Навоий вилоятида иқлим ўзгариши: сув танқислиги, чўлланиш ва саноат омиллари
Сўнгги ўн йилликларда Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларидан бири ҳисобланган Навоий вилоятида иқлим ўзгариши таъсири тобора кучайиб бормоқда. Ҳароратнинг ошиши, ёғингарчиликнинг камайиши ва сув ресурсларининг қисқариши ҳудуд экологияси ҳамда иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Мутахассислар фикрича, айниқса чўл ҳудудлари иқлим ўзгаришига энг заиф ҳудудлар қаторига киради.
Метеорологик кузатувларга кўра, Ўзбекистонда ўртача йиллик ҳарорат сўнгги ўн йилликларда 1,5–1,7°C га ошган. Бу кўрсаткич глобал ўртача ҳарорат ўсишидан юқори ҳисобланади. Ҳароратнинг ошиши Навоий вилоятида буғланиш жараёнини тезлаштириб, тупроқ намлигининг камайишига олиб келмоқда.
Аграр соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, юқори ҳарорат ва кам ёғингарчилик комбинатсияси тупроқ деградатсиясини тезлаштиради.
“Қурғоқчил ҳудудларда ҳароратнинг ҳатто 1 даражага ошиши ҳам тупроқ намлигининг кескин камайишига олиб келади. Бу эса яйловлар ва қишлоқ хўжалиги учун жиддий хавф туғдиради,” — дейди аграр соҳа мутахассиси.
Навоий вилоятида сув танқислиги иқлим ўзгаришининг энг сезиларли белгиларидан бири ҳисобланади. Амалий кузатувлар шуни кўрсатадики, иссиқ ва қуруқ йилларда суғориш учун сув етишмовчилиги кучаяди.
Сув хўжалиги мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, келажакда Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув ҳажми камайиши мумкин. Бу эса Навоий каби қурғоқчил ҳудудларга бевосита таъсир қилади.

Экология соҳасидаги экспертлар чўлланиш жараёни тезлашаётганини таъкидлашмоқда. Яйловларнинг деградатсияси чорвачиликка ҳам таъсир кўрсатмоқда. Айрим ҳудудларда ўсимлик қоплами сийраклашиб бормоқда.
Эколог олимларнинг фикрича, чўлланиш фақат табиий жараён эмас, балки инсон фаолияти билан ҳам боғлиқ.
“Сувдан самарасиз фойдаланиш ва ерларнинг нотўғри ишлатилиши иқлим ўзгариши таъсирини янада кучайтиради,” — дейди экология соҳасидаги мутахассис.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, агар мавжуд тенденсия давом этса, келажакда Навоий вилоятида сув танқислиги ва ер деградатсияси янада кучайиши мумкин. Бу эса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг пасайишига олиб келади.

Саноат ривожланиши ва иқлим ўзгариши ўртасидаги боғлиқлик
Навоий вилояти Ўзбекистоннинг энг йирик саноат ҳудудларидан бири ҳисобланади. Вилоят иқтисодиётида Навоиязот, Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК), Навоий иссиқлик электр станцияси (ГРЕС), Навоий электркимё заводи ва “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти каби йирик корхоналар муҳим ўрин тутади. Ушбу корхоналар ҳудуд иқтисодий ривожланишининг асосий омили бўлиши билан бирга, иқлим ўзгаришига таъсир қилувчи омиллардан бири ҳам ҳисобланади.
Хусусан, “Навоиязот” акциядорлик жамияти Оʻзбекистондаги йирик кимё саноати корхоналаридан бири бўлиб, минерал ўғитлар, цирка кислотаси, каустик сода, хлор маҳсулотлари ва бошқа кимёвий моддалар ишлаб чиқаради. Корхона табиий газни қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, газ асосий хомашё сифатида қўлланилади. Табиий газдан кенг фойдаланиш натижасида атмосферага карбонат ангидрид каби иссиқхона газлари чиқарилади.
Экология вазири Азиз Абдуҳакимов иқлим ўзгариши Ўзбекистон учун жиддий муаммо эканини таъкидлаб, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш муҳим вазифа эканини қайд этган. Унинг фикрича, саноат ва энергетика тармоқлари иқлим ўзгаришига таъсир қилувчи асосий омиллар қаторига киради.
Вилоятда жойлашган Навоий иссиқлик электр станцияси ҳам ҳудуддаги энг йирик энергия ишлаб чиқарувчи манбалардан бири ҳисобланади. Электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёнида ёқилғининг ёниши натижасида катта миқдорда иссиқхона газлари ажралиб чиқади.
Иқлим сиёсати бўйича эксперт Акрамжон Нематовнинг фикрича, Марказий Осиёда саноат ва энергетика тизимларини экологик жиҳатдан модернизатсия қилиш иқлим ўзгаришига қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга. “Иқлим ўзгаришига қарши самарали курашиш учун саноат ва энергетика тизимини босқичма-босқич экологик барқарор моделга ўтказиш зарур,” — дейди эксперт.

Шунингдек, цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти ҳам карбонат ангидрид чиқиндиларининг муҳим манбаси ҳисобланади. Цемент ишлаб чиқариш жараёнида оҳактошни юқори ҳароратда қайта ишлаш натижасида катта миқдорда CО₂ ажралиб чиқади.
Эколог олима Лейла Белялованинг таъкидлашича, саноат ҳудудларида табиий муҳитнинг ўзгариши узоқ муддатли экологик оқибатларга олиб келиши мумкин.
“Экотизимларнинг барқарорлиги инсон фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Саноат ҳудудларида табиий муҳитнинг ўзгариши экологик мувозанатга таъсир қилади,” — дейди у.
Мослашув чораларининг зарурлиги
Мутахассислар фикрича, Навоий вилоятида иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини кучайтириш зарур. Айниқса сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экологик технологияларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.
Асосий тавсия этилаётган чоралар қуйидагилардан иборат:
• сувни тежовчи технологияларни жорий этиш
• томчилатиб суғоришни кенгайтириш
• шамол эрозиясига қарши дарахтзорлар барпо этиш
• саноатда энергия самарадорлигини ошириш
• чиқиндиларни камайтириш технологияларини жорий этиш
Навоий вилоятида иқлим ўзгариши жараёни секин кечаётгандек кўринса-да, узоқ муддатда бу ҳудуднинг экологик барқарорлигига жиддий таҳдид солиши мумкин. Навоий мисолида иқлим ўзгариши табиий жараёнлар билан бир қаторда саноат ривожланиши билан ҳам боғлиқ экани яққол кўринади.
Иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини ҳозирдан бошлаш келажакда ҳудуднинг иқтисодий ва экологик барқарорлигини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Лобар Давронова




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0