Mercedes Германиядаги иккита заводни ёпиши мумкин
Компания ишчиларидан иш вақтини узайтиришни талаб қилмоқда

Германиянинг Mercedes-Benz компанияси мамлакатдаги ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш бўйича келишувга эришилмаса, иккита ишлаб чиқариш майдонини ёпиши мумкин. Гап автомобиль йиғиш заводи ҳамда двигатель ва бошқа куч узатиш тизимлари ишлаб чиқариладиган корхона ҳақида кетмоқда.
Компаниянинг ишлаб чиқариш бўйича бошқарув кенгаши аъзоси Михаэль Шибе бу ҳақда 21 сентябрь куни Зиндельфингенда ходимлар билан учрашувда маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Mercedes Германиядаги барча ишлаб чиқариш майдонларини сақлаб қолишни истайди. Бироқ бунинг учун мамлакатдаги ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли даражада камайтириш бўйича келишув зарур.
Акс ҳолда, компания ишлаб чиқариш қувватларини яна қисқартиришга мажбур бўлиши мумкин.
Mercedes раҳбарияти харажатларни камайтиришнинг асосий чораларидан бири сифатида Германиядаги ишчиларнинг ҳафталик иш вақтини 35 соатдан 38 соатга оширишни таклиф қилмоқда.Эътиборлиси, қўшимча уч соатлик меҳнат учун алоҳида ҳақ тўлаш назарда тутилмаган.
Компаниянинг фикрича, иш вақтини ошириш бир соатлик меҳнат харажатини пасайтириш ва Германиядаги ишлаб чиқаришни халқаро рақобат шароитида сақлаб қолиш имконини беради.
Бироқ касаба уюшмалари бундай ёндашувга қарши. Германия металлургия ва машинасозлик соҳасидаги энг йирик касаба уюшмаларидан бири бўлган IG Metall иш вақти узайтирилиши ва ходимларга бериладиган айрим имтиёзларни қисқартириш таклифларини танқид қилмоқда.Компания харажатларни қисқартириш доирасида Германиядаги қарийб 90 минг нафар ходимга берилиши керак бўлган махсус тўловни ҳам кечиктирган.Mercedes Германияда жами 108 мингга яқин ходимга эга.Компания раҳбарияти мамлакатдаги меҳнат харажатлари халқаро рақобатчиларга нисбатан юқори эканини таъкидламоқда.
Mercedes дуч келаётган асосий муаммолардан яна бири Германиядаги ишлаб чиқариш қувватларининг мавжуд талабдан юқори эканидир.Компания Германияда йилига тахминан 900 мингта автомобиль ишлаб чиқариш имкониятига эга. Зиндельфинген, Растатт ва Бремен заводларининг ҳар бири тахминан 300 мингтадан автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга.
Компания сўнгги даврда Германиядаги ишлаб чиқариш қувватларини аллақачон қисқартирган. Бироқ Mercedes раҳбарияти мавжуд қувват ҳали ҳам реал эҳтиёждан сезиларли даражада юқори эканини билдирмоқда.
Компаниянинг жаҳон бўйича умумий ишлаб чиқариш қуввати ҳозир тахминан 2,4 миллион автомобилни ташкил этади. Mercedes уни 2028–2029 йилларга бориб 2–2,2 миллион донагача туширишни режалаштирмоқда.
Ишлаб чиқариш арзонроқ давлатларга кўчирилмоқда
Mercedes харажатларни камайтириш мақсадида ишлаб чиқаришни Европа ичида арзонроқ меҳнат ресурсларига эга мамлакатларга ҳам йўналтирмоқда.
Жумладан, Венгриянинг Кечкемет шаҳридаги заводнинг ишлаб чиқариш қуввати 400 мингта автомобилгача оширилган. Бу мақсадда корхонага қарийб 1 миллиард евро инвестиция киритилган.Маълумотларга кўра, Кечкеметдаги меҳнат харажатлари Германияга нисбатан анча паст. Шу боис Венгрия заводи Mercedes’нинг Европа ишлаб чиқариш тармоғида тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Бироқ компания Германиядаги заводлардан бутунлай воз кечиш режаси борлигини билдирмаган.
Масалан, 17 сентябрь куни Растатт заводида янги GLA моделини серияли ишлаб чиқариш бошлангани маълум қилинди. Корхонада қарийб 7 минг нафар ходим меҳнат қилади.
Хитой бозоридаги пасайиш ҳам таъсир кўрсатмоқда
Mercedes’нинг харажатларни қисқартириш сиёсати автомобиль бозоридаги умумий мураккаб вазият фонида амалга оширилмоқда.
Компаниянинг 2026 йил иккинчи чораги натижаларига кўра, Mercedes-Benz Cars бўлинмасининг мослаштирилган операцион фойдаси 909 миллион еврони ташкил этган. Бу 2025 йилнинг шу давридаги 1,228 миллиард евродан анча кам.
Компания бунга Хитой бозоридаги босим, маҳсулотлар таркибидаги ўзгаришлар ҳамда янги моделларни бозорга чиқариш билан боғлиқ харажатлар таъсир қилганини билдирган.
Reuters маълумотига кўра, Mercedes’нинг Хитойдаги автомобиль савдоси 2026 йилнинг иккинчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга камайган.
Шу билан бирга, компаниянинг умумий автомобиль етказиб бериш ҳажми ҳам қисқарган.
Ишчилар норози
Mercedes ишчиларининг асосий манфаатларини ҳимоя қилувчи IG Metall касаба уюшмаси компаниянинг харажатларни қисқартириш режаларига қарши чиқмоқда.
3 июль куни Германиядаги Mercedes заводларида 33 мингдан ортиқ ходим норозилик акцияларида иштирок этган. Улар иш вақтини иш ҳақини оширмаган ҳолда узайтириш ҳамда меҳнат шартномаларида белгиланган айрим имтиёзларни қисқартириш режаларига эътироз билдирган.
21 сентябрь куни Зиндельфингенда ҳам Mercedes ходимлари иштирокида норозилик акцияси ўтказилди.
Шундай қилиб, Европа автомобиль саноатининг йирик ва тарихий компанияларидан бири олдида жиддий танлов турибди: Германиядаги ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ёки ортиқча ишлаб чиқариш қувватларидан воз кечиш.
Ҳозирча Mercedes қайси икки завод ёпилиши мумкинлигини аниқ айтмаган. Компаниянинг расмий позициясига кўра, мақсад Германиядаги ишлаб чиқариш майдонларини имкон қадар сақлаб қолиш. Аммо бунинг учун ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли даражада пасайтириш бўйича ходимлар ва уларнинг вакиллари билан келишувга эришиш талаб этилмоқда.
Феруза РАҲИМОВА,
Ишонч.уз
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият





