Бахтнинг миллати борми?

Корея фуқаросига турмушга чиққан ёшгина, машҳур ўзбек блогер қизнинг яқинда ўз аудиториясига биринчи турмуши ҳақида сўзлаб берган видеосини кўриб қолдим.
“Корейсгаям эрга тегадими, ўзимизда йигитлар йўқмиди?” деб мени айблашдан олдин эшитинг: мен ҳам ҳамма қизлардек бахтли бўламан деб турмушга чиққандим. Афсус, янги келинлигимданоқ турмуш ўртоғимнинг бошқа шаръий оиласи борлигини, уни менга мажбуран уйлантиришганини билдим. Лекин отамнинг “уруғимизда ажрашган йўқ” деган таъналари остида, ҳатто эримнинг калтакларига ҳам чидаб яшайвердим. Охири хўрликлар дард орттиришимга сабаб бўлди ва барибир ажрашдик...
Кейин ўқиб, олий маълумотли бўлдим. Вақт ўтиб мана шу чет эллик йигит билан танишдим, биз турмуш қурдик, фарзандли ҳам бўлдик. Мен ҳозир жуда бахтлиман. Муҳими, у мени қадрлайди”, дея гапини тамомлади у.
Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи Раъно исмли қиз ҳам бундан 10 йилча аввал ўзбек йигити билан турмуш қуриб, кўп ўтмай ажрашгани, кейин эса юқоридаги блогер каби бошқа миллат вакилига турмушга чиқиб кетганини биламан. Бу оиланинг ҳозир уч нафар фарзанди бор, улар маълум вақтда Ўзбекистонга келиб, қариндошларини зиёрат қилишади. Раънонинг айтишича, у айни пайтда бахтли ва турмушидан мамнун.
Шу туманда яшовчи, ёши 40 дан ошган Мақсудахон исмли аёл Туркия фуқаросига турмушга чиқиш қарорининг сабабини шундай изоҳлади:
– Турмуш ўртоғим ичкиликка берилган, мен билан кўп жанжаллашарди. Оиламиз нотинч оилалар қаторига киритилган, ҳатто ажрим ёқасигача келганмиз. Наилож, асосий ишимдан ташқари қўшимча ишлар қилиб, икки қизимни аранг узатдим. Биласиз, қиз боланинг ташвиши тугамайди. Шунинг учун пул топиш илинжида Туркияга ишлашга кетдим. Бир куни хотини оламдан ўтган турк киши билан танишиб қолдим. Унинг муносабатларда аёл кишини қадрлаши мени йиллар давомида қандай ситамларга чидашга мажбур бўлганимни сув юзига қалқитиб чиқаргандек бўлди... Сизга буни эшитиш балки эриш туюлар, аммо у ёшимда меҳр ва қўлловга муҳтож аёл эканимни ҳис қилдим. Энди эрим билан қонуний ажрашиб, ўша турк киши билан турмуш қурмоқчиман.
Очиғи, бу аёлнинг қарорини эшитиб, бироз ўйланиб қолдим. Бир томонда йиллар давомидаги оилавий ҳаёт, иккинчи томонда эса шу ёшда ўзини қадрлаган янги инсон билан янги ҳаёт бошлаш истаги...
Умуман, ҳозир турли миллат вакиллари ўртасидаги никоҳлар ҳақидаги шахсий ҳикоялар ижтимоий тармоқларда ҳам, жамоатчилик орасида ҳам кўп муҳокама қилинади. Хўш, нима учун айрим хотин-қизлар ўз юртида топа олмаган меҳр, ҳурмат ва қадрни чет эллик турмуш ўртоғидан топганини айтади? Бу ҳолатни аёлнинг шахсий танлови ёки чет эллик эркакларнинг муносабати билан изоҳлаш керакми ёхуд бунинг ортида ўзимиздаги оилавий тарбия, эркак ва аёл муносабатлари, иқтисодий шароит каби омиллар ҳам борми?
Ҳар бир никоҳ аввало, икки инсоннинг муносабати, қатъий қарори асосида қурилади. Шундай экан, ундаги муаммони ҳам фақат бир томондан излаш тўғри бўлмайди. Турмуш қанча йил давом этишидан қатъи назар, унинг мустаҳкамлиги бир-бирига меҳрли бўлиш, ўзаро тушуниш, масъулиятни ҳис қилиш, ҳурмат каби омилларга боғлиқ.
Тўғри, ўз жуфти билан узоқ йиллардан буён аҳилликда яшаб келаётган аёллар ҳам кўп. Пискентлик Рисолат Абдуллаеванинг ҳаёти бунга яққол мисол. У турмуш ўртоғи билан 15 йилдан буён ҳаётнинг турли синовларини бирга енгиб келяпти. Аёлнинг айтишича, оиласидаги сокин муҳитнинг асосида аввало бири-бирини тушуниш ва эъзозлаш ётади.
– Турмуш ўртоғим мени ҳатто яқинларимдан ҳам кўпроқ тушунади, – дейди аёл. – У учун менинг ҳар бир фикрим аҳамиятли эканини доим ҳис қиламан. Айниқса, оиламизда оғир жудолик бўлган пайтда, жарроҳликдан сўнг узоқ муддат тўшакка михланиб қолганимда менга ғамхўрлик қилган инсон айнан шу эрим бўлди. Агар ўтган умримни яна бир бор яшаш имкони берилса, мен яна шу умр йўлдошимни танлаган бўлардим...
Гувоҳи бўлганингиздек, юқоридаги тўрт аёлнинг ҳаёт йўли, танлови ва оилавий тажрибаси турлича. Аммо уларнинг гапларида бир жиҳат муштарак: муносабатда ўзини қадрлангандай ҳис қилиш улар учун жуда муҳим.
Биз ушбу мавзу юзасидан психологдан ҳам фикр сўрадик. Исми сир сақланишини истаган психологнинг фикрича, бундай ҳолатга бир хил баҳо бериб бўлмайди. Чунки ҳар бир инсоннинг муносабатларга бўлган қараши унинг болалигидан бошидан кечирган воқеалари, оилавий муҳити, ҳаётий тажрибаси ва шахсий эҳтиёжлари таъсирида шаклланади. Юқоридаги ҳолатларга келсак, буни фақат эркакнинг қайси миллатга мансублиги билан изоҳлаш қийин. Шунинг учун ҳам, инсон – хоҳ аёл, хоҳ эркак, ўз ҳаётида етишмаган меҳр ва эътиборни янги муносабатдан топгандек ҳис қилиши, бу эса янги инсонни идеаллаштиришига олиб келиши мумкин.
Бироқ миллатлараро никоҳда масала фақат эр-хотиннинг ўзаро муносабати билан чекланмайди. Вақт ўтиши, фарзандлар дунёга келиши билан тил, маданият ва миллий қадриятлар масаласи ҳам кун тартибига чиқади. Қарийб 20 йилдан буён АҚШ фуқароси билан бир оилада яшаётган, асли Тошкент вилоятилик Умида Турсунованинг ҳаёти бунга мисол. Ҳаёти ватанидан олисда кечаётган Умиданинг бизга айтган фикрлари шундай бўлди:
– Ҳаётимдан нолимайман, ёнимда мени тушунадиган турмуш ўртоғим ва икки ажойиб фарзандим бор. Лекин улар учун болалигидан инглиз тили биринчи тил бўлди. Мен уларга ўзбек миллатига мансуб она сифатида ўзбек тили ва миллий қадриятларни бошиданоқ сингдиришга ҳаракат қилдим. Ҳозир улар иккала тилда ҳам бемалол гаплашишади. Афсуски, Ватанга истаган пайтимизда боролмаймиз, вақт ва олис масофа бунга йўл бермайди. Лекин улар келгусида Она Ватаним билан фахрланишларини, қариндош-уруғлар билан тез-тез алоқа ўрнатиб туришларини истаб яшаяпман. Токи мен кун келиб бу дунёдан ўтиб кетсам, фарзандларим Она юртимдан узилиб кетишмасин...
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, юқоридаги 4-5 аёлнинг шахсий танлови, ҳаёт йўли ва оилавий тажрибаси турлича. Кимдир ўз миллати вакили билан йиллар давомида бахтли, кимдир ажрашганидан сўнг бошқа миллат вакили билан янги ҳаёт бошлаган. Яна кимдир эса, турли маданиятлар уйғунлигида фарзандларини тарбиялаб, уларга ҳам она тилини, ҳам миллий қадриятларни сингдиришга ҳаракат қилиб яшамоқда.
Бу ҳикояларни бирлаштириб турган жиҳат – ўзаро тушуниш ва тушунилиш, ҳурмат, эътибор ва меҳрдир. Оиладаги бахтни эр-хотиннинг қайси миллатга мансублиги билан ўлчаб бўлмайди. Шу маънода “Бахтнинг миллати борми?” деган саволга энг тўғри жавоб ҳам шу: бахтнинг миллати бўлмайди, лекин уни асрайдиган муносабатлар бор.
Холида Эгамбердиева,
ishonch.uz
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият




