Доимо онлайн оналар улар тарбия каналларини ҳам кузатяптими?

Болага нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш мумкин эмас. Буни қонун ҳам, замонавий психология ҳам қатъий таъкидлайди. Аммо фарзанд тарбиясида баъзан қаттиққўллик ҳам керак. Албатта, бу унга жисмоний тазйиқ ўтказиш дегани эмас. Аксинча, урмасдан, гапириб тушунтириш, ҳаётий мисоллар билан тўғри хулоса чиқаришига шароит яратишдир.
Бироқ бугунги ота-оналар шундай йўл тутиш учун зарур билим ва тушунчага эгами? Бугун ижтимоий тармоқлар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Келинг, улардан қандай фойдаланаётганимизга бир эътибор берайлик. Масалан, кийим-кечак, косметика, турли маҳсулотлар савдоси ва бошқа маиший мавзуларга бағишланган каналларга кирсангиз, у ердаги миллионлаб фаол обуначиларнинг асосий қисми хотин-қизлар. Инстаграмда бирор санъаткорнинг фарзандининг тўйи ёки туғилган куни видеоси остидаги изоҳларни ўқисангиз, уларнинг кўплигидан гўёки «Аёллар инстаграмда яшаяптими?» деган хаёлга ҳам борасиз.
Тўғри, ҳар кимнинг ўз ҳаёти, ўз танлови бор. Аммо бошни смартфондан кўтариб, бир ўзимизга саволлар бериб кўрайлик: фарзанд тарбиясини ўргатадиган китобларга, телеграм каналларга қанча вақт ажратяпмиз? Болала римиз психологияси б и л а н қизиқяпмизми?
Ким билан дўст бўлаётгани, қайси фан қизиқарли, қайсиси унинг учун зерикарли бўлаётганини сўраяпмизми? Боланинг телефонга боғланиб қолгани сабаби нимада экани, ўсмирлик оламини тушуниш учун изланяпмизми?
Ваҳоланки, бугун давр ўзгача: XXI аср – ахборот ва ахборот технологиялари асри. Болалар виртуал олам билан улғаймоқда, катталар оламига кириб келмоқда. Руҳиятида ўзига хос ўзгаришлар бўлиши табиий.
Яқинда болалар психологи Ҳабиба Ҳамдамнинг телеграм гуруҳидаги бир пост тагида «Ҳар сафар боламни урмайман десам-да, яна уриб қўявераман. Болам жуда асабий, айтганимни қилмайди, қўлидан телефонини олиб қўйсам, бақириб йиғлайди» каби изоҳларнинг кўплигини кўриб, бу кўпчилик оилаларни қамраб олаётган жиддий муаммо эканини тушундим. Аксига олиб, оналарга фойдали билим улашувчи бундай каналларда обуначилар жуда кам.
Тан олайлик, касб ўрганяпмиз, турли курсларга боряпмиз. Дўконма-дўкон кийим ахтаряпмиз. Аммо ҳаётимиздаги энг катта масъулиятли вазифа – инсонни тарбиялаш учун етарлича билим изламаяпмиз. Боланинг ҳархашаси ортида унинг айтолмаётган гаплари йиғилиб қолганини англайдиган қалбимиз ўткинчи ҳою ҳаваслар билан банд.
– Ёшларнинг қизиқишини илм йўлидаги кўприкка айлантириш керак. Масалан, бола компьютер ўйинларига қизиқса, уни шу орқали математика, инглиз тили, дастурлаш ёки технологияга қизиқтириш мумкин, – дейди психолог Дилбар Ҳусанова. – Техникага қизиқадиган болага конструктор, робототехника, тажрибалар таклиф қилиш мумкин. Яъни, «Телефонни ташла» деб эмас, «Сенга ёқадиган нарса орқали нимани ўрганишимиз мумкин?» деб ёндашиш зарур. Яна бир муҳим жиҳат бор. Ота-она боладан телефонни қўйишни талаб қилар экан, аввало, намуна бўлиши керак. Агар уйда катталарнинг ўзи кечаю кундуз телефонга қараб ўтирса, боладан китоб ўқишни талаб қилиш қийин. Боланинг китобга меҳрини уйғотиш учун биринчи бўлиб ўзимиз уни қўлимизга олишимиз керак.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар қандай она, аввало, ҳаётидаги энг муҳим мақсадини аниқлаб олиши керак. Уларга ўткинчи ҳою ҳавас керакми ёки фарзандининг камоли, руҳий соғломлиги?! Агар иккинчиси бўлса, вақтларини кўпроқ инстаграм ва телеграмдаги кийим-кечак, косметика каналларига эмас, фарзанд тарбиясини ўргатувчи мутахассисларнинг китобларини ўқиш ва телеграм каналларини кузатишга интилишлари керак. Зеро, фарзанд билан боғлиқ ҳар қандай муаммонинг калити илмдан бошланади.
Зебо НАМОЗОВА «ISHONCH»
"Ishonch" газетасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 116- сонидан олинди.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият




