Янги қарорга асосан декрет пули қандай ҳисобланади?
Савол: Мен декрет давримда умуман ишламаганман. Шунда энди аввал ишлаган эски ойлигимдан келиб чиқиб декрет ҳисобланадими? Лавозимимдаги ошган ойлик инобатга олинмайдими?
Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сон қарорига 4-илова билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 28-бандига мувофиқ қуйидаги тартиб амал қилади:
Агар аёл ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан (декретдан) қайтиб, яна қайта декретга чиқса, унинг ўртача ойлик иш ҳақи сўнгги 12 ойда ҳисобланган иш ҳақлари асосида аниқланади.
Ўртача ойлик иш ҳақи — сўнгги 12 ойдаги жами иш ҳақини 12 ойга бўлиш орқали ҳисобланади.
Муҳим жиҳатлар:
Агар аёл аввалги декретдан кейин умуман ишламаган ёки 3 ойгача ишлаган бўлса, ўртача иш ҳақига 0,5 коэффициент қўлланилади.
Масалан, ўртача ойлик 5 млн сўм бўлса → 2,5 млн сўмдан ҳисобланади.
Агар 3 ойдан 6 ойгача ишлаган бўлса, 0,75 коэффициент қўлланилади.
Масалан, 5 млн сўм → 3 млн 750 минг сўмдан ҳисобланади.
Агар ҳисобланган ўртача иш ҳақи минимал истеъмол харажатларидан кам бўлса, у ҳолда ушбу миқдор минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилади.
Декрет пули қандай формула асосида ҳисобланади?
Низомнинг 16-бандига мувофиқ:
Нафақа миқдори = ЎОИХ ÷ 25,3 × СК × КС
Бу ерда:
- ЎОИХ — ўртача ойлик иш ҳақи
25,3 — ойдаги ўртача иш кунлари сони - СК — суғурта стажига қараб белгиланадиган коэффициент
- КС — тўланадиган кунлар сони
Эътибор беринг!
Декрет пули олиш учун камида 10 ой суғурта стажи бўлиши шарт.
Акс ҳолда нафақа тўланмайди.
Ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари, Миллий гвардия ходимлари, судьялар ва прокуратура органлари ходимлари учун ушбу тартиб эмас, балки 2024 йил 31 майдаги 314-сон қарор амал қилади.
Агар сиз декретдан декретга ўтган бўлсангиз ва бу орада ишламаган бўлсангиз, янги лавозимдаги ошган ойлик эмас, балки аввалги ҳисобланган ўртача иш ҳақи (ва унга қўлланилган коэффициент) асосида декрет пули ҳисобланади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0