Иш жойида вафот этган ходим оиласига қандай тўловлар берилади?
Савол: Уй бекасиман, вояга етмаган фарзандимиз бор. Турмуш ўртоғим иш жойида вафот этди. Ҳодиса юзасидан текширув ўтказилиб, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса сифатида расмий далолатнома тузилди ва менга ҳам унинг нусхаси берилди. Айтишларича, бундай ҳолатда иш берувчи томонидан оиламизга муайян тўловлар берилиши керак экан. Шу ҳақида қонунчиликда қандай ҳуқуқларимиз бор?
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши меҳнат-техник инспектори Бекполат Утепбергенов жавоб берди:
Агар ходим меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолатда, яъни иш жойидаги бахтсиз ҳодиса ёки меҳнат жароҳати натижасида вафот этган бўлса, унинг оила аъзоларига қонунчиликка мувофиқ бир қатор ижтимоий кафолатлар берилади. Бу кафолатлар бир нечта қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Аввало, иш берувчининг бундай ҳолатдаги моддий жавобгарлиги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси нормаларида белгиланган. Хусусан, ушбу кодекснинг 283-моддасига кўра, агар ходим иш жойидаги бахтсиз ҳодиса ёки меҳнат жароҳати натижасида вафот этса, иш берувчи марҳум ходимнинг оила аъзоларига камида олти йиллик ўртача иш ҳақи миқдорида бир марталик нафақа тўлаши шарт. Шунингдек, ушбу моддада иш берувчи марҳумни дафн этиш билан боғлиқ зарур харажатларни ҳам қоплаб бериши лозимлиги белгиланган. Дафн харажатлари мазкур компенсация суммаси таркибига кирмайди ва алоҳида равишда тўланади.
Марҳум ходимнинг қарамоғида бўлган шахсларга зарарни қоплаш ҳуқуқи эса Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси нормалари билан тартибга солинади. Жумладан, 1021–1022-моддаларда фуқаронинг ҳаётига етказилган зарарни қоплаш тартиби ва бу ҳуқуққа эга бўлган шахслар кўрсатилган. Ушбу моддаларга мувофиқ, марҳумнинг вояга етмаган фарзандлари, меҳнатга лаёқатсиз ота-онаси, ишламайдиган турмуш ўртоғи ҳамда марҳумнинг қарамоғида бўлган бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар зарарни қоплаш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Қонунга кўра, 18 ёшга тўлмаган фарзандлар марҳумнинг боқимандаси деб автоматик равишда тан олинади.
Шу билан бирга, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ходимлар ҳаёти ҳамда соғлиғини муҳофаза қилиш масалалари Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун нормаларида ҳам белгиланган. Ушбу қонунга мувофиқ, иш жойида содир бўлган ҳар қандай бахтсиз ҳодиса албатта текширилиши ва расмий далолатнома билан расмийлаштирилиши шарт. Агар ҳодиса ишлаб чиқариш билан боғлиқ деб топилса, етказилган зарар қонунчиликка мувофиқ қопланиши лозим.
Бундан ташқари, марҳумнинг оила аъзолари давлат томонидан ҳам ижтимоий таъминот билан таъминланади. Бу масала Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонуни билан тартибга солинади. Ушбу қонуннинг 19 ва 20-моддаларига кўра, марҳумнинг вояга етмаган фарзандлари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Одатда фарзандлар бу пенсияни 18 ёшгача, агар таълим муассасасида ўқиса 23 ёшгача олишлари мумкин. Айрим ҳолларда фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган ишламайдиган турмуш ўртоғи ҳам белгиланган шартлар асосида ушбу пенсияни олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, агар ходим иш жойидаги бахтсиз ҳодиса ёки меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолат сабабли вафот этган бўлса, унинг оила аъзолари қонунчиликка мувофиқ иш берувчи томонидан бир марталик компенсация олиш, дафн харажатларини қоплатиш ҳамда давлат томонидан тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0