Ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ жиноятлар кўпаймоқдами ёки акси?
2025 йилда ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ 8 та коррупцион ҳолат кузатилгани ҳақида интернетда маълумот берилган.
Бу ҳақда Контент тайёрлаш марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев маълум қилган. “2025 йилда ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ 8 та коррупцион ҳолат кузатилгани ҳақида интернетда маълумот тарқалган. Бундай хабарлар тармоқларда кенг тарқалгани боис ваҳима бўлган. Антикоррупция агентлиги рейтингида ҳоким ёрдамчилари Топ 10 таликка ҳам кирмайди”, дея таъкидлади вазир ўринбосари. Ўз навбатида, унинг фикрлари турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
Натижада вазирлик матбуот хизмати ушбу баёнот юзасидан тушунтириш берди. Вазирлик матбуот котибига кўра, анжуманда тилга олинган 8 та ҳолат — 2025 йил давомида ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинган кейслар сонини билдирган, холос. Шундай бўлган тақдирда ҳам Марат Жўраев нимани назарда тутгани ва рақамларни қаердан олгани қоронғулигича қолди.
Ўз ўрнида, бу борадаги ҳақиқий вазият қандай деган савол туғилади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котибининг маълум қилишича, 2025 йилда судлар томонидан 153 та жиноят иши бўйича 252 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Ҳатто улардан 37 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган. Ҳартугул, жиноятлар кўрсаткичи 2024 йилга қараганда бироз камайган, ўша йили ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ 309 та жиноят қайд этилган.
Афсуски, ҳоким ёрдамчилари содир этаётган жиноятлар кўлами Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов томонидан ҳам “эътироф” этилган. У 2026 йил 6 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида ўтган жамоатчилик кенгаши маҳаллий ҳокимликлар даражасида коррупцион жиноятларнинг 80-90 фоизидан кўпи ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ экани ҳақида маълум қилганди.
“Биз буни таҳлил қилдик, ўргандик. Бу ерда жуда ҳам кўп коррупциявий омиллар бўлгани учун уларда мана шу жиноятлар кўп бўлган. Ва биз ҳозир ўша субсидия бериш, имтиёзли кредитлар ажратишни инсон омилисиз, яъни ҳоким ёрдамчисига боғлиқ бўлмаган ҳолда, маҳалла еттилиги, коллегиал қарор қабул қилиш ва инсон омилисиз рақамлаштириш чораларини кўрдик. Ўйлайманки, худди аутсорсингни айтганимдек, 2026 йилда ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этиладиган коррупциявий жиноятлар салмоғи кескин камайишига эришилади”, деган Бурҳонов. Унинг билдиришича, туман-шаҳар даражасида коррупцион жиноятлар бўйича ушланган ҳокимлар сонининг ўзи 12 нафарга етади.
Айтганча, шу ўринда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг коррупция бўйича ўрнига қизиқиб кўрдик. 2025 йил апрелида эълон қилинган маълумотларга кўра, вазирлик анча яхши натижа кўрсатган ва “яшил” даражада қайд этилган.
Бугунги кунда қарийб 9 мингта маҳаллада ҳоким ёрдамчиси фаолият юритмоқда.
Уларнинг иш берувчиси Бандлик вазирлиги эмас, балки туман ҳокимликлари ҳисобланади. Аммо ҳоким ёрдамчиларининг фаолиятини методологик қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш вазирлик томонидан амалга оширилади. Балки, шу сабабдан Марат Жўраев ҳоким ёрдамчилари ва коррупцион ҳолатлар бўйича ижобий иллюзия яратишга ҳаракат қилгандир.
Ушбу матбуот анжуманида вазир ўринбосари яна бир қизиқ маълумотни очиқлади. Марат Жўраевнинг айтишича, 2026 йил февраль ойидан ҳоким ёрдамчиси лавозимига номзодлар коррупцияга қарши курашиш барқарорлик даражасини баҳолаш учун тест синовлари ўтказилмоқда. Бироқ, мазкур тест синовлари қайси стандартларга асосланиши, ҳоким ёрдамчиларининг коррупцион “иштаҳа”ларини қай даражада жиловлаши ва қайси давлат тажрибасида тест орқали жиноятчиликни олдини олиш тажрибаси борлиги ҳақида лом-мим дейилмаган.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, жамоатчиликка тақдим этиладиган маълумот ва чиқишларда “етти ўлчаб бир кес” тамойилига амал қилган маъқул. Айниқса оммавий ахборот воситалари вазир биринчи ўринбосари каби юқори мансабдорлар сўзларини жиддийлик билан қабул қилади. Шу сабабдан тақдим этилаётган ҳар бир маълумот албатта чиғириқдан ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0