«Ishonch» дан янги тўплам: энг долзарб мақолалар бир китобда
Айрим китоблар тарихий, айримларида ҳаётий хулосалар акс этади. Улардан фарқли равишда «Ishonch» таҳририяти томонидан тайёрланган публицистик тўпламда даврнинг юраги, жамиятнинг овози, зиёлилар фикрининг энг долзарблари ўрин олган.
Бугун Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган “Саккизинчи мўъжиза” китобининг тақдимотида уни ўқиганлар ана шундай хулосаларни айтишди.
Газетачиликда асосий мақсад фақатгина ўқувчига ахборот етказиш эмас, балки жамиятни ўйлашга, таҳлил қилишга ва савол беришга ундашдир. “Ishonch” газетаси эса йиллар давомида ана шу масъулиятни елкасида кўтариб келаётган нашрлардан бири. “Саккизинчи мўъжиза” 2025 йилда “Ishonch” ва “Ishonch” Доверие” газеталарида чоп этилган энг сара мақолалар жамланган тўплам бўлиб, уни варақлар экансиз, йилнинг энг муҳим воқе-ҳодисаларидан тортиб, одамларни, зиёлиларни қийнаган муаммолар нималар бўлгани, журналистлар уларга қандай ечим қидиргани, масъуллар бу чиқишларга қай даражада эътибор қилганини кўришингиз мумкин.
Китоб тақдимотида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги раиси Абдусаид Кўчимов, ёзувчи ва адабиётшунос Қозоқбой Йўлдош, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Ёзувчилар уюшмаси раисииннг ўринбосари Фарида Афрўз ва бошқа кўплаб жамаотчилик фаоллари, газета мухлислари ҳамда марказий нашрларнинг бош муҳаррирлари иштирок этди.
– Тўпламни варақлар эканман, “Ishonch» таҳририятида танқид ва таҳлил уйғунлашгани, жойларда учраётган муаммолар далил-исботи ва фактлар билан кўтарилганига амин бўлдим, – дейди публицист Қозоқбой Йўлдош. Масалан, Ҳусан Эрматовнинг “Мақсад нечоғлиқ мантиқли?”, Жаҳонгир Наҳановнинг “Ғоялар майдонидаги бўшлиқ”, Дармон Иброҳимовнинг “Пластик одам”, Машҳура Жўрақулованинг “Z авлод қаршисида”, Нурилло Нўъмоновнинг “Тежамаганнинг таги танг” каби мақолаларида жамиятимиздаги мавжуд муаммолар бор бўйи ва кўлами билан очиб берилганига амин бўлдим.
Китобда таҳририятда ижод қилаётган журналистлар билан бир қаторда, таниқли сиёсатшунос, сенатор Қудратилла Рафиқовнинг Янги Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар, тарихга муносабат, келажакка ишонч, ислоҳотлар самаралари, Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамланиб бораётгани ҳақидаги таҳлилий мақолалари, шунингдек, Акмал Саидов, Ўткир Раҳмат, Зуҳриддин Исомиддинов, Фармон Тошев, Эшқобил Шукур, Зулфия Мўминова, Қутлибека Раҳимбоева сингари адабиётшунос, адиб ва журналистларнинг ҳам мақолалари ўрин олган.
– Тўпламда ўзим яхши билган журналистлардан Абдунаби Ҳайдаровнинг “Қайта алангаланган чўғ”, Алижон Абдураҳмоновнинг “Сўнгги қўнғироқ” – нимага чорлов, нимага зарба?”, Ғуломжон Мираҳмедовнинг “Пойтахт кўчаларидаги пулли парковка”, Аброр Зоҳидовнинг “Кредит, “рассрочка”, “вариант” каби мақолалари эътиборимни тортди, – дейди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Шу билан бирга учун янги номларни ҳам кашф этдим. Масалан, журналистикамизга публицистика йўналишда ёзадиган Муҳаббат Тўрабоева, Зебо Намозова, Гулруҳ Адашбоева, Дилдора Иброҳимова, Феруза Раҳимова ва Эъзоза Умурзоқова каби навқирон авлод кириб келаётганидан хурсанд бўлдим. Яна бир жиҳати ушбу тўплам журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун тайёр дарслик бўлиб хизмат қилади. Демак, таҳририят жамоаси бундай тўплам чиқариш анъанасини йўқотмаслиги, мунтазам давом эттириши айни муддао бўларди.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, 2026 йил 21 март куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигидаги “Ishonch” газетаси чоп этила бошлаганига 35 йил тўлди.
1991 йил 21 март куни нашрнинг илк нишонаси чиққан бўлса, бугунга қадар 5 минг 250 дан ортиқ сони чоп этилди. Таҳририятда ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Жамоа замон билан бирга қадам ташлаб, конвергент таҳририят сифатида ўзини намоён этишга интилмоқда. Медиа марказда Ishonch.uz сайти ва унинг телеграм канали, ютуб платформаси учун видеоконтентлар тайёрланиб, бу орқали газетада ёритилган мавзулар янада кенгроқ ёйилишига ҳам эришилмоқда. Бугунги кунда Телеграмда 100 мингдан ошиқ, Инстаграмда 60 мингдан зиёд, Ютубда эса 50 мингдан ортиқ кузатувчилар жамланган. Инстаграм ва Ютубга жойланган видеоконтентлар орасида бир неча юз мингдан, бир неча миллионгача кўрилганлари бор. Медиа марказда тайёрланаётган кўрсатувлар эса марказий телеканалларда намойиш этиляпти.
Китоб тақдимотида ана шулар ҳақида ҳам гапириб ўтилди. Тадбир якунида эса тўпламни чиқариш бардавом бўлиши, журналистлар доим ўз даврининг сўзини баралла ва журъат билан айта олиши, шундагина улар жамият ва одамлар олдида ўз вазифасини бажариши таъкидланди.
Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz
Қувонч ТЎРАЕВ олган суратлар




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0