Меҳнат қонунчилигида эркаклар учун лайфхаклар борлигини билармидингиз?
Савол: Эркаклар ўз хоҳишига кўра хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида йиллик меҳнат таътили биринчи иш йилида ҳам ишлаб берилган вақтдан қатъи назар берилади деб эшитдим. Меҳнат кодексининг 227-моддасида бу ҳақида маълумот йўқ-ку!
Саволга ҳуқуқшунос Муҳамадамин Каримжонов жавоб беради.
– МК 228-моддаси (иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътилини бериш тартиби) 5-қисмида ишлайдиган эркакларга ҳар йилги меҳнат таътили уларнинг хоҳишига кўра хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилиши кўрсатилган. Яъни эътибор беринг, бу модда иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътилини бериш тартибини белгилайди.
Ҳақиқатан ҳам, МК 227-моддаси (1-иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилини бериш тартиби) 3-қисмида 6 ой ўтгунига қадар ходимнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили бериладиган шахслар тоифасида бу тоифа эркаклар кўрсатилмаган.
Шунга кўра, айрим иш берувчилар ушбу тоифа эркакларга 1-иш йили учун ушбу кафолатни тақдим қилмаётган экан, МК 227-моддасида ва жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёхуд бошқа ички ҳужжатларда ҳам белгиланмаган деб. Бу асоссиз.
Чунки МК 400-моддаси 4-қисмига кўра, ишлайдиган эркакларга хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида ўз хоҳишига кўра йиллик меҳнат таътили:
1-иш йили учун — ишлаб берилган вақтдан қатъи назар;
кейинги йилларда — таътиллар бериш жадвалидан қатъи назар берилади.
Демак, эътибор беринг, гарчи МК 227-модда 3-қисмида кўрсатилмаган бўлса-да, лекин 400-моддада ушбу кафолат турибди.
Шунинг учун ҳам, ишлайдиган эркакларга хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида ўз хоҳишига ҳар йилги меҳнат таътили 1-иш йили учун ҳам ишлаб берилган вақтдан қатъи назар берилиши керак экан.
Шунга ўхшаш таътиллар билан боғлиқ чалғитувчи ҳолатни МК 232-моддаси 2-қисмида ҳам кўришимиз мумкин. Унга кўра, 18 ёшга тўлмаган ходимларни, ҳомиладор аёлларни ва меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимларни ҳар йилги меҳнат таътилидиан чақириб олишга йўл қўйилмайди. Эътибор беринг, бу ердаги рўйхатда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар йўқ.
Лекин МК 429-моддаси 3-қисмига кўра, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0