«Bo‘ston Resort» дам олиш ва даволаш мажмуаси
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Қирғиз Республикаси Иссиқкўл вилояти Тон тумани Каджи-сай қишлоғида «Bo‘ston Resort» дам олиш ва даволаш мажмуаси бунёд этилмоқда. Шу кунларда унинг биринчи босқичи – «Bo‘ston Resort» дам олиш маскани очилиш арафасида.
Тарихга назар: «Бўстон» пансионати бир вақтлар Ўзбекистоннинг «Ташселмаш» заводига қарашли бўлган. Ўтган асрнинг 1970 йилларида қурилиши бошланиб, бир муддат мавсумий фаолият кўрсатган. Ўша вақтда 6 та коттеж, ошхона, 2 та 3 қаватли бино ва йўлнинг қарама-қарши томонида хўжалик бинолари бўлган. 1984-1986 йилларда 7 қаватли бино қурилиши бошланиб, якунига етмай қолган. Йиллар ўтиши билан мазкур объектда аҳвол ёмонлашиб, барча бинолар тиклашга яроқсиз ҳолга келиб қолган. Узоқ йиллар умуман фаолият юритмаган.
Ҳудуд ҳақида маълумот: Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридан 278 км. жануби- шарқда, денгиз сатҳидан 1610 метр баландликда жойлашган ҳудуд мўътадил иқлимга эга бўлиб, ёз ойларида максимум 32, ўртача 23 даража иссиқ, қиш ойларида эса максимум -10, ўртача -5,5 даража атрофида совуқ, намлик йил давомида ўртача 50 фоиз атрофида бўлади.
Иссиқкўл курорт-рекреацион зонасида дам олиш уйлари, меҳмонхоналар, кўнгилочар жойлар кўп, лекин санаторийлар кам. Мазкур объект Иссиқкўлнинг жанубий қирғоғида жойлашгани сабабли бу жойда санаторий ташкил этиш айни муддао бўлади.
Бугун: икки мамлакат ўртасидаги бугунги илиқ муносабатлар, икки давлат раҳбарларининг самимий ҳамкорлиги барча соҳалар қатори бу жабҳада ҳам ўз натижаларини намоён этмоқда.
Айни вақтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ушбу ҳудудда даволаш ва дам олиш комплекси ташкил қилиш ишлари кетмоқда. Лойиҳа бўйича комплекс икки қисм (мавсумий дам олиш маскани ва йил давомида узлуксиз фаолият кўрсатадиган санаторий)дан иборат бўлади.
Ҳозир мавсумий ишлайдиган қисмида – «Bo‘ston Resort» дам олиш масканида қурилиш-монтаж ишлари якунланган. Бу ерда 2 та 3 қаватли бино тўлиқ реконструкция қилиниб, 200 ўринли ётоқ ва маъмурият биноси, 250 ўринли ресторан, катта очиқ чўмилиш ҳавзаси, очиқ волейбол ва футбол, болалар майдончалари, ташқи тренажёр майдонлари, объектдан 500 метр узоқликда ташқи оқова сувни тозалаш иншооти қурилган. 500 метрга тенг пляж ташкил қилинган. Кўлга чиқиш учун 54 метрли пристань ўрнатилиб, сув саёҳати учун кемалар сотиб олинган.
Йил давомида хизмат кўрсатадиган асосий қисми – санаторийда эса 7 қаватли 200 ўринга мўлжалланган эски бино реконструкция қилиниб, маъмурият, қабулхона, ёпиқ сузиш ҳавзаси, даволаш биноси, 200 ўринли ресторан, бар ҳамда кафе, очиқ сузиш ҳавзаси бунёд этилади. Шунингдек, сиҳатгоҳ учун қоровулхона ҳамда автомобиллар тураржойи, кўл бўйида кемалар ва катамаран учун тураргоҳ ва пляж ташкил қилинади.
Резиденция қисмида эса 3 қаватли бино, очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаси, хизматчилар уйлари, автомобиль ва вертолётлар тураржойлари, денгиз бўйида очиқ айвонли причал ва пляж бунёд этилади.
Ушбу дам олиш ва даволаш мажмуаси умумий 400 ўриндан иборат бўлиб, илиқ ва иссиқ кунларда 400, қиш фаслида эса 200, йил давомида қарийб 5 минг нафарга яқин кишини қабул қилиш имконига эга бўлади.
Лойиҳага кўра, янги сиҳатгоҳ гастроэнторология, кардиология, неврология, эндокринология, урология, таянч ҳаракат, нафас йўллари каби хасталикларни даволашга ихтисослаштирилади.
Умуман олганда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бунёд этилаётган ҳамда хизмат кўрсатиладиган «Bo‘ston Resort» дам олиш ва даволаш мажмуаси ўзбек-қирғиз дўстлиги мустаҳкамланаётганининг яна бир ёрқин намунаси бўлиб, халқларимиз бирдамлиги, мамлакатларимиз тараққиётига хизмат қилажак.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»
Қирғиз Республикаси,
Иссиқкўл вилояти, Тон тумани




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0