Тошкент марказидаги аҳоли сайлгоҳи “парковка” учун аукционга чиқарилди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтнинг қоқ марказида, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг орқа томонида жойлашган 1,3 гектар ер майдонини автотураргоҳ ташкил этиш учун аукционга чиқармоқда.
Тегишли қарор Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков томонидан қабул қилинган.
Ҳужжатга кўра, ер участкаси давлат-хусусий шериклик асосида 10 йил муддатга берилади. Унинг электрон аукциондаги бошланғич нархи 514 миллион сўм этиб белгиланган. Хусусий шерик эса лойиҳага 10 миллиард сўм инвестиция киритиши лозим.Техник шартларда автотураргоҳдан ташқари «хиёбон ташкил қилиш» ҳам назарда тутилган.
Пойтахт аҳолиси яхши билади: бу оддий бўш турган ер майдони эмас. Азалдан одамлар сайр қиладиган, дам оладиган, турли оммавий тадбирлар ўтказиладиган жамоат ҳудуди ҳисобланади. Турли мавсумларда бу ерда шаҳар аҳолиси иштирокида маданий-оммавий тадбирлар ташкил этиб келинади. Хусусан, Янги йил арчаси ва «Гуллар фестивали» каби йирик тадбирлар айнан шу хиёбонда ўтказилади.
Шундай экан, техник шартга «хиёбон ташкил қилиш» деган банд киритилиши табиий савол туғдиради. Ўзи азалдан хиёбон бўлган ҳудудда яна хиёбон ташкил қилишдан мақсад нима? Агар автотураргоҳ қурилиши натижасида мавжуд яшил ва жамоат ҳудуди қисқарса, унинг ўрнига бир нечта дарахт экиб, «хиёбон ташкил қилинди», деб ҳисоблаш жамоатчиликни ишонтириш учун етарлими?
Биламиз, пойтахт марказида автомобиль қўйиш муаммоси бор. Буни ҳеч ким инкор қилмайди. Аммо бу муаммонинг ечими сифатида аҳоли дам оладиган, сайр қиладиган ва оммавий тадбирлар ўтказиладиган яшил майдонни автотураргоҳга айлантириш танланиши шартми?
Айниқса, ушбу ҳудуд атрофида аллақачон пуллик автотураргоҳлар мавжуд бўлса.
Агар мавжуд парковкалар автомобиль оқимини қабул қилишга етарли бўлмаётган бўлса, яна бир майдонни автотураргоҳга айлантириш муаммонинг асл сабабини бартараф этадими? Ёки бу фақат автомобиль учун жойни кўпайтириб, шаҳар марказидаги яшил ва жамоат ҳудудларини янада қисқартириш билан чекланадими?
Тошкентда янги бинолар, янги бизнес марказлари, янги турар жойлар ва янги автомобиллар кўпаймоқда. Аммо одамлар сайр қилиши, дам олиши, фарзандларини олиб чиқиши мумкин бўлган очиқ ва яшил жамоат маконлари тобора чекланмоқда.
Шундай вазиятда мавжуд жамоат ҳудудларидан бирини яна автомобиль эҳтиёжларига мослаштириш қандай шаҳарсозлик сиёсатига мос келади?
Аукционнинг бошланғич нархи 514 миллион сўм. Пойтахт марказидаги 1,3 гектар майдонни 10 йилга хусусий шерикка беришдан шаҳар аҳолиси қандай манфаат кўради?
Ҳокимлик, аввало, ушбу ҳудудни танлаш сабабларини жамоатчиликка очиқ ва асосли тушунтириши керак. Нега айнан одамлар сайр қиладиган, дам оладиган ва оммавий тадбирлар ўтказиладиган ушбу майдон автотураргоҳ учун танланди?
Энг муҳими, 1,3 гектар ҳудудни автотураргоҳга айлантиришдан олдин жамоатчиликнинг фикри ўрганилдими? Агар ўрганилган бўлса, унинг натижалари қани?
Пойтахт марказидаги ҳар бир қарич ердан фақат иқтисодий фойда кўзлаш эмас, балки шаҳар аҳолиси учун қулайликни ҳам инобатга олиш лозим. Шу боис бундай ҳудуд тақдири бўйича қарор қабул қилинаётганда жамоатчилик манфаати биринчи ўринда туриши керак.
Ҳокимликдан ушбу масала юзасидан тез орада аниқ ва асосланган тушунтириш берилишини кутиб қоламиз.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият




