Cавдо ҳийласига айланаётган сохта чақириқлар
Яқинда бир танишим ёзғириб қолди. Айтишича, ижтимоий тармоқлардаги рекламаларга ишониб, арзон телевизор сотиб олиш учун маиший техникалар дўконига борибди. Аммо рекламада кўрган маҳсулоти йўқ экан. Сотувчиларнинг қистови билан икки баравар қимматига бошқа русумдаги телевизорни харид қилибди. Афсус, роса мақталган ойнаи жаҳон тез орада бузилиб қолибди. Қайтариб олиб борса, сотувчилар «Кафолатни биз эмас, ишлаб чиқарган фирма берган. Сиз сервис хизматига мурожаат қилинг», деб қайтариб юборишибди. Хуллас, дўстим рекламага ишониб, чув тушибди.
Бугун интернет саҳифаларини кузатсангиз, «Энг арзон нарх», «Фақат бугун», «Омбор тозалаш», «Ярим баҳосига» каби чақириқлар деярли ҳар қадамда учрайди. Кўп ҳолатларда рекламада жозибали маҳсулот намойиш қилинади, нархи эса бозордагидан анча арзон бўлади. Табиийки, харидор унга қизиқади, вақт ва маблағ сарфлаб савдо нуқтасига боради. Лекин манзилдан рекламадаги буюмни тополмайди. Сотувчи эса «Ҳозиргина тугаб қолди», «Эрталаб олиб кетишди» каби баҳоналарни келтиради. Кейин қимматроқ товарни таклиф қилади.
Сиртдан қараганда, бу оддий маркетинг усулидек туюлиши мумкин, аслида эса истеъмолчини манипуляция қилишнинг яширин шакли. Чунки мақсад арзон маҳсулотни сотиш эмас, балки одамни дўконга чақириш орқали уни бошқа харидга ундаш бўлади.
Энг ачинарлиси, айрим тадбиркорлар буни «савдо ҳийласи» сифатида қабул қила бошлади. Ваҳоланки, қисқа муддатли манфаат ортидан қувиш узоқ истиқболда бутун бозорга зарар келтиради. Сабаби, иқтисодиётда энг муҳим капитал – бу ишонч. Мижоз бир марта алданганини ҳис қилса, кейин нафақат ўша дўконга, балки бошқа савдо нуқталарига ҳам шубҳа билан қарай бошлайди. Оқибатда ҳалол ишлаётган тадбиркор ҳам бундан жабр кўради.
«Реклама тўғрисида»ги қонунда ёлғон, ноаниқ ва чалғитувчи ахборотларни тарқатиш тақиқланган. Маъмурий жавобгарлик чоралари ҳам белгиланган. Бироқ муаммо қонуннинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигида эмас, унинг амалда қандай ишлаётганида. Кўпинча фуқаро ўз ҳуқуқини билмайди ёки шикоят қилишдан наф кўрмаслигига ишонади. Баъзан эса назорат механизми сустлиги туфайли бундай ҳолатлар жазосиз қолади. Бу виждонсиз савдогарларга янада кенгроқ майдон очиб беради.
Масалага фақат жарима нуқтаи назаридан қараш етарли эмас, тадбиркорлик маданияти ҳақида ҳам жиддий ўйлаш керак. Чунки бизнес – фақат фойда топиш воситаси эмас, балки жамият олдидаги масъулият ҳамдир. Ҳалол савдо муҳити шаклланмас экан, иқтисодий ислоҳотлардан кутилган самара тўлиқ намоён бўлмайди.
Биз шуларни назарда тутиб, бир нечта таклифларни ўртага ташламоқчимиз. Аввало, ижтимоий тармоқлардаги тижорий саҳифалар учун очиқ рейтинг тизимини йўлга қўйиш керак. Харидорлар дўкон фаолияти, хизмат сифати ва рекламадаги маълумотнинг ҳаққонийлиги бўйича баҳолаш имконига эга бўлса, бу ўз-ўзидан масъулиятни оширади. Чунки одамлар энди фақат нархга эмас, обрўга ҳам қараб танлов қила бошлади. Қолаверса, рекламада кўрсатилган маҳсулотнинг минимал миқдори ҳақида талаб жорий этиш мақсадга мувофиқ. Масалан, «Акция», деб эълон қилинган маҳсулот муайян сонда ростдан ҳам мавжуд бўлиши шарт. Акс ҳолда, бу оммани жалб қилиш учун ишлатиладиган сохта чақириққа айланиб қолади.
Шунингдек, истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш зарур. Чунки бугун кўпчилик қаерга шикоят қилишни билмайди. Агар мобил илова ёки ягона онлайн платформа орқали реклама юзасидан тезкор мурожаат қилиш имкони яратилса, жамоатчилик назорати кучаяди. Бу масалага оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар ҳам масъулият билан қарашлари керак. Баъзан текширилмаган савдо саҳифалари сунъий равишда тарғиб қилиниши туфайли одамлар рекламага эмас, уни тавсия қилган шахсга ишониб, алданиб қолишяпти.
Энг муҳими, тадбиркорлик эркинлиги билан виждон ўртасида мувозанат бўлиши шарт. Бозор иқтисодиёти – ким кучли бўлса, ўша ютади дегани эмас. Аксинча, қонун ва ишонч устувор бўлган муҳитда ҳалол меҳнат қилган инсон муваффақиятга лойиқ. Чунки иқтисодиётни фақат бинолар, дўконлар ёки рақамлар эмас, одамларнинг бир-бирига ишончи ривожлантиради. Агар бу ишонч емирилса, ташқи кўринишда ўсиш бўлгани билан ички муҳитда беқарорлик кучаяди.
Шундай экан, ёлғон реклама масаласига оддий «савдо ҳийласи» деб эмас, балки иқтисодий маданият ва жамият маънавиятига дахлдор масала сифатида қараш вақти келди!
Баҳодир ҲАЛИМОВ
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0