Энг яхши оромгоҳ ходимлари ва таълим соҳаси вакили тақдирланди
Тошкентдаги Федерация Конгресс холлида ўтаётган тантанали тақдирлаш маросимида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти билан боғлиқ номинациялар ғолиблари ҳамда таълим соҳасининг илғор вакили рағбатлантирилди.

«Энг яхши оромгоҳ» номинациясида «Бухоро» болалар соғломлаштириш оромгоҳи раҳбари Шавкат Марданов ғолиб деб топилди.
Тошкент вилоятидаги «Угом» болалар соғломлаштириш оромгоҳи катта тарбиячиси Дилшод Турсунов «Энг яхши катта тарбиячи» номинациясида тақдирланди.
«Энг яхши тарбиячи» номинацияси Сирдарё вилоятидаги «Сирдарё» болалар соғломлаштириш оромгоҳи тарбиячиси Достонбек Абдуҳамидовга насиб этди.
Қорақалпоғистон Республикасидаги «Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳи етакчиси Дурдона Сарсенбаева «Энг яхши етакчи» номинациясида эътироф этилди.
Сурхондарё вилоятидаги «Амударё» болалар соғломлаштириш оромгоҳи тўгарак раҳбари Маржона Очилова эса «Энг яхши тўгарак раҳбари» номинацияси ғолиби бўлди.
Шунингдек, «Энг яхши ўқитувчи» номинациясида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Абдухалил Атаматов тақдирланди.
Мазкур эътирофлар болаларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш, уларнинг соғломлаштирилиши ва ҳар томонлама ривожланишига ҳисса қўшаётган ходимлар меҳнатини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.







