Нега ҳинд ёшлари тиббиёт ўқиши учун Ўзбекистонни танлаяпти?
Сўнгги йилларда Ўзбекистон тиббиёт таълими хорижлик талабалар учун жозибадор йўналишлардан бирига айланмоқда. Хусусан, ҳиндистонлик ёшлар орасида мамлакатимизда тиббиёт соҳасида таҳсил олишга қизиқиш ортиб бораётгани кузатилмоқда.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, ўтган йилнинг ўзида юртимизга тиббиёт йўналишида таҳсил олиш учун қарийб 16 минг нафар ҳиндистонлик талаба келган. Бу рақам юртимиз тиббиёт таълими халқаро майдонда тобора кўпроқ эътироф этилаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, биз учун ҳам қизиқ жиҳат шуки, нима учун ҳинд ёшлари тиббиёт таълими учун Ўзбекистонни танлашмоқда? Юртимиздаги таълим сифати, айниқса инглиз тилида дарс бериш имкониятлари хорижлик талабаларни қониқтираяптими? Ўтган йили шундай талабалардан бири ижтимоий тармоқларда таълим сифати пастлиги ҳақида пост жойлаган эди. Бугун вазият қандай?
Ушбу саволларга жавоб олиш учун Рушана Зарпуллаева Тошкент тиббиёт академиясида бўлди.
Нега айнан Ўзбекистон?
Тошкентда таҳсил олаётган ҳиндистонлик талабаларнинг айтишича, мамлакатни танлашда бир неча омиллар муҳим роль ўйнаган.
– Ўзбекистон яшаш ва ўқиш учун хавфсиз давлатлардан бири. Контракт нархи Ҳиндистонга қараганда арзон. Инфратузилма яхши ва Тошкент тиббиёт академияси Ўзбекистондаги энг яхши ўқув юртларидан бири, – дейди талабалардан бири Фатҳима Моҳамед. Унинг таъкидлашича, яшаш харажатларининг нисбатан арзонлиги, ётоқхона ва транспорт каби шароитларнинг мавжудлиги ҳам муҳим омиллардан ҳисобланади.
Тил билан боғлиқ қийинчиликлар
Янги мамлакат ва янги муҳитга мослашиш ҳар доим ҳам осон кечмайди. Суҳбатдошларимизнинг айтишича, дастлаб кундалик мулоқотда тил билан боғлиқ қийинчиликлар бўлган.
– Бошида одамлар билан мулоқот қилишда анча қийналганмиз, лекин вақт ўтиши билан мослашиб кетдик, – дейди Рина Мотҳа.
Айтишларича, улар ўзбек ёки рус тилидаги кундалик ибораларни турли мобил иловалар орқали ўрганиб бормоқда.
Инглиз тилидаги таълим масаласи
Хорижлик талабалар учун энг муҳим масалалардан бири инглиз тилида дарс ўтилишидир. Ёшларнинг фикрича, академияда инглиз тилини яхши биладиган ўқитувчилар бор, аммо улар сони ҳали етарли эмас. 2-босқич талабаси Раҳул Шарманинг айтишича, ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам инглиз тилини бир хил даражада яхши билмайди. Тахминан 100 фоиздан 50 фоизи улар билан эркин мулоқот қила олади. Шу билан бирга таълим сифати қониқарли эканини, юртимиз тиббиёт таълими йилдан-йилга яхшиланиб бораётганини ҳам таъкидлашди. Клиник амалиётлар, лаборатория машғулотлари ва янгиланиб бораётган ўқув дастурлари бу жараёнга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда таҳсил олаётган ҳиндистонлик талабалар учун бу ердаги таълим нафақат билим олиш, балки янги маданият билан танишиш имкониятини ҳам бераяпти. Улар ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, миллий таомлари ва тарихий обидалари катта таассурот қолдирганини айтишди. Маҳаллий талабалар билан мулоқот эса икки томон учун ҳам фойдали бўлмоқда.
Рушана Зарпуллаева,
ЎзЖОКУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0