳом бахш этувчи мафкура яратиши керак.


Аммо мафкура қатъий қоидалар тўплами эмас, балки жамият ривожлана оладиган динамик платформа бўлиши керак. Мафкурасиз ёшлар – ўз идеалларини бошқа жойларда қидирадиган, давлат билан алоқасини йўқотадиган авлод бўлиб ­вояга етишини асло унутмаслик керак.


Шу ўринда таъкидлаш керакки, давлат ва жамият ҳаётини фақатгина қонунлар қабул қилиш билан ташкил этиб бўлмайди (бу қонунлар социо­логияда қаттиқ регуляторлар деб аталади). Уларнинг ёнида маънавият, ахлоқ ва маданий кодлар (юмшоқ регуляторлар) ҳам мавжуд бўлиши керак. Булар ҳам мафкурага асосланади.


Миллий идеологияни шакллантириш ва такомиллаштириш вазифасини сиёсий элита ўз зиммасига олади. Халқ эса натижаларни баҳолайди, уларни қабул қилади ёки қабул қилмайди. Агар элита ўз вазифасини муваффақиятли уддаласа, мамлакатда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривож­ланиш даври бошланади. Агар уддалай олмаса, мамлакат турли муаммоларга дуч келади.


Бу масалада таниқли ҳуқуқшунос А.Алексан­д­ров шундай ёзади: «Аслида давлат идеологиясига тақиқ қўйилиши давлат томонидан ҳар қандай тарғиботнинг тақиқланиши, гуманистик ва умум­инсоний қадриятларни давлат ҳокимияти органлари, таълим ва тарбия муассасалари орқали мақсадли тарғиботини тақиқлашдан бош­­қа нарса эмас. Бу эса қонунга нисбатан нигилистик муносабатнинг кучайиши, жиноятчиликнинг ўсиши ва ижтимоий ҳуқуқий онгнинг ижтимоий жиноий онг билан сиқиб чиқарилиши каби салбий оқибатларга олиб келади».


Хуллас, сўз давлатнинг фуқароларга ва фуқароларнинг давлатга нисбатан ҳурматига асосланган мафкура хусусида бормоқда. Оилага нисбатан эътибор, кексаларга ҳурмат ва болаларга ғамхўрлик мафкураси зарур. Ватандошларимизда ватанпарварликни тарбиялаш мафкураси керак. Фуқаролар ўз давлати билан фахрланиши, давлат эса фуқароларга ғамхўрлик қилиши керак. Менимча, ҳар қандай жамият идеологияга муҳтож. Айниқса, «идея» ва «идеология» сўзларининг илдизи бир эканини инобатга олсак. Мамлакатимизга бу ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам зарур. Ёшларнинг янги авлодини шакллантириш учун янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарур. Зеро, ҳаётимиз шитоб билан ўзгаряпти, технологик инқилоблар асрига кирдик. Бундай шароитларда маънавий идентлигимизни сақлаб, қадриятларимизни ривожлантириб, бугунги муаммоларни ҳал эта оладиган мафкурани яратишимиз шарт. У илҳом манбаи ва янгиликлар майдонига айланиши керак. Айнан шундай мафкура мамлакатимиз келажагини таъминлаши, миллий ренессансимизни рўёбга чиқариши мумкин.


Жаҳонгир НАҲАНОВ


«ISHONCH»


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 6141 16:57 | 05.08.2023