Бекатлар бузилиб, энди “ақлли”си қуриладими? Тадбиркорлар тақдири-чи?
Ҳозиргина Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати пойтахтда “ақлли бекатлар” қурилиши бошланишини маълум қилди. Аммо бу хабар ортида жуда жиддий ва очиқ қолган масалалар бор.
Яқинда пойтахтдаги қатор бекатларнинг ноқонуний бузилиши жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлганди. Тадбиркорлар ва аҳоли бекатларнинг бузилганидан норози бўлганди.
Бугун эса кўплаб тадбиркорлар шаҳар ҳокимлиги сиёсатига нисбатан очиқ норозилик билдирмоқда. Айниқса, бекатлар билан боғлиқ қарорлар, тадбиркор манфаатларининг ҳисобга олинмагани ва шаффофликнинг етишмаслиги жиддий танқид қилинмоқда.
Шу ўринда бир қатор долзарб саволлар туғилади:
– Аввалги бекатлар нега ва қандай асосда бузилди?
– Бу қарор учун ким жавобгар?
– Тадбиркорларга етказилган зарар қоплаб бериладими?
– Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қандай ҳимоя қилинади?
– Янги бекатлар қурилишида тендер ва танлов жараёнлари қай даражада очиқ бўлади?
– Бу лойиҳада қайси компаниялар иштирок этади?
– Маблағ манбалари қандай: бюджетми ёки хусусий шерикликми?
– Жамоатчилик фикри инобатга олинганми?
Ана шу саволларга аниқ жавоб берилмас экан, ҳар қандай янги ташаббус ишонч уйғотмайди.
Ҳокимлик берган маълумотга кўра, “ақлли бекатлар” замонавий инфратузилма асосида барпо этилади.
Ҳар бир бекат марказлашган кузатув тизимига уланган 2 та видеокамера билан жиҳозланади.
Фавқулодда ҳолатлар учун “SOS” тугмаси ўрнатилади.
Имконияти чекланган фуқаролар учун махсус кутиш жойлари ташкил этилади
Шунингдек, бекатларда автобуслар ҳаракат жадвалини кўрсатувчи электрон мониторлар, тезкор харидлар учун вендинг қурилмалари ҳам жойлаштирилиши режалаштирилмоқда.
Албатта, бундай янгиликлар жамоат транспортини янада қулай ва хавфсиз қилишга хизмат қилади. Аммо энг муҳими — қарорлар шаффоф, адолатли ва жамоатчилик манфаатларига мос бўлиши шарт.
Жамоатчилик эса нафақат янгиликларни, балки адолатли муносабатни ҳам кутмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0