Марказий Осиёда биринчи бўлиб фонд биржасини забт этган SQB
Хорижий инвестиция, трансформация ёки активлар каби сўзларни иқтисодий хабарларда жуда кўп эшитамиз. Лекин бу тушунчалар оддий инсонлар ҳаётига қандай таъсир қилади? Бугун Ўзсаноатқурилишбанк журналистлар учун ташкил этган матбуот анжуманида ўтган ва жорий йилнинг шу давригача бўлган натижалари ҳамда келажакдаги режалари билан ўртоқлашди. Рақамларни четга суриб, амалга оширилган ишларга назар ташласак, қуйидаги асосий ютуқ ва амалиётлар кўзга ташланади.
Анжуманда таъкидланишича, 2025 йилда SQB активлари ҳажми 102 трлн сўм, капитали 12 трлн сўм, депозит базаси 31,5 трлн сўм, шундан аҳоли омонатлари ҳажми 10,5 трлн сўмни ташкил этди. Соф фойда 2025 йил якунига кўра, 1,9 трлн сўм бўлиб, банк мазкур кўрсаткич бўйича тижорат банклари орасида етакчи ўринни эгаллади. Иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик соҳасига 26, 7 трлн сўм миқдорида кредит ажратилиб, 120 мингдан зиёд иш ўрни яратилди.
Ишончли ҳамкорлик ва натижалар
Ўзсаноатқурилишбанкнинг халқаро молия бозоридаги обрўси йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Буни банкнинг хорижий шериклар билан олиб бораётган манфаатли ҳамкорлиги мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Биргина ўтган йил давомида банк томонидан дунёнинг ўттизга яқин нуфузли молия институтлари ва чет эл банкларидан 932,3 млн доллар миқдоридаги молиявий ресурслар жалб қилинди. Ушбу маблағларнинг асосий қисми Европа, АҚШ, Буюк Британия, Яқин Шарқ ҳамда Араб давлатлари ҳиссасига тўғри келади.
Хўш, бунча ҳажмдаги инвестициялар аслида нималарга сарфланди ва иқтисодиётимизга қандай фойда келтирди? Ушбу саволга Ўзсаноатқурилишбанк бошқаруви раиси ўринбосари Абдурашид Ҳакимов қуйидагича жавоб берди:
– Жалб этилаётган хорижий маблағлар узоқ муддатли ва барқарор ресурс базасини яратиш имконини беради. Биз ушбу маблағлар ҳисобидан тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаяпмиз. Хусусан, 2025 йилда корпоратив, ўрта, кичик ва микробизнес йўналишларида 1400 га яқин лойиҳа молиялаштирилди. Маблағлар асосан юқори қўшилган қиймат яратувчи соҳалар, экспортбоп ишлаб чиқариш, энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбалари, инфратузилма ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилмоқда.
Хорижий ҳамкорликнинг амалий натижасини кундалик ҳаётимизда ҳам сезиш қийин эмас. Масалан, айнан ушбу маблағлар кўмагида Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун икки юздан ортиқ замонавий ва экологик тоза 200 та катта сиғимли электробуслар ҳамда уларни қувватловчи ускуналар сотиб олинди. Шунингдек, мамлакат бўйлаб юқори технологияли бешинчи авлод алоқа тизимини ривожлантириш лойиҳаси қўллаб-қувватланди. Бундай лойиҳалар мамлакатнинг рақамли ва транспорт инфратузилмасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Халқаро молиявий шериклик шу тариқа юртимиз равнақи ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Лондон фонд биржасидаги муваффақият
Барчаси дунёнинг энг нуфузли молия маркази бўлган Лондон фонд биржасидан бошланди. 2024 йил июлида SQB Лондон фонд биржасида 580 млн доллар эквивалентидаги еврооблигацияларни муваффақиятли жойлаштирди. Қимматли қоғозларни жаҳоннинг 69 та йирик фонди ва инвестиция компанияси харид қилди, маблағларнинг 55 фоизи АҚШ инвесторлари ҳиссасига тўғри келди.
2025 йил октябрида эса банк Лондон фонд биржасида 300 млн долларлик биринчи даражали қўшимча капитал – AT1 облигацияларини муомалага чиқарди. Инвесторлар талаби эмиссия ҳажмидан тўрт баробар зиёд бўлди. Ушбу битим «GlobalCapital» нашрининг «Central and Eastern Europe Deal of the Year» мукофоти билан эътироф этилди.
Аҳоли омонотлари уч баробарга ошган
Банкнинг энг катта бойлиги мижозларнинг ишончи. Одамлар ўз жамғармаларини қаерга қўрқмай олиб бориши ҳақида гап кетганда, рақамлар ҳаммасини очиқлаб беради. Охирги тўрт йил ичида юртдошларимизнинг ушбу банкка қўйган омонатлари уч баробарга кўпайди. Бу аҳоли ўз жамғармаларини ушбу молия муассасасида сақлашни хавфсиз деб билишининг яққол исботидир.
Ўзсаноатқурилишбанк эришилган натижалар билан тўхтаб қолмоқчи эмас. Банк иқтисодиётимиз учун яна бир миллиард икки юз миллион доллар хорижий инвестиция олиб киришни мақсад қилган бўлиб, йилнинг биринчи ярмидаёқ бу режанинг салмоқли қисми бажарилди. Шунингдек, банк фаол равишда хусусийлаштириш жараёнига тайёрланмоқда. Миллий инвестиция жамғармасининг акциялари оммавий савдога чиқарилиши ушбу йўналишдаги муҳим қадам бўлди. Хуллас, бугунги кунда ушбу банк шунчаки пул айлантирадиган идора эмас, балки ҳаётимизни яхшилашга хизмат қилаётган йирик молиявий локомотивдир. Чет элдан келаётган инвестициялар эса янги технологиялар, шинам транспорт ва фаровон турмуш тарзи бўлиб хонадонларимизга кириб бормоқда.
Зебо НАМОЗОВА
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0