Валюта UZS
  • USD

    12 320.3417.18

  • EUR

    14 614.39106.5

  • RUB

    159.36-0.4

+9C

+9C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+9c

  • Hozir

    +9 C

  • 23:00

    +9 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Seshanba, 10-February

+9C

  • Hozir

    +9 C

  • 23:00

    +9 C

  • Seshanba, 10

    +9 +20

  • Chorshanba, 11

    +5 +20

  • Payshanba, 12

    +5 +20

  • Juma, 13

    +9 +20

  • Shanba, 14

    +10 +20

  • Yakshanba, 15

    +11 +20

  • Dushanba, 16

    +11 +20

  • Seshanba, 17

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Нега фақат ёмонликларни кўрсатаверасиз?

“Сериал кўришдан қутулиш учун уйимга WI-FI ўрнатдим”, деб қолди собиқ ҳамкасбим. Сўнг у сериалларнинг нимаси маъқул келмаётганини изоҳлай бошлади: “Юрагингиз оғрийди, ишонмасангиз, истаган кана­лингизга киринг-да, узоғи би­лан ярим соат кутинг, албатта, кимнингдир йиғлаётганига, оилавий фожиасига гувоҳ бўла­сиз...”
Жамият
107 14:04 | 09.02.2026 14:04

Дарҳақиқат, миллий сериал ва новеллаларимизнинг асосий қисми оила мавзусида. Назаримда, уларда ёмонлик ҳаддан зиёд бўрттирилган. Бундан ташқари, қадриятларимизга қарши исён қилинаётгандек тасаввур уйғотади. Жумладан, кимдир, албатта, қариндоши ёки танишининг бошига шундай кулфатларни соладики, беихтиёр қалбингизни нафрат заҳарлай бошлайди.


Бу ҳам етмагандай, мазкур “ижод” намуналари ибосизлик ва ғурурсизлик жамиятни қамраб олганми, деган шубҳа томон етаклайди. Эътиборлиси, сюжетларнинг катта қисми ўхшаш. Аввал салбий қаҳрамон ҳаммани қонига ташна қилади, кейин жазосини олади ёки бирор воқеа сабаб яхши одамга айланади.


АҚШ, Корея, Хитой кино ижодкорлари ёмонлик ва қарама-қаршиликларни акс эттиришда бизнинг киночиларимиздан қолишмайди, дейишингиз мумкин. Аммо сезган бўлсангиз, хориж фильмларида самимийлик бор. Қаҳрамонлардан бири ҳазиллари, кесатиқ гаплари, кулгили иборалари, зукколиги, хатти-ҳаракатларининг беғуборлиги ёки соддалиги билан ичингизда уйғонаётган туғёнларни мўътадиллаштириб туради. Хусусан, гап қанчалар оғир касалликлар ҳақида бормасин ёки ҳал этиб бўлмасдек туюладиган вазиятларга тушиб қолмасин, доктор Хауснинг топқирлиги, қочирим гаплари сюжетдаги ҳар қандай муаммони иккинчи даражага тушириб қўяди. Изқувар Монк бўлса, соддалиги билан кўнглингизда илиқ туйғуларни уйғотади.


“Денгиз ҳукмдори”, “Тангем”, “Жумонг”, “Табиб” сериалларининг ютуғини эса мағлубиятлар муваффақиятга, изтироблар қувончга ўрнини тез-тез бўшатиб бериши ҳамда юзингизга табассум индира оладиган қаҳрамонларнинг борлиги таъминлайди. Ана шу ижобийлик Зулфиқор Мусоқовнинг Абдуллажон, Кичкина табиб, Осмондаги болалар, Новда каби фильмларида ҳам мужассам. Шу боис уларни қайта-қайта кўрсак-да, завқ туйишдан тўхтамаяпмиз.


Киноасарлар ғояларни сингдирувчи қурол эканини инобатга олсак, бу жабҳада ижобий натижаларни қайд эта олмаётганимиз ачинарли. Шундай бўлмаганида, айримлар фарзандига корейс ёки ҳинд сериали қаҳрамонининг исмини қўймаган бўларди. Баъзиларни эса Жумонг, Гумбок ёки Тангем лақаби ғурурлантирганлигини ҳам кўряпмиз.


Зотан, дунё тан оладиган Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур, Муҳаммад Шайбонийхон, Беруний, ибн Сино, Фарғоний, Термизий каби юзлаб аждодларимиз бор. Уларнинг ҳар бири тўғрисида ўнлаб сериаллар олса бўлади.


Савол туғилади, золим қайнона ёхуд қайнота, жабрдийда ёки енгилтак келин, ғурурсиз ва абгор эркак ҳақидаги воқеаларни тўхтовсиз экранга олиб чиқишдан мақсад нима? Агар ниманидир кўзлаётган бўлсангиз, айтинг, билайлик. Ниятингиз фақат эфирни тўлдириш бўлса, уни ҳам очиқланг.


Шу ўринда таъкидлашни истардимки, бу каби саволларни бермоққа ҳар бир юртдошимизнинг ҳақи бор. Чунки сериалларнинг аксарияти бюджет маблағлари ҳисобидан суратга олинмоқда. Илтимос, фақат томошабин шуни хоҳлаяпти, деманг. Бу борадаги эҳтиёжнинг қандайлигини билмоқчи бўлсангиз, битта телеканални танланг-да, фақат илғор давлатларнинг савияли фильм ва сериалларини намойиш қилинг. Ана шунда ишингиз баҳосини биласиз.


Яна шуни унутмангки, одамлардаги кинога оид савияни намойиш этилаётган фильмлар белгилайди. Яъни, уни кўтариш ёки тушириш сизнинг қўлингизда. Зеро, яхши сценарий танлаш, бадиий фильмлар ишлашга доир замонавий тажрибаларни ўзлаштириш, кино саноатимизни хорижга фильм экспорт қиладиган даражага кўтариш сизнинг зиммангизда.


Бу фикрларни кимнингдир кўнглини оғритиш учун баён этмадик. Азбаройи, миллий бадиий фильм ва сериалларимиз юракка кириб боришини, нафақат биз, балки дунё аҳли завқ билан томоша қилишини чин дилдан истаганимиз учун айтмоқдамиз.


Қолаверса, психологлар таъкидига кўра, салбий ҳиссиётлар кучли стресс ва тушкунликка сабаб бўлиб, тажовузкорликни оширади. Худди шундай, уйқу бузилиши, диққат сусайиши, реал ҳаётдан узоқлашув каби асоратларни келтириб чиқаради. Шу маънода, одамлар саломатлигига ҳам қайсидир даражада масъул эканингизни эсдан чиқарманг.


Алижон АБДУСАТТОРОВ,
ISHONCH.UZ


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 5845 16:57 | 05.08.2023