Уй-жой савдоси 18,4 фоизга ошди

17:24 | 22.09.2026
73
Уй-жой савдоси 18,4 фоизга ошди
Катталаштириш

Ўзбекистонда уй-жой бозорида фаоллик юқори даражада сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг январь–август ойларида республика бўйича 222,5 мингта уй-жой олди-сотди битими расмийлаштирилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,4 фоиз кўп.

Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлилида маълумот берилган.

Август ойининг ўзида эса республика бўйича қарийб 25,1 мингта уй-жой олди-сотди битими қайд этилди. Бу 2025 йил август ойидаги кўрсаткичга нисбатан деярли ўзгармаган — ўсиш 0,2 фоизни ташкил этган.

Йил бошида уй-жой савдосида кескин ўсиш кузатилган. Хусусан, март ойида битимлар сони 43,5 мингтага етган. Апрель–май ойларида фаоллик бироз пасайган бўлса, июнь–июль ойларида ойига 25–26 мингта битим даражасида тикланган. Августда ҳам ушбу кўрсаткич сақланиб қолган.

Тошкентда ўсиш юқори

Август ойида уй-жой олди-сотди битимлари 14 та ҳудуднинг 6 тасида ошган.

Пойтахтда август ойида 7,4 мингта уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган. Бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 2,2 фоиз кўп.

Январь–август ойларида Тошкент шаҳрида уй-жой савдоси ҳажми 27,5 фоизга ошган.

Шунингдек, йил бошидан буён уй-жой савдосида юқори ўсиш суръатлари Сирдарё вилоятида — 25,4 фоиз, Андижон вилоятида — 23,8 фоизни ташкил этган.
Маълумотларга кўра, уй-жой бозоридаги фаолликнинг сақланиб қолаётгани кўчмас мулкка бўлган талабнинг юқори даражада эканини кўрсатмоқда.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

1 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади